1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни нафақат касб байрами, балки жамиятнинг илмга, маърифатга ва келажакка муносабатини намоён этадиган қадрли сана. Халқимиз азалдан устозни улуғлаб, унинг меҳнати ва маънавий ўрнини юксак қадрлаб келгани бежиз эмас. Зеро, ҳар қандай тараққиётнинг бошида инсон капитали, унинг пойдеворида эса ўқитувчининг билими, меҳнати ва шахсий намунаси туради.
Яқин ўтмишни эслайлик: муаллимнинг кузи синфхонада эмас, пахта даласида ўтар, вақти дафтар текширишдан кўра тугамас ҳисоботларга сарфланарди. Сўнгги ўн йилда бу манзара тубдан ўзгарди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчи меҳнати жамият ва давлат тараққиётининг, баркамол авлод тарбиясининг асоси сифатида эътироф этилди, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиш бурчини зиммасига олди. 2024 йилда қабул қилинган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун билан педагогни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги каби касбига алоқасиз юмушларга жалб этиш, ундан вазифасига тааллуқли бўлмаган ҳисобот талаб қилиш тақиқланди.
Ғамхўрлик рақамларда ҳам намоён: ўтган йилларда мамлакатимизда таълим ва илм-фанга йўналтирилган маблағлар олти баробар ошиб, 378 триллион сўмга етган. 2024 йилда айнан 1 октябрдан боғча, мактаб ва техникум педагогларининг иш ҳақи бошқа бюджет ходимларига қараганда кўпроқ – 15 фоизга оширилди, жорий йилнинг 1 сентябридан эса бюджет соҳасидаги маошлар яна 7 фоизга кўпайди. Малака ва натижага боғланган ўндан ортиқ устама туфайли 60 минг нафар муаллимнинг маоши 8–12 миллион сўмга етди. 2026/2027 ўқув йилида эса ижобий натижа кўрсатган 601 та мактабнинг раҳбар ва педагогларига 40 фоизгача устама тўланади.
Энг муҳими, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг устозлар билан мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар бугун ҳаётга кўчди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 февралдаги қарорига кўра камида 15 йиллик стажга эга олий тоифали педагогларнинг ипотека бўйича бошланғич бадалининг 25 фоизини давлат бюджети қопламоқда. Жорий йил 17 сентябрдаги “Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш ва эҳтиёжманд оила фарзандларини замонавий касбларга ўқитиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан эса давлат олийгоҳларининг кундузги бакалавриатида ўқиётган педагоглар фарзандларига контракт суммасидан ҳар йили 30 фоиз чегирма жорий этилди. Президентимиз ташаббуси билан илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танловида 46 мингдан ортиқ педагог иштирок этди. 208 нафар ғолибнинг ҳар бири 616 миллион сўм мукофотга сазовор бўлгани ўқитувчилик нафақат ҳурматли, балки орзу қилинадиган касбга айланаётганидан далолат беради.
Бу натижалар Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси учун алоҳида қадрли. Педагоглар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш партиямизнинг асосий мақсадларидан бири бўлса, «Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!» Cайловолди дастуримизда таълим ва фан соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Биз учун тенг имконият синфхонадан бошланади: пойтахтдаги лицейда ҳам, олис қишлоқ мактабида ҳам фарзандларимизнинг сифатли билим олиши рўзғори бут, жамиятда обрўси баланд ўқитувчига боғлиқ. Фракциямиз «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни қабул қилишда фаол қатнашди. Жорий йилда эса партиямиз таълим ва тиббиёт муассасаларининг ер ва биноларини сотиш, хусусийлаштириш ва бегоналаштиришни қонун билан тақиқлаш ташаббусини илгари сурди. Биз интилаётган мақсадлар Президентимиз раҳнамолигидаги ислоҳотлар туфайли рўёбга чиқаётганини мамнуният билан қайд этамиз.
Бироқ эришилганлар билан кифояланиб бўлмайди. Партиямиз депутатлик корпуси ва бошланғич ташкилотлари орқали педагог мақоми ҳақидаги қонун ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтиради. Ўқитувчини касбига алоқасиз ишларга жалб этишнинг ҳар бир ҳолатига муросасиз муносабатда бўламиз. Ёшларимизнинг сифатли ва профессионал таълим олиши учун устозларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича янги ташаббуслар билан чиқамиз, бундан-да юксак натижалар учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Азиз устозлар, қадрли мураббийлар! Сизларни — боғча тарбиячиларидан тортиб олийгоҳ профессорларигача, умрини шу эзгу касбга бағишлаган фахрий педагогларни — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Игна билан қудуқ қазигандек меҳнатингиз самараси бўлган шогирдларингиз — юртимизнинг энг катта бойлиги. Халқимиз «Олтин олма, дуо ол» дейди: устоз дуосини олган шогирднинг йўли ҳамиша равон бўлади. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, ҳар бир дарсдан завқ ва шогирдларингиз ютуқларидан чексиз қувонч тилаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
