Марказий Осиёда кечаётган ўзгаришлар минтақа тарихида янги давр бошланганидан далолат беради. Бир пайтлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга соя солган муаммолар ўрнини ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва амалий ҳамкорлик эгалламоқда. Энг муҳими, бу яқинлашув сиёсий мулоқот доирасидан чиқиб, иқтисодий тараққиёт ва халқлар фаровонлиги учун янги имкониятлар яратмоқда.
8 октябрь куни Туркманистоннинг Аваза миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ана шу жараёнда муҳим қадам бўлди. Саммитнинг илк бор олти томонлама форматда ўтказилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Озарбайжоннинг минтақавий мулоқотга тўлақонли қўшилиши Каспий денгизи орқали транспорт алоқаларини кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар очади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саммитда илгари сурган ташаббуслари минтақанинг узоқ муддатли тараққиётига қаратилгани билан эътиборга молик. Уларда сиёсий ҳамжиҳатликни амалий иқтисодий натижаларга айлантириш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиш ва тараққиёт самарасини инсонлар ҳаётида намоён этиш ғояси устувор ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда шаклланган ўзаро ишонч муҳити бундай ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти туфайли муҳим масалаларни биргаликда ҳал этиш имкониятлари кенгайди. Айниқса, дунёда геосиёсий рақобат кучайиб, савдо йўналишлари қайта шаклланаётган ҳозирги шароитда минтақанинг ҳамжиҳатлиги стратегик аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасида ўзаро боғлиқ ҳамкорлик маконини шакллантириш ташаббуси муҳимдир. Бу масалаларни 2027 йилда Тошкентда ўтказилиши таклиф этилган минтақалараро мулоқотга бағишланган халқаро конференцияда муҳокама қилиш назарда тутилмоқда. Бундай ёндашув мамлакатларнинг иқтисодий имкониятларини бирлаштириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилади.
Айниқса, «Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот» тамойили саноат кооперациясини ривожлантиришда янгича имкониятлар очади. Унинг моҳияти мамлакатлар ўртасида фақат тайёр маҳсулотларни сотиш ва сотиб олиш билан чекланмасдан, уларни биргаликда ишлаб чиқаришга ўтишдан иборат.
Масалан, хомашё бир мамлакатда тайёрланиб, бошқасида қайта ишланиши, бутловчи қисмлар учинчи давлатда ишлаб чиқарилиб, якуний маҳсулот яна бир мамлакатда йиғилиши мумкин. Бу шартли мисолнинг ўзиёқ минтақада саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик қандай имкониятлар яратишини кўрсатади. Натижада янги технологиялар ўзлаштирилади, қўшилган қийматнинг каттароқ қисми минтақа иқтисодиётида қолади ва янги иш ўринлари пайдо бўлади.
Мазкур мақсадларга эришиш учун 2035 йилгача мўлжалланган минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш таклиф этилди. Асрлар давомида савдо ва маданий алоқалар чорраҳаси бўлган қадимий Хиванинг замонавий иқтисодий мулоқот майдони сифатида танланиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга.
Иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни ҳам тақозо этади. Зеро, маҳсулот ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, уни истеъмолчига тез ва қулай етказиб бериш ҳам шунчалик аҳамиятлидир.
Шу боис, янги автомобиль ва темир йўллар қуриш билан чекланмасдан, транспорт йўлаклари атрофида саноат корхоналари, логистика марказлари ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш таклиф қилинди. Бу ишларни мувофиқлаштириш учун Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашнинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Бундай ёндашувнинг аҳамияти, айниқса, марказдан узоқдаги ҳудудларда яққол намоён бўлади. Янги корхона дегани янги иш ўрни, янги хизмат кўрсатиш тармоғи дегани қўшимча даромад, ривожланган инфратузилма дегани эса аҳоли учун янада қулай турмуш шароитидир. Демак, транспорт йўлаклари фақат мамлакатларни боғламайди, балки улар атрофидаги ҳудудларга ҳам янги иқтисодий ҳаёт бағишлайди.
Бироқ барқарор тараққиёт фақат ишлаб чиқариш ва транспорт билан чекланмайди. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳаво мусаффолигини сақлаш ва экологик хавфсизликни таъминлаш ҳам инсон фаровонлигининг ажралмас шартидир.
