Бугун Янги Ўзбекистоннинг технологик юксалишида замонавий билим, юксак тафаккур ва яратувчан муҳандислар салоҳияти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда илм, таълим ва ишлаб чиқаришни ўзаро яқинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар Андижонда ҳам янги муҳандислик муҳитини шакллантириб, ҳудуднинг саноат ва технологик салоҳиятини юксалтириш учун янги имкониятлар очмоқда. Энг муҳими, бу жараён ёшнинг билимини касбга, касбини маҳоратга, маҳоратини эса иқтисодиётга керакли амалий натижага олиб чиқишга қаратилган.
Президентимиз раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда вилоятни Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантириш вазифаси қўйилди. Бунинг учун салмоқли захира мавжуд. Вилоятдаги 12 та олийгоҳда 95 минг талаба, 59 та техникумда эса 60 минг ёш таҳсил олмоқда.
Бу вазифанинг аҳамиятини иқтисодий кўрсаткичлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсди. Бироқ ҳар қандай ўсишнинг ҳақиқий қиймати унинг инсон ҳаётидаги натижаси билан ўлчанади. «Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим», — деди давлатимиз раҳбари.
Андижоннинг энг катта имкониятларидан бири ҳам, аввало, инсон салоҳиятидадир. Ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, серҳаракат аҳоли, кучли тадбиркорлик муҳити, кўп сонли ёшлар ва йиллар давомида шаклланган саноат мактаби вилоятга катта устунлик беради. Сўнгги ўн йилда республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар орқали тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилгани ҳам ана шу иқтисодий имкониятларнинг кўламини кўрсатади.
Олдиндаги режалар эса муҳандис кадрларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдонда 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобига камида 70 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Энергетика, гидротехника, электроника, машинасозлик, ахборот технологиялари ва логистика йўналишларидаги қарийб 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар ҳам малакали мутахассисларга катта эҳтиёж туғдиради.
Бундай кўламдаги режаларнинг энг муҳим таянчи, шубҳасиз, инсон билими ва касбий маҳоратидир. Янги корхоналарга замонавий ускунани бошқарадиган мутахассисгина эмас, уни такомиллаштирадиган, иш самарадорлигини оширадиган ва ўз муҳандислик ечимини таклиф эта оладиган кадрлар керак. Шу маънода Андижонда муҳандис тайёрлашга қаратилаётган эътибор саноатнинг эртанги қиёфасини бугундан белгилаб берадиган муҳим қадамдир.
Бу борада Асакада шаклланган саноат тажрибаси алоҳида ўрин тутади. Автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича тўпланган 30 йиллик тажриба энди ўз технологияларини яратишга хизмат қилиши керак. Шу мақсадда «Асака муҳандислик водийси»ни ташкил этиш, дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматларини бир тизимда ривожлантириш вазифаси белгиланган. Вилоятда муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида 10 минг талаба таҳсил олаётгани эса бу йўналиш учун катта интеллектуал захирадир.
Ёшларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга олиб чиқадиган тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Чунки замонавий муҳандиснинг қадри фақат мавжуд технологиядан фойдалана олиши билан эмас, балки янги ечим топиши, маҳсулотни такомиллаштириши ва ўз ғоясини амалиётга татбиқ эта билиши билан белгиланади.
Бу ёндашувнинг амалий намунаси «Ипак йўли» саноат зонасидаги «Андижон-Ҳуаня» халқаро техникумида кўринади. Бу ерда юқори технологияли корхоналар учун мутахассислар тайёрланмоқда. Дуал таълим асосида ўқувчилар назарий билимни техникумда эгаллаб, амалиётни саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди. Инвестор томонидан ўқувчиларга таълим билан бирга стипендия ва иш имконияти берилаётгани эса ёшни ўқиш давридаёқ келажак касби билан яқинлаштиради.
Энди бу тажриба вилоят бўйлаб кенгайтирилади. Олийгоҳ ва техникумларнинг амалий кафедралари 46 та саноат зонаси ҳамда 56 та йирик корхона ҳудудига кўчирилади. У ерларда ўқув хоналари ташкил этилади. Йил якунигача дуал таълимни камида 80 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.
Бу оддий ташкилий ўзгариш эмас. Талаба дарсда олган билимини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида синаб кўради, корхона эса эртанги мутахассисининг тайёргарлигида бевосита иштирок этади. Шу тариқа таълим билан меҳнат бозори ўртасидаги масофа қисқаради, назарий билим эса реал иш жараёнида касбий маҳорат билан мустаҳкамланади.
Андижон техника институтида режалаштирилган трансформация ҳам шу мантиқнинг давомидир. Хорижлик менежер ва профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, таълим дастурлари ва йўналишларини янгилаш кўзда тутилган. Алоҳида дизайнерлик факультети ташкил этилиб, у дуал таълим асосида саноат корхоналарига боғланади. Бунинг учун 25 миллиард сўм ажратилади.
Дизайнга берилаётган эътиборнинг ҳам иқтисодий мазмуни бор. Тўқимачилик соҳасида Европадан дизайнер, конструктор ва брендларни жалб этиб, қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали экспортни 1,5 миллиард доллардан ошириш имконияти қайд этилган. Бугун жаҳон бозорида маҳсулотнинг қадрини хомашёнинг ўзи эмас, унга қўшилган билим, дизайн, муҳандислик фикри ва интеллектуал меҳнат ҳам белгиламоқда.
Мана шу нуқтада олийгоҳ билан корхона ўртасидаги муносабат оддий ҳамкорликдан каттароқ мазмун касб этади. Олийгоҳда туғилган ғоя ишлаб чиқаришда ўз ифодасини топса, корхонада пайдо бўлган эҳтиёж аудиторияда ечим изласа, билим билан амалиёт ўртасида ҳақиқий ҳаракат бошланади. Шунда илмий изланиш қоғозда қолиб кетмайди, ғоя технологияга, технология эса иқтисодий қийматга эга маҳсулотга айланади.
Андижонда амалга оширилаётган ишларга ана шу нуқтаи назардан қарасак, гап фақат янги факультет, техникум ёки ўқув хоналари ҳақида эмаслиги аён бўлади. Бу ерда саноатнинг эртанги эҳтиёжига жавоб берадиган бутун бир муҳандислик мактаби шаклланмоқда. 70 минг юқори даромадли иш ўрни, йирик инвестиция лойиҳалари ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг самараси ҳам кўп жиҳатдан ана шу мактабдан етишиб чиқадиган кадрларга боғлиқ бўлади.
Янги Ўзбекистоннинг технологик юксалиши энг замонавий заводлар ёки энг сўнгги русумдаги ускуналарнинг ўзи билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий қудрати ана шу ускунага тафаккур бағишлайдиган, мавжуд технологияни такомиллаштирадиган ва ўз ғоясини рақобатбардош маҳсулотга айлантира оладиган муҳандисларда намоён бўлади. Бугун Андижонда аудитория билан ишлаб чиқариш ўртасида барпо этилаётган ана шу мустаҳкам кўприк эртага юртимизни ўз муҳандислик ечими, ўз интеллектуал салоҳияти ва ўз технологияси билан янада юксак марраларга олиб чиқади.
Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари ўринбосари
