Инсон учун энг катта бойлик — саломатлик. Соғлом инсон оиласи бахтини кўради, меҳнат қилади, фарзандлар тарбиялайди ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Шу боис аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва ҳар бир фуқаро учун малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яратиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувида илгари сурилган ташаббуслар, белгиланган вазифалар мамлакатимизда инсон саломатлигини асрашга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсон саломатлигини асраш ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, тиббиётни ривожлантириш фақат янги шифохоналар қуриш ёки замонавий ускуналар харид қилиш эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш ва ҳар бир оилага муносиб тиббий хизматни яқинлаштириш демакдир.
Хусусан, халқ саломатлигини таъминлашда бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни беқиёс. Чунки кўплаб касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш, уларнинг оғирлашишининг олдини олиш айнан оилавий шифокорлар ва поликлиникалар фаолиятига боғлиқ.
Шу мақсадда 28 та туманда бирламчи тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган янги тизим синовдан ўтказилди. Ушбу ҳудудларда 7 миллион нафар аҳоли оилавий шифокорларга бириктирилди, янги лабораториялар ишга туширилди, тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди ва беморларни тиббий муассасаларга йўналтириш тартиби такомиллаштирилди.
Мазкур тажрибанинг келгуси йилдан яна 100 та туманда жорий этилиши бирламчи бўғинни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситасининг бепул берилаётгани ҳам аҳоли учун муҳим ижтимоий кафолатдир. Келгуси йилда бепул дори воситалари турини 73 тага, тиббий текширувлар турини 36 тага етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, оилавий шифокор фаолиятида касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ва беморлар билан мунтазам ишлашга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, поликлиника фақат бемор даволанадиган эмас, балки инсон саломатлигини асрашга кўмаклашадиган муассаса бўлиши керак.
Сабаби,касалликларни эрта аниқлаш ҳам тиббиётнинг муҳим вазифасидир. Президентимиз ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари Самарқанддан бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилишини маълум қилди. Бу мақсадлар учун йилига 700 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, юрак-қон томир касалликларига қарши курашиш дастурлари ҳам ўз самарасини бермоқда. Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида инфаркт ҳамда инсультни эрта аниқлаш ва даволаш натижасида беш ойда ушбу касалликлардан эрта ўлим 15 фоизга камайди. Касалликнинг “олтин соати”да 855 нафар инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини асраб қолишга эришилди. Келгуси йилда дастур учун 280 миллиард сўм ажратилиб, барча туман ва шаҳарларни қамраб олиш режалаштирилган. Бу эса тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Замонавий шифохоналар ва илғор технологиялар малакали мутахассисларсиз кутилган натижани бермайди. Шу боис тиббий кадрларни тайёрлаш, уларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш соҳа ислоҳотларининг муҳим йўналишидир.
Бугун мамлакатимиздаги 11 та давлат олий таълим муассасасида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланмоқда. Бироқ назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Шу сабабли келгуси йилдан тиббиёт талабаларининг ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганиши, битирувчиларнинг эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўташи режалаштирилган. 2027 йилдан тор мутахассисликлар бўйича резидентуранинг бепул ташкил этилиши ва талабаларга 3 миллион сўм стипендия тўланиши ҳам ёш кадрларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, бирламчи бўғин ва туманларда ишлайдиган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш харажатларини давлат томонидан тўлиқ қоплаш белгиланган. Бу орқали 130 минг нафар тиббиёт ходимининг ҳар йили 100 миллиард сўм маблағи ўзларида қолиши кўзда тутилган.
Бугун жаҳон тиббиёти сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва биотехнологиялар таъсирида жадал ўзгармоқда. Мамлакатимизда ҳам тиббиётни рақамлаштириш ишлари кенгайтирилиб, келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизимини ишга тушириш режалаштирилган.
Беморларни масофадан кузатиш, нутқ орқали касалликни аниқлаш ва дори воситалари хавфсизлигини назорат қилиш бўйича янги ечимлар шифокорларга ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширишда кўмаклашади.
Албатта, замонавий технологиялар жорий этилар экан, беморларнинг шахсий маълумотлари махфийлиги, ҳуқуқлари ва хавфсизлигига риоя қилиш ҳам муҳимдир. Генетик текширувлар ва биотехнология соҳасидаги тараққиёт эса биоэтика бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш заруратини юзага келтиради. Бу эса, ўз навбатида парламент вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.
Хулоса қилиб айтганда, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади — ҳар бир инсоннинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш ва соғлом авлодни вояга етказишдан иборат. Бунинг учун белгиланган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлаш, замонавий технологиялар ва илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, тиббиёт ходимларининг касбий салоҳияти ва ижтимоий ҳимоясини янада ошириш муҳимдир.
Ушбу ислоҳотлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Жумладан, соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва белгиланган вазифалар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш орқали тиббий хизматлар сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшиш зарур.
Зеро, тиббиётдаги ҳар бир янгиланиш, аввало, инсон ҳаётида ўз ифодасини топиши, ҳар бир фуқаро ўз саломатлиги ва келажаги учун ишончни ҳис қилиши керак. Чунки инсон саломатлиги нафақат шахсий фаровонлик, балки жамият тараққиёти ва мамлакат келажагининг ҳам мустаҳкам пойдеворидир.
Гулнорахон Абдувоҳидова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси
