📕 21 октябрь – ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилган кунни халқимиз катта тантаналар билан нишонлади. Айнан шу куни она тилимиз ва имломизни янги босқичга олиб чиқувчи яна бир тарихий ҳужжат эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунга имзо чекди.
Одатда алифбо ислоҳоти ҳақида гап кетганда, кўпчиликни биринчи навбатда унинг кундалик ҳаётга таъсири қизиқтиради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ижтимоий тармоқлар чексиз-чегарасиз саволлардан “портлади”.
Энди барча ҳужжатларимизни алмаштиришимиз керакми?
Қўлимиздаги пуллар нима бўлади?
Аввал расмийлаштирилган шартномалар ва бошқа ҳужжатлар амал қилаверадими?
Кўчалардаги пешлавҳа ва кўрсаткичлар қачон ўзгаради?..
Бу каби қонун мазмунини билиб-билмай ўртага ташланаётган саволлар одамлар орасида турли хавотирлар уйғотиши табиий. Хўш, аслида янги қонун билан танишмасдан, унинг мазмун-моҳиятини чуқур англамасдан англамасдан туриб шундай саволлар қўйиш мумкинми?
Йўқ, албатта.
Шундай экан, энг аввало, янги қонунни қўлимизга олиб ўқиб, ўрганиб, ундан кейин бирор фикр билдирсак, тўғрироқ, бўлади, назаримда.
Шубҳасиз, янги алифбога ўтиш жараёнида энг муҳим масалалардан бири – фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ортиқча харажатлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олишдир.
Президентимиз томонидан 21 октябрь куни имзоланган янги қонун масаланинг айнан шу жиҳатларига ҳам ойдинлик киритади ва юқорида келтирилган барча саволларга жавоб беради.
Янги қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг таркиби такомиллаштирилиб, аввалги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат шакл белгиланмоқда. Бу – ёзув тизимига киритилаётган ўзгариш. Албатта, алифбо ислоҳоти шунчаки, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмади. Мазкур истилоҳлар ортида заҳматкаш тилшунос олимларимиз, соҳа мутахассисларининг неча йиллик меҳнати, баҳс-мунозаралари ётибди.
Биз бугун мамнуният билан айта оламизки, ахийри 37 йиллик изланишлардан сўнг якдил тўхтамга келинди!
Ўзгаришлар чуқур мулоҳаза, ақл-идрок, масаланинг барча жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда қабул қилинганини алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиз. Дейлик, бугун янги алифбо қабул қилинди, эртага ҳаммаси ўзгаради, аввалги алифбо асосида расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ўз-ўзидан яроқсиз бўлиб қолади, деган гап-сўзларга мутлақо асос йўқ.
Зеро, олти ойдан кейин кучга кирадиган қонунга асосан, янги алифбо жорий этилиши муносабати билан фуқаролар қўлидаги ҳужжатларни оммавий равишда алмаштириши ёки қайта расмийлаштириши шарт эмас. Қонуннинг 2-моддасида бу масала аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Янги алифбо кучга киргунига қадар аввалги ёзув шаклларида расмийлаштирилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади.
Бу нима дегани? Фуқаронинг аввал олган паспорти, дипломи, гувоҳномаси, шартномаси ёки бошқа расмий ҳужжати алифбодаги ўзгариш сабабли ҳақиқийлигини йўқотмайди. Уларнинг юридик кучи сақланади. Албатта, муайян ҳужжатни алмаштириш ёки қайта расмийлаштириш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлса, бу алоҳида тартибда ҳал этилади.
Худди шу каби, миллий валютамиз – сўм ҳамда қимматли қоғозлар аввалги ёзув шаклларида бўлгани учун муомаладан чиқарилмайди. Қонунда уларнинг ўз юридик кучини сақлаб қолиши ва муомалада бўлиши мумкинлиги тўғридан-тўғри қайд этилган. Демак, фуқароларнинг қўлидаги пулларни янги алифбога мослаштириш учун алмаштириш талаби пайдо бўлишидан умуман чўчимаслигимиз керак.
Янги қонунда давлат органлари ва ташкилотларининг рамзлари, бошқа атрибутлари, бинолардаги Давлат гербининг бўртма тасвирлари, шунингдек, географик объектлар номлари ёзилган пешлавҳа ва кўрсаткичлар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Агар уларда аввалги ҳарф шакллари қўлланган бўлса, белгиланган тартибга мувофиқ, эскиргунига қадар ёки қонунни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида кўрсатилган муддатларгача фойдаланиш мумкин.
Бундай ёндашувнинг аҳамияти катта. Тасаввур қилинг, алифбо ўзгариши билан барча ташкилотлар пешлавҳаларни бирданига алмаштириши, амалдаги ҳужжатларни қайта тайёрлаши ёки фуқаролар ўз маблағлари ҳисобидан ортиқча харажат қилиши керак бўлганида, қанчадан-қанча вақт ва ресурс сарфланар эди. Қонунда белгиланган тартиб эса ўзгаришларни босқичма-босқич амалга ошириш, мавжуд воситалардан оқилона фойдаланиш ва ортиқча ташвишларнинг олдини олиш имконини беради.
Шунинг учун бу масалада асоссиз хавотирларга ўрин йўқ. Айни пайтда, қонун ўз номи билан қонун ва унинг ҳуқуқий меъёрлари Ватанимизда тўлиқ ҳамда бир хилда ижро этилиши шарт. Вазирлар Маҳкамасига унинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, тегишли ҳукумат қарорларини мувофиқлаштириш ва икки ой муддатда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси юклатилган. Бу эса янгиланган алифбога ўтиш жараёнининг аниқ режа, тушунарли тартиб ва босқичма-босқич ёндашув асосида ташкил этилишига хизмат қилади.
Энг муҳими, азизлар, шубҳасиз, янгиланган алифбо халқимизнинг саводхонлиги янада ошишига, она Ватанимизнинг янада юксалишига, янада тараққий этишига хизмат қилади. Ҳаётимизда юз бераётган бу фавқулодда ижобий ўзгариш бизга мана шу жиҳати билан ҳам беҳад қадрлидир.
Ислом ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
