Самарқанд яна бир бор йирик иқтисодий мулоқот майдонига айланди. Президентимиз иштирокида ўтган Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши икки давлат ҳамкорлигининг кўлами ва истиқболларини аниқ кўрсатди.
Қулай инвестиция муҳитини яратиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш Янги Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан биридир. Жаҳонда геосиёсий кескинлик ортиб, глобал логистика занжирларида узилишлар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳити энг қимматли капиталга айланмоқда.
Айнан шу сиёсатга таянган Ўзбекистон халқаро майдонда ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Бугун дунёнинг етакчи давлатлари мамлакатимизни истиқболли ва нуфузли ҳамкор сифатида кўрмоқда. Америка Қўшма Штатлари билан муносабатлар бунинг энг яққол мисолидир. Жаҳоннинг йирик иқтисодий марказларидан бири бўлган бу давлат билан юртимиз стратегик шерикликни фаол ривожлантирмоқда.
Фан, инновация ва юқори технологиялар соҳасида дунёда пешқадам бўлган АҚШ билан ҳамкорлик иқтисодиётимизни ривожлантириш ва янги саноат тармоқларини барпо этиш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистонга нисбатан халқаро майдонда шаклланган бундай юксак ишонч Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ, амалий ва ташаббускор ташқи сиёсат билан чамбарчас боғлиқ.
Бу ишонч аниқ иқтисодий кўрсаткичлар билан ҳам тасдиқланмоқда. Йил бошидан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш 35 фоизга ошди. Қисқа муддатда қайд этилган бундай ўсиш ҳамкорлик суръати сезиларли даражада жадаллашганини кўрсатади. Бу эса икки давлат муносабатлари олий даражада қабул қилинган сиёсий қарорлардан амалий натижаларга ўтганидан далолат беради.
19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши шу жараённинг мантиқий давоми бўлди. Йиғилиш очилишида давлатимиз раҳбари иштирок этиб, нутқ сўзлади. Тадбирда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари қатнашди. Юздан ортиқ компания вакилларининг иштироки Америка бизнесининг Ўзбекистонда сармоя киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши юқорилигини кўрсатди.
Президентимиз ўз нутқида ҳамкорликнинг янги имкониятлари асрлар давомида халқлар, маданиятлар ва савдо йўлларини бирлаштириб келган Самарқандда муҳокама қилинаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Мустаҳкам сиёсий шериклик асосида иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида иқтисодиёт ўсаётгани, янги корхоналар ишга туширилиб, иш ўринлари яратилаётгани, ёшлар учун таълим имкониятлари кенгаяётганини ҳам таъкидлади. Айнан шу ислоҳотлар хорижий сармоядорлар учун ишончли асос яратмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари ўртасида бугунга келиб салмоқли ҳамкорлик тажрибаси шаклланган. Мамлакатимизда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар билан саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Энг эътиборлиси, бугун ўзбекистонлик компаниялар ҳам АҚШ иқтисодиётига сармоя киритишни бошлади. Президентимиз сармоя билан бирга илғор технология, билим ва тажриба ҳам кириб келиши муҳим эканини таъкидлади. Бугун шериклик самараси фақат киритилган маблағ ҳажми билан эмас, мамлакатимизда ўзлаштирилаётган билим ва тажриба билан ҳам ўлчанмоқда.
Кенгаш йиғилишининг натижалари Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган ишончнинг энг ёрқин ифодаси бўлди. Умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат тўплам шакллантирилди. Уларни амалга ошириш учун комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади. Бу келишувлар мамлакатимизнинг халқаро мавқеи ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий қадамдир.
