Инсон саломатлиги ва муносиб турмуш шароити жамият тараққиётини белгилайдиган муҳим мезонлардандир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан касб байрами арафасида ўтказган учрашувида ҳам аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илгари сурилган ташаббуслар инсон саломатлигини асраш йўлида ҳар бир муассаса ва мутахассиснинг масъулиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси, аввало, одамлар ўз ҳаётида сезадиган ўзгаришларда намоён бўлади. Фуқаронинг шифокор қабулига ўз вақтида кириши, зарур текширувдан ўтиши ва самарали даволаниши тиббий хизмат сифатининг амалий ифодасидир. Шу маънода, учрашувда белгиланган вазифаларнинг мазмуни аҳоли учун тиббий ёрдамнинг қулайлиги ва сифатини таъминлашда мужассам.
Бу борада бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни беқиёс. Оилавий шифокорлар ва поликлиникалар фаолияти самарали ташкил этилса, касалликларни эрта аниқлаш, беморни ўз вақтида даволаш ҳамда асоратларнинг олдини олиш имконияти кенгаяди. Шу боис 28 та туманда синовдан ўтказилган янги тизимни 2027 йилдан яна 100 та туманга татбиқ этиш, амбулатор беморларга бепул бериладиган дори воситалари турларини кўпайтириш режалаштирилгани муҳим аҳамиятга эга. Бу чоралар тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва оилаларнинг даволаниш билан боғлиқ харажатларини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Саратон ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш дастурларини кенгайтириш ҳам долзарб вазифалардан. Учрашувда инфаркт ва инсультда «олтин соат» имкониятидан фойдаланиш орқали юзлаб инсонлар эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолингани қайд этилди. Бу натижа ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдамнинг инсон тақдиридаги ўрнини яққол кўрсатади. Демак, профилактика, барвақт ташхис ва тезкор даволаш ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳар бир тиббиёт муассасаси фаолиятида устувор бўлиши лозим.
Давлатимиз раҳбарининг «Бошқа соҳада ёш ходим хато қилиши мумкин, аммо бўлғуси шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди», деган сўзлари тиббий таълим ва касбий масъулиятга қўйилаётган талабнинг нақадар юксак эканини ифодалайди. Замонавий клиникалар ва илғор ускуналарнинг имкониятини тўлиқ ишга солиш, энг аввало, малакали кадрларга боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, тиббий таълимни клиник амалиёт билан боғлашга қаратилган ўзгаришлар алоҳида эътиборга молик. Келгуси йилдан талабаларнинг ҳафтада уч кун беморлар билан ишлашни ўрганиши, битирувчиларнинг эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиётда ўтказиши белгиланди. Шунингдек, 2027 йилдан тор мутахассисликлар бўйича резидентурада ўқиш бепул бўлади. Бундай ёндашув назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга, ёш мутахассисларни мустақил фаолиятга пухта тайёрлашга хизмат қилади.
Кадрлар тайёрлаш билан бирга, уларнинг муносиб шароитда ишлаши ва яшашини таъминлаш ҳам муҳим. Олис ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорлар учун устамаларни ошириш, у ерда иш бошлаганларга бир марталик рағбат пули бериш чоралари мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган жойларда кадрлар таъминотини яхшилашга қаратилган. Тиббиёт ходимларини ипотека кредитлари бўйича қўллаб-қувватлаш эса уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиради.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ҳам касбий малакани баҳолаш ва муносиб рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади. Ушбу тизимни 2027 йил 1 июлдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш, рўйхатдан ўтган шифокор, фармацевт ва ҳамшираларга устама тўлаш белгиланмоқда. Бу механизм ходимларни ўз билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаб боришга ундаши, касбий ривожланишга бўлган интилишни қўллаб-қувватлаши лозим.
Соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳам тиббий хизматни такомиллаштиришнинг муҳим йўналишидир. Келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизимини ишга тушириш кўзда тутилган. Бундай ечимлар тиббий маълумотларни таҳлил қилиш, ташхисни аниқлаштириш ва бемор ҳолатини кузатишда шифокорга кўмак бериши мумкин. Уларни амалиётга пухта жорий этиш ва ходимларни мазкур технологиялар билан ишлашга тайёрлаш кутилган натижага эришишнинг муҳим шартидир.
Таълим, санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимларнинг муомала маданиятини ҳам қамраб оладиган «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» хизмат сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди. Шифохона ва поликлиникалар фаолиятига аҳолининг ўзи баҳо берадиган механизмнинг йўлга қўйилиши эса муассасаларнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини оширади. Шифокор ва ҳамшираларнинг иш ҳақини белгилашда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси асосий мезон бўлиши назарда тутилмоқда. Бу ёндашув ҳар бир беморга эътибор, ҳурмат ва масъулият билан муносабатда бўлишни кундалик фаолиятнинг ажралмас қисмига айлантириши керак.
Учрашувда «Ибн Сино» орденини таъсис этиш таклифининг билдирилиши инсон саломатлигини асрашга муносиб ҳисса қўшаётган тиббиёт ходимлари меҳнатини юксак қадрлаш ифодасидир. Хорижий клиникаларда тажриба орттирган ватандош шифокорларни мамлакатимизга жалб этиш учун янги имкониятлар яратилиши эса илғор даволаш усулларини кенгайтириш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Белгиланган вазифаларнинг самараси уларнинг ҳар бир ҳудуд ва тиббиёт муассасасида изчил амалга оширилишига боғлиқ. Ислоҳотлар натижасини фуқаро ўз вақтида олган сифатли ёрдамда, шифокорнинг эътиборида ва саломатлигидаги ижобий ўзгаришда ҳис этиши лозим. Инсон қадрини улуғлаш тамойили тиббиётда айнан шу тарзда амалий мазмун касб этади.
Манзура САЛИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси
