Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида жорий йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокамасига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Zoom платформаси орқали ташкил этилган йиғилишда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят партия ташкилотлари раислари ҳамда фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева белгиланган устувор вазифалар ижроси, фаолиятдаги камчиликлар ва келгусидаги чора-тадбирларга тўхталди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида аҳоли билан мулоқот, депутатлик назорати, ҳуқуқий тарғибот, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда ахборот сиёсати йўналишларида муайян натижаларга эришилди.
Хусусан, партия аъзолари сони йил бошига нисбатан 102 минг 600 нафарга кўпайиб, 1 миллион 422 минг 700 нафардан ошди. Аъзоларнинг 54,3 фоизини хотин-қизлар, 39,5 фоизини эса 18–30 ёшдаги ёшлар ташкил этмоқда.
Партия сафларини кенгайтиришда Хоразм, Жиззах ва Наманган вилоятлари етакчилик қилмоқда. Йиғилишда ушбу ҳудудлардаги ижобий тажрибани ўрганиш, аъзоликка қабул қилишда қўлланилаётган самарали ёндашувларни тизимлаштириш ва бошқа ҳудудларда оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.
Бугунги кунда партиянинг қуйи бўғинида 8 минг 287 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Ҳисобот даврида 320 та янги бошланғич партия ташкилоти тузилган. Жумладан, Тошкент вилоятида 87 та, Тошкент шаҳрида 60 та ва Жиззах вилоятида 39 та янги ташкилот иш бошлаган.
Озода Парпибоева бу борада сон кўрсаткичлари билан бирга фаолият сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди. Янги БПТни тузиш дастлабки ташкилий қадам экани, асосий вазифа унинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, аҳоли билан доимий мулоқотини йўлга қўйиш ва амалий натижадорлигини оширишдан иборатлиги таъкидланди.
Йиғилишда депутатлик назорати самарадорлиги ҳам муҳокама қилинди. Сайловчилар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни масъул идоралар олдига қўйиш ва уларнинг ечимини таъминлашда партия фракцияси, Марказий аппарат ҳамда ҳудудий кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, «Фракция – марказ – вилоят – туман» тамойили асосида муаммони аниқлашдан уни ҳал этишгача бўлган жараёнда изчил ҳамкорликни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Ҳисобот даврида ҳудудий кенгашлар томонидан мафкуравий йўналишда 22 минг 156 та тадбир ўтказилиб, қарийб 850 минг нафар фуқаро қамраб олинган. «Огоҳ бўлинг, фирибгар!» акцияси доирасидаги 1 минг 686 та тадбирда 62 минг 519 нафар фуқаро қатнашган. «Йўл маданияти — хавфсиз ҳаёт кафолати» акцияси доирасида эса 999 та тадбир ташкил этилиб, уларда 26 минг 725 нафар иштирокчи қамраб олинган.
Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда сиёсий фаоллигини ошириш йўналишидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Партия фаоллари, депутатлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган 9 минг 248 та тадбир ўтказилиб, 406 минг нафардан зиёд иштирокчи қамраб олинган.
«Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида 41 минг нафардан ортиқ хотин-қиз ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилган. Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга амалий ёрдам кўрсатилишига кўмаклашилган. «Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик!» акцияси доирасида низоли оилалар билан ишлаш, ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 104 та ажрим ҳолатининг олди олингани қайд этилди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида республика бўйлаб ўтказилган беғараз донорлик акцияси натижаларига ҳам тўхталинди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, онкологик касалликлардан даволанаётган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ташаббус доирасида тўпланган қон 10 минг нафардан ортиқ бемор болани даволашга кўмаклашиш имконини берган.
Йиғилишда партия тадбирлари Сайловолди дастуридаги мақсадларни аҳолига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди. «Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!» ғоясини ҳар бир тадбир мазмунида, депутатларнинг амалий ишларида ва партия ташкилотларининг кундалик фаолиятида акс эттириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Муҳокама якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ҳудудий ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
