Давлатимиз раҳбари раислигида Хоразм вилоятида ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда иштирок этар эканман, мазкур анжуман мамлакатимизда давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилганини яна бир бор яққол намоён этганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Беш йил муқаддам йўлга қўйилган ушбу мулоқот шакли бугун тадбиркорнинг овозини эшитиш, уни қийнаётган тизимли муаммоларга бевосита ечим топиш, таклиф ва ташаббусларни аниқ қарорлар ҳамда амалий механизмларга айлантиришнинг таъсирчан институтига айланди.
Ўтган даврда тадбиркорлик йўлига тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал этиш мақсадида 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилингани, бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб уч карра ошиб, 450 триллион сўмга етгани мазкур сиёсатнинг амалий натижаларини кўрсатади.
Очиқ мулоқотнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда тадбиркорни молиявий ресурслар билан таъминлашдан ташқари, унинг ғоядан барқарор ва рақобатбардош бизнесгача бўлган бутун ривожланиш йўлини қўллаб-қувватлайдиган яхлит тизим таклиф этилди. «Бизнес старт», «Бизнес лифт» ва «Бизнес юксалиш» дастурлари, ягона рақамли кредит портали, гаров муаммосини енгиллаштирувчи «контр-кафолат» механизми ана шу янгича ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Партиямиз тадбиркорлик эркинлиги ва ижтимоий адолатни бир-бирини тўлдирувчи тушунчалар, деб билади. Чунки масъулиятли тадбиркор янги қиймат ва муносиб иш ўринлари яратади, оилалар даромадини оширади, ҳудудлар ривожи ҳамда жамият фаровонлигига хизмат қилади.
Шу маънода, янги дастурларнинг тадбиркорни илк қадамидан бошлаб йирик ва барқарор бизнес даражасига етгунига қадар қўллаб-қувватлашга қаратилгани партиямизнинг тенг имкониятлар яратиш ҳақидаги ғояларига тўла ҳамоҳангдир.
Давлатимиз раҳбари мулоқотда ҳудудлардаги бўш ерлар ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини иш ўринлари, маҳсулот ва экспорт манбаига айлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ерларни қурилиш ҳужжатлари билан «тайёр пакет» шаклида аукционга чиқариш, энергия учун аванс миқдорини тўлов интизомига риоя қилаётган корхоналар учун 15 фоизга тушириш, «Бонд саноат зоналари»ни ташкил этиш ҳудудларда бизнес имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодий тафовутларни қисқартиришга хизмат қилади.
Хоразм вилояти иқтисодиётининг 72 фоизи, экспортининг 81 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келаётгани бундай сиёсатнинг самарасини яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, «10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури, рақамли ечимларни жорий этиш харажатларининг ярмини қоплаш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ҳамда бир миллион нафар ёшни замонавий касбларга ўқитиш вазифаси иқтисодий ўсишни инсон капитали ривожи билан уйғунлаштиради.
«Экспорт навигатори» тизими, миллий брендларни халқаро талабларга мослаштириш, маркетплейслар ва ташқи бозорларга чиқиш харажатларини қоплаш, «экспорт элчилари» институти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозоридаги имкониятларини кенгайтиради. Бу чоралар экспортни нафақат миқдор жиҳатдан ошириш, балки юқори қўшилган қиймат яратадиган ва Ўзбекистон номини дунёга танитадиган миллий брендлар қатламини шакллантиришга хизмат қилади.
Айниқса, бизнесга маъмурий босимни камайтиришга қаратилган ҳуқуқий ташаббуслар принципиал аҳамиятга эга. Кичик бизнес текширувларига уч йиллик мораторий эълон қилиниши, жарималарнинг ўртача икки баробар камайтирилиши, «Биринчи хато учун огоҳлантириш», «сукут — розилик» тамойиллари ва келгуси йилдан «Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси» жорий этилиши — қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий таъсир чораларининг ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Мазкур ёндашувлар Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастурида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини адолат ва мутаносиблик асосида қўллаш ғояси билан бевосита уйғундир. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунга қадар унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмаслиги хусусий мулк ва қонуний манфаатларнинг суд орқали ишончли ҳимоясини кучайтиради.
Айни пайтда, тадбиркорлар эркинлиги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва ҳалол рақобат тамойилларига амал қилиш билан уйғун бўлиши зарур. Чинакам адолатли бизнес муҳити ана шундай мувозанат асосида қарор топади.
Очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан оширишга хизмат қилиши билан бирга, энг аввало, аҳоли учун муносиб ва юқори даромадли иш ўринлари яратишга қаратилган.
Партиямиз ва унинг депутатлик корпуси мазкур ташаббусларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, ижроси устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини таъминлашда фаол иштирок этади. Зеро, тадбиркорнинг ҳуқуқи кафолатланган, меҳнати муносиб қадрланган ва имкониятлар адолатли тақсимланган жамиятдагина барқарор тараққиётга эришилади.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
