Инсон ўз меҳнати билан рўзғорини бутлаб, фарзандларини ўқитиб, эртанги кунига ишонч билан яшашни истайди. Ҳудудни ривожлантиришга қаратилган ҳар бир қарорнинг аҳамияти ҳам ана шу оддий, ҳаётий эҳтиёжларга қанчалик жавоб бериши билан ўлчанади.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишида белгиланган вазифаларга ҳам шу нуқтаи назардан ёндашиш лозим.
Йиғилишда саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигидаги ўсиш билан бирга, вилоятнинг мавжуд салоҳияти ва амалдаги натижалар ўртасидаги тафовутлар очиқ кўрсатилди. Бундай талабчан ёндашув ҳар бир раҳбарни ҳудуд имкониятларидан одамлар қай даражада баҳраманд бўлаётганини таҳлил қилишга ундайди. Зеро, иқтисодий ўсиш аҳоли даромади, муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий хизматлар сифатида ўз ифодасини топиши керак.
20 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 50 минг иш ўрни яратишни назарда тутувчи уч йиллик дастурни тайёрлаш вазифаси катта масъулият юклайди. Бу жараёнда йирик корхоналар билан маҳаллий тадбиркорлар ҳамкорлигини кенгайтириш, ёшларни янги касбларга ўқитиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш муҳим. Шунда саноат ривожининг оилалар фаровонлигига таъсири ҳам ортади.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашда эса касбий тайёргарлик, боғча ва қулай транспорт масалаларини ўзаро боғлиқ ҳолда ҳал этиш зарур. Чунки ишлаш истаги ва малакаси бор аёл учун оилавий масъулият билан меҳнат фаолиятини уйғунлаштириш имконияти ҳам яратилиши лозим.
Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган инсон учун ортиқча ҳужжатбозлик жиддий тўсиқдир. Йиғилишда кредит олишда сўралаётган 102 турдаги ҳужжатнинг 53 таси ахборот тизимларида мавжудлиги, 22 тасининг эса кредитга алоқаси йўқлиги қайд этилди. Ортиқча талабларни бекор қилиш ташаббускор инсоннинг вақти ва маблағини тежайди, молия муассасаларига ишончини мустаҳкамлайди. Айни пайтда молиялаштириш шартлари очиқ, тушунарли ва барча учун тенг қўлланиши керак.
Ичимлик суви таъминотига доир вазифалар бевосита инсон саломатлиги ва турмуш сифатига дахлдор. Белгиланган қурилишлар якунлангач, 200 минг нафар аҳолининг тоза сувдан баҳраманд бўлиши кутилмоқда. Ҳисорак ҳамда Толимаржон – Муборак йўналишларидаги лойиҳалар ҳам кўплаб оилаларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган.
Сув таъминотининг яхшиланиши хонадон харажатлари ва рўзғор юмушларига сарфланадиган вақтга ҳам таъсир қилади. Шу боис қурилиш сифати, ичимлик сувининг хавфсизлиги ва таъминот барқарорлиги доимий эътиборда бўлиши шарт.
Қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш, яйловлардан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳам яхлит ёндашувни талаб қилади. Деҳқонга ер билан бирга замонавий билим, сув таъминоти ва маҳсулотини сотиш учун шароит керак. Ана шу омиллар уйғунлашса, меҳнатнинг даромадга айланиши осонлашади, қишлоқ оилаларининг иқтисодий таянчи мустаҳкамланади.
Чим маҳалласи мисолида иш ўринлари, мактаб, боғча, поликлиника ва мазмунли дам олиш муҳитини биргаликда яратишнинг аҳамиятини кўриш мумкин. Бу тажрибани кенгайтиришда ҳар бир маҳалланинг эҳтиёжи, аҳоли таркиби ва даромад манбаларини ҳисобга олиш зарур. Фуқароларнинг ўз ҳаётига дахлдор қарорлар муҳокамасида иштирок этиши эса яратилган имкониятларни асраш ва ривожлантиришга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.
Ёшларнинг интеллектуал ютуқлари, касбий таълимдаги янги ёндашувлар алоҳида умид бағишлайди. Боланинг қайси қишлоқда туғилгани ёки оиласининг даромади унинг сифатли таълим олиши ва иқтидорини рўёбга чиқаришига тўсиқ бўлмаслиги лозим.
Ҳар бир туманда аниқ фанларни хорижий тилда ўқитиш, робототехника тўгаракларини очиш ташаббусларининг натижаси малакали ўқитувчилар ва зарур жиҳозлар билан таъминланганликка ҳам боғлиқ. Китобхонликка кўрсатилаётган эътибор эса ёшларнинг дунёқарашини бойитишга, мустақил фикрлаши ва изланишига хизмат қилади.
Янги Қарши шаҳрини барпо этишда ҳам инсон учун қулай яшаш муҳити устувор бўлиши керак. Уй-жойлар билан бир вақтда мактаблар, тиббиёт муассасалари, жамоат транспорти ва яшил ҳудудларни режалаштириш келгусидаги кўплаб муаммоларнинг олдини олади.
Биз, «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари учун ижтимоий адолат ҳар бир инсоннинг ана шу имкониятлардан тенг баҳраманд бўлишида намоён бўлади. Лойиҳаларнинг одамлар ҳаётига таъсирини маҳаллаларда ўрганиш, фуқаролар мурожаатларини эшитиш, аниқланган муаммолар юзасидан масъуллар олдига аниқ масалалар қўйиб, уларнинг ечимини талаб қилиш аҳоли олдидаги масъулиятимиздир.
Қашқадарёнинг имкониятлари катта. Бу салоҳият ҳар бир оиланинг барқарор даромадига, фарзандларнинг сифатли таълимига, одамларнинг соғлом ва муносиб ҳаётига хизмат қилиши муҳим. Ислоҳотларга ишонч ана шундай амалий ўзгаришлар билан мустаҳкамланади.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
