Бугунги шиддат билан ўзгараётган, глобал геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар янгича ёндашувларни талаб этаётган мураккаб даврда давлатлараро муносабатларда ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг 8-9 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи нафақат икки томонлама муносабатлар хроникасида, балки умумий халқаро ҳамкорлик тизимида янги бир тарихий бурилиш палласи бўлди дейиш мумкин.
Сабаби, ушбу ташриф шунчаки навбатдаги дипломатик учрашув эмас, балки охирги йилларда икки мамлакат ҳаётида тўпланган улкан иқтисодий ва сиёсий салоҳиятни стратегик мақсадлар сари йўналтирувчи кучдир. Хусусан, икки давлат етакчиларининг тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокараларида асосий эътибор вақт синовидан ўтган дўстликни янги лойиҳалар билан мустаҳкамлашга қаратилди.
Маълумки, амалий дипломатиянинг энг олий натижаси, шубҳасиз, иқтисодий кўрсаткичларда акс этади. Олиб борилган изчил ислоҳотлар ва икки томонлама интилишлар натижасида ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бормоқда. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида эса унинг ҳажми яна 30 фоизга ошгани иқтисодий алоқаларнинг жонланганидан далолат беради. Бугунги кунда 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритиб, ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтирмоқда.
Эришилган марралар билан чекланиб қолмаган ҳолда, давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини икки миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатларни келишиб олдилар. Бу борада қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат кенг қамровли комплекс чора-тадбирлар режасининг қабул қилиниши юксак баҳоланди.
Икки кунлик музокаралар якунида етакчилар Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Ушбу тарихий ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиб, томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий иродасини ифодалайди. Шунингдек, икки халқ фаровонлиги йўлида 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, вазирликлар ўртасидаги маслаҳатлашувлар дастури, фуқароларнинг ўзаро қатновлари ҳамда ташкилий асосда меҳнат фаолиятига жалб этиш тўғрисидаги муҳим битимлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ўрмон хўжалиги, маданият, фавқулодда вазиятлар, туризм оқимини кўпайтириш ва агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича уч йиллик “йўл хариталари” қабул қилинди. Иқтисодиёт ва молия, ижтимоий ҳимоя, енгил саноат соҳаларида ўзаро англашув меморандумлари имзоланиб, соҳавий вазирликларнинг тўғридан-тўғри ишлаши учун ҳуқуқий асос яратилди.
Умуман олганда, Минск саммити ва унда эришилган натижалар шунчаки навбатдаги муваффақиятли ташриф эмас, балки миллий манфаатларимизга тўлиқ жавоб берадиган, узоқ муддатли тараққиёт кафолати бўлган прагматик ташқи сиёсий стратегиянинг амалий ғалабасидир. Икки давлат етакчилари томонидан имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация ва кенг қамровли келишувлар пакети эса, Тошкент ва Минск ўртасидаги алоқаларни расмий доиралардан чиқариб, реал иқтисодий интеграция, миллионлаб фуқаролар фаровонлиги ва саноат кооперациясининг янги драйверига айлантиришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Гулнорахон Абдувоҳидова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