Саммитда сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва сув ресурсларини рақамли мониторинг қилиш масалаларига эътибор қаратилди. 2027 йилдан Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раисликни қабул қилиши минтақада экологик ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим имкониятдир.
Шунингдек, «Марказий Осиё тоза ҳавоси» халқаро консорциумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт марказларини экологик модернизация қилишга қаратилган бу таклифнинг аҳамияти катта. Чунки тоза ҳаво ва сув масаласи, аввало, инсон саломатлиги ва келажак авлодлар ҳаёти билан боғлиқ.
Минтақанинг келажакдаги рақобатбардошлиги эса замонавий технологияларни қанчалик тез ўзлаштиришига ҳам боғлиқ. Шу мақсадда миллий маълумотлар марказларини ўзаро боғлаш орқали умумий ҳисоблаш инфратузилмасини шакллантириш таклиф этилди. Бу сунъий интеллект соҳасидаги илмий тадқиқотлар, технологик ҳамкорлик ва янги ишланмаларни ривожлантириш учун муҳим асос бўлиши мумкин.
Албатта, энг замонавий технологиялар ҳам уларни бошқарадиган малакали мутахассисларсиз кутилган натижани бермайди. Шу маънода, саммитда инсон капиталини ривожлантириш масаласига қаратилган эътибор алоҳида аҳамиятга эга.
Марказий Осиё катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ўсиб, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Бу минтақанинг улкан имконияти. Аммо уни иқтисодий қудратга айлантириш учун сифатли таълим, замонавий касб ва муносиб меҳнат шароитлари зарур.
Президентимиз ўз нутқида ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин минтақа иқтисодиёти қандай бўлиши кўп жиҳатдан бугунги ёшларнинг таълими ва касбий тайёргарлигига боғлиқ эканига эътибор қаратди. Бу фикрнинг замирида чуқур ҳаётий маъно бор. Бугун қандай мутахассисларни тайёрласак, эртага иқтисодиётимиз ҳам шундай салоҳиятга эга бўлади.
Айнан шу мақсадда келажакда талаб юқори бўладиган касблар ва кўникмаларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Мазкур ташаббус меҳнат бозори эҳтиёжларини олдиндан баҳолаш, таълим йўналишларини иқтисодиёт талабларига мослаштириш ва ёшларни истиқболли касбларга тайёрлаш имконини беради.
Айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг ҳам замонавий билим олиши, муносиб касб эгаллаши ва ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш муҳимдир. Зеро, инсоннинг келажаги унинг қаерда туғилгани ёки қаерда яшаётгани билан эмас, билими, меҳнати ва интилиши билан белгиланиши керак.
Аваза саммитида илгари сурилган ташаббусларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Саноат кооперацияси янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади, транспорт инфратузилмаси уларни бозорлар билан боғлайди, рақамли технологиялар самарадорликни оширади, таълим эса бу жараёнларни ривожлантирадиган мутахассисларни тайёрлайди. Экологик ҳамкорлик ана шу тараққиётнинг барқарор бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг очиқ ва ташаббускор ташқи сиёсати муҳим ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Аваза саммитидаги таклифлари минтақавий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, иқтисодий имкониятларни бирлаштириш ва уларни халқлар фаровонлигига йўналтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зеро, бугун қурилган йўллар эртага янги бозорларни очади. Бугун ташкил этилган корхоналар минглаб оилаларнинг даромад манбаига айланиши мумкин. Бугун замонавий билим олаётган ёшлар эса эртанги куннинг етук мутахассислари, олимлари ва тадбиркорлари бўлиб етишади.
Минтақанинг энг катта бойлиги унинг табиий ресурслари эмас, инсонларидир. Энг катта имконияти билимли ёшлар, энг мустаҳкам таянчи эса халқлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликдир. Ана шу бойлик, имконият ва ҳамжиҳатлик бирлашган жойда қудратли келажак бунёд бўлади. Марказий Осиёнинг буюк келажаги ҳам айнан инсон қадрини юксалтиришдек эзгу мақсадга таянади.
Муҳаммаджон Валиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари ўринбосари
