Давлатимиз раҳбари раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда иштирок этар эканмиз, унда белгиланган вазифаларнинг туб моҳияти инсон қадрини улуғлашга қаратилганига яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Бу вазифалар ҳар бир фуқаро муносиб меҳнат қилиши, барқарор даромад топиши ва фарзандлари келажагига ишонч билан қараши учун зарур шарт-шароит яратишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг қуйидаги фикри эса муҳокамаларнинг бош мезонини аниқ ифода этди: «Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим».
Бу ёндашув партиямизнинг мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг. Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этиб ўтганимиздек, партиямиз давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий адолат ҳамда тенг имкониятлар қарор топишини ўзининг устувор вазифаси сифатида билади ва шу боис ҳам бундай ёндашув биз учун алоҳида аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, жамиятда ислоҳотларга бўлган ишонч иқтисодий юксалиш оила бюджетида, таълим сифатида, тоза ичимлик суви таъминотида ва яшаш шароитида сезилгандагина мустаҳкамланади. Шу маънода, вилоят иқтисодиётининг биринчи ярим йилликда 8,8 фоиз ўсгани салмоқли натижа бўлиш билан бирга, бу ўсиш самарасини ҳар бир хонадонга етказиш масъулиятини ҳам юклайди.
Йиғилишда инвестициялар сифатига қўйилган талаблар ғоят муҳимдир. Ер ресурслари чекланган Андижонда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш муҳим. Саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган минг гектар ерда камида 70 минг юқори даромадли иш ўрни ташкил этиш вазифаси ана шу мақсадга қаратилган.
«Асака муҳандислик водийси»ни ташкил этиш ташаббуси эса Андижоннинг саноат тажрибасини ёшлар билими ва илмий изланишлари билан уйғунлаштириш имконини беради. Талабанинг ғояси илмий ишланмага, ишланма эса тайёр маҳсулотга айланадиган муҳит яратилса, ёшлар ўз салоҳиятини айнан юртимизда рўёбга чиқаради. Олий таълим муассасалари ва техникумларни ишлаб чиқариш билан боғлаш, дуал таълимни кенгайтиришга доир вазифалар ҳам таълимнинг амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Меҳнаткаш инсоннинг манфаатлари ҳимоя қилиниши, унинг касбий ўсиши ва оиласи фаровонлиги иш берувчи учун ҳам устувор бўлиши лозим. Шу жиҳатдан, йиғилишда илгари сурилган икки ташаббус алоҳида аҳамиятга эга.
Биринчиси – камида минг нафар ишчиси бўлган корхоналарнинг ходимларни ўқитиш, уларни ишга олиб келиш ва олиб кетиш харажатларининг ярмини компенсация қилиш.
Иккинчиси – бундай корхоналарда камида беш йил ишлаган ходимлар фарзандларининг ўқиши учун контракт тўловини қоплаш. Бу чораларда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва инсон капиталига сармоя киритиш ўзаро уйғунлашмоқда.
Хотин-қизлар бандлиги масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Йиғилишда вилоятда ишлаш истагида бўлган уч минг нафар аёл бола парвариши сабабли ишга чиқа олмаётгани қайд этилди. Уларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш имкониятини кенгайтириш аёлларга ўз касбига қайтиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш йўлини очади, оила даромадини ҳам оширади. Демак, бандлик сиёсати ҳар бир инсоннинг реал ҳаётий шароитини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Тадбиркорликда тенг имкониятларни таъминлаш молиявий ресурслардан фойдаланишни енгиллаштиришни ҳам тақозо этади. Йил бошидан гаров ёки кафил тополмаган 35 минг кишига кредит берилмагани бу масаланинг қанчалик долзарблигини кўрсатади. Кредит ажратишда реал пул оқими ва узоқ муддатли шартномаларга таяниш, 500 миллион сўмгача бўлган лойиҳалар учун бизнес-режа талабини бекор қилиш бўйича белгиланган ёндашувлар ташаббускор инсонларга ўз ғояларини амалга ошириш учун кенгроқ имконият очади.
Тоза ичимлик суви, уй-жой, йўл ва мактабгача таълимга доир вазифалар ҳам аҳоли фаровонлиги билан бевосита боғлиқ. Бир миллион кишининг сув таъминотини яхшилашга қаратилган магистрал қувур лойиҳаси кўплаб хонадонларнинг кундалик ташвишини енгиллаштиришга хизмат қилади. Ижтимоий адолат одамларнинг ана шундай оддий, аммо ҳаётий эҳтиёжлари қондирилишида ҳам намоён бўлади.
Белгиланган вазифалар ижросига ҳисса қўшиш партиямиз депутатлари ва ҳудудий ташкилотларидан фаоллик ҳамда масъулият талаб этади. Ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва самарали сарфланиши, яратилаётган иш ўринларининг барқарорлиги, аҳоли мурожаатларининг ҳал этилиши депутатлик назоратининг устувор йўналишлари бўлиши лозим. Одамларнинг фикрини эшитиш, муаммоларини мутасадди идоралар олдига қўйиш ва ечимига эришиш – доимий вазифамиз.
Ҳеч шубҳасиз, Андижоннинг меҳнатсевар аҳолиси, тадбиркорлик салоҳияти ва ёшларининг билими белгиланган эзгу мақсадларга эришишда мустаҳкам таянч бўлади.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
