«Адолат» СДП ишчи гуруҳининг Тахтакўпир туманидаги ўрганишлари давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Ҳудудда 2026 йилда «Аёллар дафтари»нинг еттинчи босқичига ижтимоий кўмакка муҳтож 1 127 нафар хотин-қиз киритилган. Уларнинг 1 074 нафарига турли йўналишларда ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилган. Хусусан, 656 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган, тадбиркорлик қилиш истагидаги 35 нафар аёлга кредит маблағлари ажратилишида кўмаклашилган.
Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 13 нафар хотин-қизнинг хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, икки нафарига ижара тўлови учун компенсация ажратилган. Шунингдек, 281 нафар аёлга тиббий ва психологик хизматлар кўрсатилган, 87 нафарига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган.
Хотин-қизларни касбга ўқитиш ва мустақил даромад топишга йўналтириш ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Касбий лаёқати ва қизиқишидан келиб чиқиб, 383 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилган.
Тикувчилик билан шуғулланиш истагидаги беш нафар хотин-қизга ссуда асосида тикув машинаси ажратилишида амалий ёрдам берилган. Бандлиги таъминланмаган 32 нафар аёл ҳунармандчиликка жалб этилган.
Жорий йилда ўтказилган «Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» танловида туман бўйича 17 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдорида грант ажратиш белгиланган.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш орқали ижтимоий реестрга киритилган ҳамда кам таъминланган оилалардаги 15 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида «Аёллар дафтари»га киритилган 38 нафар хотин-қизнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларида ҳордиқ чиқариши ташкил этилган.
Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар натижасида ажрим ёқасига келиб қолган 48 та оилани яраштиришга кўмаклашилган. Ушбу оилаларда 113 нафар вояга етмаган фарзанд тарбияланмоқда.
Туманнинг «Даўир» маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-240-сон Фармони ижроси доирасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ташкил этилган.
Ишчи гуруҳ ўрганишларида таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, педагоглар салоҳияти ва ўқувчилар учун яратилган имкониятларга ҳам эътибор қаратилди.
Туманда 23 та умумтаълим мактаби, битта «Келажак» маркази ҳамда 33 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Мактабгача таълим ташкилотларининг 16 таси давлат, 17 таси оилавий шаклда ташкил этилган.
Мактаблар жами 10 950 ўринга мўлжалланган бўлиб, уларда 6 501 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Меҳнат қилаётган 1 027 нафар педагогнинг 97 фоизи олий маълумотга эга.
«Ташаббусли бюджет» доирасида таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2025 йилда «Даўқара» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13-сонли мактабнинг ташқи ва ички иситиш тизимини янгилаш учун 1 миллиард 238 миллион 430 минг сўм ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан 1 698 квадрат метр майдонни иситиш тизими янгиланиб, 10 та қозон ўрнатиш ишлари тўлиқ бажарилган.
«Даўир» маҳалласидаги 5-сонли мактабда сунъий қопламали спорт майдончаларини барпо этиш учун 1 миллиард 199 миллион 413 минг сўм ажратилган. Лойиҳа доирасида 24×44 метр ўлчамли футбол ҳамда 22×32 метр ўлчамли баскетбол ва волейбол майдончаларини қуриш ишлари олиб борилган. 2026 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсумида эса «Тахтакўпир» шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги 3-сонли мактабда ташкил этилган «Жасорат мактаби» синф хоналарини жиҳозлаш лойиҳаси ғолиб деб топилган.
Туман ўқувчилари ва педагоглари республика миқёсидаги танловларда ҳам натижаларга эришмоқда. Асосий фан олимпиадасининг 2026 йил 23–26 март кунлари Бухоро вилоятида ўтказилган республика босқичида 5-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси А. Жарилқасынова қозоқ тили ва адабиёти фанидан учинчи ўринни эгаллаган.
3-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчиси Медет Абуов 2025 йил 23–30 ноябрь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида малака оширган. Шу мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси А. Кипшакбаева «Йил ўқитувчиси» танловида ғолиб бўлиб, 600 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритган. Педагог хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги»нинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 13-сонли мактаб жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичида иштирок этган.
Аҳоли саломатлигини асраш ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам ўрганишларнинг муҳим йўналишларидан бўлди.
Тахтакўпир туманида тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли поликлиника, тўртта оилавий шифокор пункти ва учта оилавий поликлиникадан иборат жами тўққизта тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда.
Шунингдек, аҳолига тўртта тез тиббий ёрдам шохобчаси хизмат кўрсатмоқда. Тиббиёт бирлашмасида 115 та даволаш ўрни мавжуд бўлиб, туман аҳолисига 67 нафар шифокор ва 403 нафар ўрта тиббиёт ходими тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Туманда истиқомат қилаётган 38 858 нафар аҳолининг 19 643 нафари эркаклар, 19 215 нафари аёллардир. 18 ёшгача бўлган болалар сони 12 161 нафарни, жумладан, бир ёшгача бўлганлар 634 нафарни ташкил этади. Туғиш ёшидаги аёллар сони 8 964 нафар.
Тиббиёт муассасаларининг диагностика ва даволаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бирлашма жами 1 миллиард 600 миллион сўмлик портатив УТТ ва рентген аппаратлари, лапароскоп ҳамда коагулометр билан таъминланган.
2025 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсуми доирасида 1 миллиард 500 миллион сўм ҳисобидан бирлашманинг иситиш тизими янгиланган. Иккинчи мавсумда эса 1 миллиард 194 миллион сўмлик 21 номдаги тиббий ускуналар ва компьютерлар харид қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудий тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга оид 2023 йил 31 июлдаги ПҚ-252-сон қарори доирасида 2026 йил июнь ойида Тахтакўпир туман тиббиёт бирлашмасига 35 турдаги 683 дона тиббий ускуна етказиб берилган. Уларнинг умумий қиймати 3 миллиард 615 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳудуддаги ўрганишлар давом этмоқда.
