Инсон ҳаётида соғлиқдан қадрли, умрни асрашдан масъулиятли вазифа йўқ. Зеро, ҳар бир оиланинг бахти, ҳар бир хонадоннинг фаровонлиги, жамиятнинг эртанги тараққиёти, аввало, инсон саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш нафақат ижтимоий вазифа, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган муҳим давлат сиёсатидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувида айни шу ҳақиқат яна бир бор ўз ифодасини топди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакат тараққиётининг асл мазмуни инсонларнинг соғлом, фаровон ва мазмунли ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратишда намоён бўлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги шифохона ва поликлиникалар барпо этиш, тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Илгари беморлар хорижда даволанишга мажбур бўлган кўплаб мураккаб касалликлар бўйича операция ва муолажаларнинг мамлакатимизда бажарилаётгани миллий тиббиёт салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ бугунги учрашувнинг аҳамияти фақат эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш билан чекланмайди. Унда тиббиётнинг келгуси тараққиёти, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган янги тизимни шакллантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Энг муҳими, тиббий ёрдамни касаллик бошланганидан кейин эмас, унинг олдини олиш ва дастлабки белгиларини аниқлашдан бошлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кучайтириш, оилавий шифокорлар масъулиятини ошириш, аҳоли ва шифокор ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ана шу мақсадга хизмат қилади. Дастлаб 28 та туманда синовдан ўтказилган янги тизимнинг келгуси йилдан яна 100 та туманда жорий этилиши тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда онкологик касалликларни эрта аниқлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари томонидан ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлашга 700 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгилангани бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқади. Дастурнинг дастлаб Самарқанд вилоятида бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилиши аҳоли учун ўз вақтида тиббий текширувлардан ўтиш, касалликларни дастлабки босқичларда аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш имконини кенгайтиради.
Онколог сифатида яхши биламанки, саратон касалликларида эрта ташхис қўйиш беморнинг ҳаёти ва даволаш натижаларига бевосита таъсир кўрсатади. Касаллик ўз вақтида аниқланса, самарали даволаш имкониятлари ҳам кенгаяди. Шу боис, скрининг текширувларини оммалаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва профилактик кўрикларга бўлган эътиборни кучайтириш ҳаёт учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш дастурларининг давом эттирилиши ҳам эътиборга молик. Бу мақсадлар учун 280 миллиард сўм маблағ ажратилиб, барча туман ва шаҳарларни қамраб олиш режалаштирилгани тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бундай ёндашув нафақат касалликларни барвақт аниқлаш, балки уларнинг оғир асоратлари ва инсон ҳаётига хавф туғдирувчи оқибатларининг олдини олиш учун ҳам муҳимдир.
Аҳоли учун кафолатланган тиббий пакетнинг кенгайтирилиши, тиббий текширувлар турининг 36 тага, бепул дори воситалари турининг эса 73 тага етказилиши фуқароларнинг саломатлигини асраш ва уларнинг молиявий юкини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш инсоннинг моддий имкониятларига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Ҳар бир фуқаро зарур тиббий хизматдан ўз вақтида фойдаланиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Тиббиёт тараққиётини фақат замонавий бинолар, янги ускуналар ёки илғор технологиялар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг энг муҳим мезони — билимли, малакали, масъулиятли ва беморга меҳр билан муносабатда бўладиган тиббиёт ходимидир. Шу боис, учрашувда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, назарий билимларни клиник амалиёт билан уйғунлаштириш, талабаларни беморлар билан ишлашга эрта жалб этиш, шифокор ва ҳамшираларни моддий ҳамда касбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2027 йилдан тор мутахассислик бўйича резидентура таълимининг бепул ташкил этилиши, талабалар учун стипендиялар белгиланиши, тиббиёт ходимларига қўшимча устамалар жорий қилиниши ва муносиб меҳнатни рағбатлантириш механизмларининг кенгайтирилиши соҳа мутахассисларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларида тозалик, тартиб, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш ва муомала маданиятини юксалтиришга қаратилган «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари»нинг жорий этилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки бемор шифохонага фақат дори-дармон ёки муолажа учун эмас, балки дардига малҳам, кўнглига таскин, ҳаётига умид излаб келади. Шифокорнинг билими билан бирга унинг инсоний муносабати ҳам даволаш жараёнининг муҳим қисмидир.
Учрашувда тиббиёт фанини ривожлантириш, университет клиникалари фаолиятини кучайтириш ва илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш бўйича белгиланган вазифалар ҳам эътиборга молик. Чунки замонавий тиббиёт доимий изланиш, аниқ ташхис, самарали даволаш ва янги илмий ютуқларни ҳаётга татбиқ этишни талаб қилади. Миллий тиббиётнинг келажаги илм-фан, таълим ва амалиётнинг ўзаро ҳамкорлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган 800 мингдан зиёд ходимнинг меҳнати, фидойилиги ва касбий маҳорати мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таянчидир. Уларнинг меҳнатини эътироф этиш, муносиб рағбатлантириш ҳамда Ибн Сино номи билан аталадиган алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилгани тиббиёт касбининг жамият ҳаётидаги ўрнига берилаётган эътиборни ифодалайди.
Мен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва онколог сифатида, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар сифатида баҳолайман. Айниқса, онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун катта миқдорда маблағ йўналтирилиши ушбу йўналишда профилактика ва скрининг ишларини кенгайтириш, беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ҳамда даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Менимча, ушбу учрашувнинг энг муҳим мазмуни шундаки, тиббиётдаги ҳар бир ислоҳотнинг марказида инсон туриши керак. Янги шифохона — бемор учун имконият, замонавий ускуна — аниқ ташхис учун восита, малакали шифокор — ҳаёт учун масъулият, касалликнинг эрта аниқланиши эса инсон ва унинг оиласи учун сақлаб қолинган умиддир.
Белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг умр кўриш давомийлиги ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Зеро, соғлом инсон — фаровон оила, соғлом жамият ва барқарор тараққиётнинг асосидир.
Инсон саломатлигини асрашга қаратилган ҳар бир саъй-ҳаракат, аввало, бир инсоннинг ҳаётида, бир оиланинг қувончида ва жамиятнинг эртанги кунида ўз натижасини кўрсатади. Тиббиётнинг асл вазифаси ҳам, ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам айнан шунда — инсон ҳаётини асраш, унинг қадрини улуғлаш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш.
Тоҳир Палванов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
