Жамиятимизнинг ҳамиша ҳимояга муҳтож қатлами бўлган фарзандларимизнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда қадр-қиммати аввало мустаҳкам ҳуқуқий кафолатга таянади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаёти учун ғоят аҳамиятли бўлган мазкур муҳим ҳужжат — болаларни зўравонликнинг сиртмоғидан ва барча салбий шаклларидан ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига олиб чиқишда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббускор ҳамда асосий ташкилотчи сифатида майдонга чиқди. «Адолат» СДПнинг «Қонун — адолат ва инсон манфаатлари хизматида» деган бош тамойилига ҳамоҳанг равишда, парламeнтдаги фракциямиз ва ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳужжат устида жуда катта тизимли иш олиб борилмоқда.
Бу ҳужжат — «Адолат» СДП томонидан илгари сурилган, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш ва энг муҳими, фожиа содир бўлишининг олдини олишга қаратилган мукаммал ва яхлит ҳуқуқий механизм сифатида ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилиши, Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга аъзо бўлиши ҳамда 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқлангани бизнинг бу борадаги қатъий позициямизни кўрсатади.
Фракциямиз томонидан илгари сурилган ушбу қонун орқали таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан дарҳол бекор қилиниши учун ҳуқуқий асос яратилмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Зўравонликдан жабр кўрган ёки унга гувоҳ бўлган болаларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, уларга давлат томонидан малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
Болага ғамхўрлик қилмаслик, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмоқда.
Вояга етмаганларга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, гуруҳ бўлиб 16 ёшга тўлмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Шунингдек, болаларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо оғирлаштирилади.
Болалар соғлиғи ва маънавиятига зарар етказувчи ахборотлардан уларни ҳимоя қилиш талабларини бузганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг туб моҳияти — болаларга нисбатан содир этилган ҳеч бир салбий ҳолат эътиборсиз қолмаслигини таъминлашдир. Бунда нафақат зўравонлик содир этган шахслар, балки болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятига совуққонлик билан қараган масъуллар ҳам қонун олдида жавоб беради.
Фарзандларимизнинг ҳаёти, соғлиғи ва шаъни — давлатимиз ва жамиятимизнинг энг олий қадриятидир. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингани эса ушбу йўлдаги энг муҳим босқичдир. «Адолат» СДП фракциясининг асосий позицияси шундан иборатки: болани ҳимоя қилиш масаласи фақат жиноятчини қамаш, жиноят оқибатлари билан курашиш, жазо чораларини кучайтириш билан ечим топмайди. Мақсад — жиноят содир этилишига йўл қўймайдиган мукаммал ва мустаҳкам муҳит яратишдир. Энг муҳими — фожианинг олдини бугун олиш, илдизларини қирқиш ва бола хавфсизлигини ҳар томонлама таъминловчи яхлит ҳимоя қалқонини ишга солишдир.
Биз бу жараёнида халқаро ҳамда миллий тажрибага таянган ечимларни қонунга тўлиқ сингдириш, профилактика механизмларини янада мукаммаллаштириш ҳамда «Болалар хавфсизлиги — умуммиллий масъулият» деган тамойилни тўлиқ қарор топтириш йўлида қатъий ва тинимсиз ҳаракат қиламиз!
Манзура САЛИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
