Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий манфаатларига мос тараққиёт йўлини танлаш ва халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш имконини берди. Бу улуғ неъматни асраш, мамлакатимиз салоҳиятини юксалтириш ва келгуси авлодларга обод Ватан қолдириш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган бош ғоя асосида нишонлаш замирида ҳам ана шу мақсад мужассам. Ушбу қутлуғ сана босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни қадрлаш ва олдимизда турган вазифаларни янада чуқурроқ англашга ундайди.
Сўнгги ўн йилликда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар мамлакатимизнинг ривожланиш имкониятларини кенгайтирмоқда. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар ҳам халқимиз фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу маънода, ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратиш мамлакат келажагига қўйилган энг муҳим сармоядир.
Ёшларга билдирилаётган ишонч уларнинг давлат бошқарувидаги иштироки мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган нутқида келтирилган маълумотларга кўра, 87 минг нафар давлат хизматчисининг 16,5 минг нафарини, яъни қарийб 19 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этган. Уларнинг 902 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётгани таъкидланган. Бу ишонч ёш кадрлардан пухта билим, ҳалол меҳнат ва ўз вазифасига масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари мазкур нутқида мамлакатлар ўртасидаги рақобатда билим, технология ва инсон капитали ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Бу фикр ҳар бир ёшни ўз устида мунтазам ишлашга, янгиликларни ўзлаштиришга ва эгаллаган билимини амалий натижага айлантиришга ундайди.
Ёшларни замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитиш, уларнинг интилишларини рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар ана шу мақсадга йўналтирилган. Жумладан, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга оид 2024 йилги давлат дастурида халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 6 минг нафар ёшнинг имтиҳон харажатларини қоплаб бериш вазифаси белгиланган эди. Бундай қўллаб-қувватлаш ёшларнинг билим олишга қизиқишини ошириш ва халқаро таълим имкониятларидан фойдаланишини кенгайтиришда аҳамиятлидир.
Таълим сифатини оширишга қаратилган ёндашув юридик кадрлар тайёрлаш тизимида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 26 ноябрдаги ПФ–232-сон фармонида юридик таълимни амалиёт билан узвий боғлаш, клиник ва дуал таълим тамойилларини жорий этиш, таълим, тадқиқот ва амалиёт интеграциясини таъминлаш вазифалари белгиланган. Бу чоралар ҳуқуқий билимларини ҳаётий вазиятларда қўллай оладиган, замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Юридик таълимда халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг аҳамиятини ўз ҳаётимда ҳам ҳис қилганман. Тошкент давлат юридик университетида ўқиган давримда академик мобиллик дастури доирасида Польшадаги Адам Мицкевич университетида халқаро ҳуқуқ ва Европа ҳуқуқи йўналишларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдим.
Бу тажриба касбий дунёқарашимни кенгайтириб, ҳуқуқшунос учун миллий қонунчиликни пухта билиш билан бирга халқаро ҳуқуқий ёндашувларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва улардан ўринли фойдаланиш қанчалик муҳимлигини англатди. Эгаллаган билим ва тажрибамни юртимиз тараққиёти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида қўллашни ўз олдимдаги муҳим вазифа деб биламан.
«Адолат» социал-демократик партияси Марказий аппаратида фаолият юритаётган ёш мутахассис ва Ёшлар парламенти аъзоси сифатида бу масъулиятни янада теран ҳис қиламан. Мен учун ислоҳотларга дахлдорлик — зиммамдаги вазифаларни виждонан бажариш, ёшларнинг фикр ва ташаббусларига эътиборли бўлиш, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамни қўшиш демакдир.
Бугун ёш авлод олдида турган вазифа аниқ: яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, чуқур билим олиш, касбини пухта эгаллаш ва меҳнати билан халққа наф келтириш. Ҳар биримиз ўз соҳамизда ана шу мезонлар асосида фаолият юритсак, умумий тараққиётга хизмат қиладиган натижаларга эришамиз.
Мустақилликни асраш ва мустаҳкамлаш йўлидаги масъулият ҳар куни — ўқишимизда, меҳнатимизда, қарорларимиз ва амалий ишларимизда намоён бўлиши керак. Зеро, Ватан келажаги учун масъулиятни ҳис қилиб яшаш — истиқлолга садоқатнинг амалий ифодасидир.
Аъзамбек АЛИМОВ,
«Адолат» СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти аъзоси