Ушбу келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун Президентимиз кенгаш олдига учта устувор вазифани қўйди. Биринчиси, инвестор учун тушунарли ва олдиндан билиш мумкин бўлган шароит яратиш. Бунинг учун Plug and Play тамойилига ўтилмоқда. Унинг моҳияти шундаки, сармоядор вақтини расмиятчиликка эмас, ишга сарфлайди. Ер, инфратузилма, рухсатнома ва ҳужжатлар унга олдиндан тайёр ҳолда таклиф этилади. Бундай лойиҳаларда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам шерик бўлиб, инвестиция хатарларини хорижий ҳамкорлар билан бўлишиши мумкин. Янги ташкил этилган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ҳам уларда иштирок этади.
Иккинчи устувор вазифа иқтисодиётнинг янги тармоқларини биргаликда шакллантиришдир. Бу борада саноат ва технологиялар жадал ривожланишига хизмат қиладиган йирик марказларни барпо этиш кўзда тутилмоқда. Бундай марказлар қўшма лойиҳаларни бир жойга жамлаб, ишлаб чиқаришнинг технологик даражасини оширишга кўмаклашади.
Учинчи вазифа кенгашни икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айлантиришдир. Шу мақсадда 2035 йилгача мўлжалланган савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Кенгаш янги ташаббусларни илгари суриш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш ва йирик қўшма лойиҳаларни ҳаракатга келтиришнинг доимий майдонига айланиши лозим.
Ҳамкорликнинг келажак йўналишлари ҳам аниқ белгиланди. Улар муҳим минералларни чуқур қайта ишлаб, юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқариш, энергетика, транспорт, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардир. Бугунги глобал рақобатда айнан шу соҳаларни ўзлаштирган давлатлар жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш йўналишини белгиламоқда.
Кенгаш йиғилиши доирасида давлатимиз раҳбари АҚШ Давлат котиби билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказди. Унда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси асосий мавзу бўлди. Савдо ва инвестициялар, инновация, хавфсизлик, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик янада фаоллашгани томонларда алоҳида мамнуният уйғотди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги С5+1 (Си беш плюс бир) форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви натижаларига юқори баҳо берилди.
Икки давлат шериклиги иқтисодиёт билан бир қаторда хавфсизлик ва коинот тадқиқотлари соҳаларини ҳам қамраб олмоқда. Терроризм ва экстремизмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашда ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти доирасида коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш бўйича “Артемида” битимларининг имзолангани эса ҳамкорлик энг илғор соҳаларга ҳам кириб бораётганини кўрсатади.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам жадал кенгайиб бормоқда. Тошкентда Вебстер университети, Америка технологиялар университети ва Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази муваффақиятли фаолият юритиб, ёшларимизга халқаро даражадаги таълимни мамлакатимизнинг ўзида олиш имконини бермоқда. Ўзбекистонга келаётган америкалик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу юртимизнинг бой тарихий ва маданий меросига қизиқиш кучаяётганидан дарак беради. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кенгайиб борар экан, парламентлараро мулоқот ҳам янги мазмун касб этмоқда. Икки давлат парламентлари ҳамда идоралари ўртасида бевосита ва амалий алоқалар йўлга қўйилгани айниқса эътиборга молик. Бу шериклик парламентлар даражасида ҳам институционал асосга эга бўлаётганини англатади.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликда сиёсий мулоқот иқтисодий қудратга айланиб бормоқда. Сармоя технология ва билим билан уйғунлашмоқда, келишувлар эса амалий натижа бермоқда. Ҳар қандай ҳамкорликнинг энг аниқ ўлчови эса одамлар ҳаётидаги ўзгаришлардир. Самарқандда эришилган келишувлар ортида замонавий корхоналар ва янги иш ўринлари, тадбиркорларимиз учун кенг бозорлар, ёшларимиз учун илғор билим ва касб имкониятлари турибди. Бу ҳамкорлик Янги Ўзбекистон тараққиётини жадаллаштириб, мамлакатимизнинг халқаро мавқеини янада юксалтиради. Унинг энг катта самараси эса юртимиздаги ҳар бир оиланинг фаровон ҳаётида намоён бўлади.
Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари ўринбосари
