Давлатимиз раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан трансформация қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига янада яқинлаштириш, соҳани рақамлаштириш ва фармацевтика бозорини тартибга солишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимиз тиббиёти ривожида янги босқични бошлаб берди. Унда белгилаб берилган стратегик вазифаларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, унинг кўп минг сонли фаоллари ҳамда тиббиёт соҳаси вакиллари катта мамнуният билан кутиб олди.
Қувонарлиси, видеоселекторда илгари сурилган ва бугун амалиётга жорий этилаётган тизимли ислоҳотлар “Адолат” СДПнинг сайловолди ва ишчи дастурида кўзда тутилган устувор вазифалар билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Партиямиз узоқ йиллардан буён соғлиқни сақлаш масаласига энг муҳим ижтимоий вазифа сифатида қараб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишдек конституциявий ҳуқуқини сўзсиз кафолатлаш ғоясини илгари суриб келмоқда.
Йиғилишда айнан шу тамойил давлат сиёсатининг бош мезони сифатида мустаҳкамлангани партиямиз дастурий мақсадлари ҳаётда ўз ифодасини топаётганининг ёрқин исботидир. Бу борада қуйидаги муҳим йўналишларни алоҳида эътироф этиш жоиз:
Биринчидан, тиббиётни халққа яқинлаштириш ва шифокорлар қадрини ошириш. Йиғилишда бирламчи тиббий бўғинни кучайтириш, маҳаллалар кесимида ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда тиббиёт ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу эса партиямизнинг олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ҳамда поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қўйиш ташаббуси билан уйғундир. Шу билан бирга, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича қўйилган янги талаблар биз илгари сураётган муҳим таклиф – тиббиёт ходимлари малакасини ошириш тизимини бевосита ихтисослашган марказлар ва ҳудудларнинг ўзида ташкил этиш ҳамда педиатрия соҳасида мутахассислар тайёрлаш қамровини кенгайтириш ташаббусларимиз рўёбга чиқишига хизмат қилади.
Иккинчидан, соҳани тўлиқ рақамлаштириш. Давлатимиз раҳбари тиббиётда қоғозбозлик ва бюрократияга чек қўйиш, электрон йўлланма ва электрон рецепт тизимини кенг жорий этиш юзасидан қатъий топшириқлар берди. Мазкур тарихий қадам “Адолат” СДПнинг “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш орқали “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш ҳақидаги дастурий ғояларининг амалий тасдиғидир.
Учинчидан, фармацевтика соҳасини тартибга солиш ва коррупцияга барҳам бериш. Видеоселекторда дори-дармон нархларининг сунъий ошиши, асоссиз дори ёзиш ва соҳадаги яширин иқтисодиёт улуши кескин танқид қилинди. Бу борада бошланган ислоҳотлар доирасида партиямиз қуйидаги қонунчилик ташаббусларини янада фаол илгари суради:
– Дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва маҳсулот ишлаб чиқарилганидан то истеъмолчига етиб боргунча бўлган ҳаракатланиш занжирини (маркировка ва кузатиш технологияси орқали) тўлиқ назоратга олиш;
– Дори воситаларининг рецептсиз ва назоратсиз сотилишига чек қўйиш ҳамда дорихоналар тармоғини мақбуллаштириш;
– Фармацевтика компаниялари ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги ноқонуний келишувлар ҳамда ғаразли ҳомийлик муносабатларини қонунан тақиқлаш, бу каби қонунбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш.
Тўртинчидан, хусусий тиббиёт ва ижтимоий адолат мезони. Селекторда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, аҳолини кафолатланган тиббий пакет билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ўзгаришлар хусусий тиббиёт соҳасида ҳам нарх-наво ва хизмат сифатининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, тиббий хизматлар кўрсатиш устидан тизимли назоратни кучайтириш каби социал-демократик ташаббусларимизни кун тартибига олиб чиқишга кенг имконият беради.
Бешинчидан, оналик ва болалик муҳофазаси, соғлом авлод профилактикаси. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, скрининг ва профилактика ишларини кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар партиямизнинг бир қатор халқчил ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишга кучли туртки бўлади. Жумладан, ушбу ислоҳотлар тўлқинида:
– Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оғир ҳолатдаги оналарнинг алоҳида рўйхатини шакллантириб, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш;
– Болаларни ҳар йили давлат маблағлари ҳисобидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, мактабларда бепул стоматология хизмати қамровини кенгайтириш;
– Таълим муассасаларида берилаётган озиқ-овқатларнинг сифати ва калориясини мониторинг қилиш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ишлари янги босқичга олиб чиқилади.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар партиямизнинг ижтимоий дорихоналарни ривожлантириш, бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини такомиллаштириш ғояларига тўла мос келади. Бу эса 50 ёшдан ошган фуқароларни тизимли тиббий кўрикдан ўтказиш, кексалар учун махсус соғломлаштириш дастурларини қабул қилиб, тиббиёт муассасаларида шифокор-геронтолог фаолиятини кенгайтириш ҳамда узоқ муддатли “Демографик ривожланиш – 2050” концепциясини ишлаб чиқиш каби истиқболли ташаббусларимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, соғлиқни сақлаш тизимидаги бугунги ислоҳотлар соҳада янги даврни бошлаб берди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз депутатлик корпуси давлатимиз раҳбари белгилаб берган улуғвор вазифалар ижросида энг олдинги сафларда туриб, халқ саломатлиги йўлидаги ислоҳотларнинг тўлақонли рўёбга чиқиши устидан қатъий парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлайди.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси
