Мустақиллик – бу нафақат давлатнинг сиёсий эркинлиги, балки халқнинг муносиб ҳаёт кечириши, инсон қадри ва саломатлиги энг олий қадрият сифатида эъзозланишидир. Ватанимизнинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятига юз тутганига 35 йил тўлди. Бу тарихан қисқа, аммо улкан ўзгаришлар, кенг ислоҳотлар ва буюк бунёдкорлик ишларига бой давр.
Босиб ўтилган тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими учун туб янгиланиш даври бўлганини кщрамиз. Бу йилларда тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, унинг сифатини ошириш, ҳудудлардаги имкониятларни кенгайтириш ва замонавий хизмат турларини жорий этиш борасида амалий қадамлар ташланди.
Энг муҳими, тиббиёт тизимидаги ёндашув ўзгара бошлади. Авваллари беморлар мураккаб тиббий хизмат учун марказга интилган. Бу эса вақт, маблағ ва ортиқча ташвиш дегани эди. Бугун бўлса, тиббий хизматнинг ўзи босқичма-босқич аҳоли яшайдиган ҳудудларга яқинлашди. Бу – соҳадаги ислоҳотларнинг энг муҳим натижалари.
Ушбу ислоҳотлар жараёнида тиббиёт соҳасига 230 триллион сўм йўналтирилиб, ҳудудларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга туширилди. 1 244 та муассаса реконструкция қилиниб, жиҳозланди. Бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошди.
Булар, аввало, аҳоли учун тиббий хизмат имкониятларининг кенгайганини англатади.
Айниқса, пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларининг ҳудудларга туширилгани тизимдаги катта амалий ўзгариш бўлди. Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бу кўрсаткичлар ортида эса минглаб инсонлар тақдири турибди. Узоқ йўл босиб сарсон бўлишдан қутулган бемор, оиласидан ажралмаган ҳолда даволаниш имкониятига эга бўлган инсон, вақт ва маблағини тежаган оила – буларнинг барчаси тиббий хизматни ҳудудларга яқинлаштириш сиёсати натижасидир.
Тиббиётда имкониятнинг қаерда яратилгани эмас, инсон ундан қанчалик тез ва осон фойдалана олиши муҳим.
Ислоҳотнинг асоси – бирламчи бўғин
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар қандай ислоҳот, аввало, аҳоли билан энг яқин ишлайдиган бўғиндан бошланиши керак. Чунки инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммонинг аксарият қисми ўз вақтида аниқланса, унинг олдини олиш ёки кучайиб кетишини чеклаш имконияти юқори бўлади.
Шу нуқтаи назардан, сўнгги беш йилда тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва маҳалла тиббий пунктлари сони 4 600 дан ошди. Бу рақам аҳоли билан тиббиёт тизими ўртасидаги масофа қисқараётганини кўрсатади.
Бугун тиббиётнинг вазифаси фақат беморни қабул қилиш билан чекланмаслиги керак. У аҳолининг саломатлигини мунтазам кузатиш, муаммони ўз вақтида кўриш ва зарур чораларни кечиктирмасдан кўришга хизмат қилиши зарур. Шу маънода, бирламчи бўғинни кучайтириш – тизим самарадорлигини оширишнинг энг ишончли йўлларидан бири.
Тез ёрдамда вақт омили
Тиббиётда вақт оддий ҳисоб-китоб бирлиги эмас. Айрим ҳолатларда бир неча дақиқанинг ўзи инсон ҳаёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Айнан тез тиббий ёрдам тизимида амалга оширилган ўзгаришлар алоҳида аҳамиятга эга.
2017 йилда мамлакатимизда 818 та тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 1 766 тага етди. Тез тиббий ёрдам бригадалари 1 648 тадан 2 838 тага, реанимобиллар эса 24 тадан 510 тага кўпайди. Тизимдаги автотранспорт воситаларининг 80 фоизи янгиланди.
Бу ўзгаришлар хизматнинг аҳолига етиб бориш имкониятида ҳам акс этди. Хизмат кўрсатиш радиуси шаҳарларда 25–30 километрдан 9–12 километрга қисқарди. Барча ҳудудларда тез тиббий ёрдамни электрон автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилди.
Бундан ташқари ҳомиладор аёлларни мунтазам назорат қилиш, туғма касалликларни эрта аниқлаш, чақалоқлар саломатлигини кузатиш ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар кучайтирилди. Шу билан бирга, бирламчи бўғинда аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни соғломлаштириш ишлари ҳам кенгайди. 8 500 нафар доянинг тиббий бригадалар таркибига киритилиши оналар ва чақалоқларга кўрсатиладиган эътиборни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, тиббий хизмат фақат муаммо пайдо бўлганидан кейин унга жавоб қайтариш билан чекланмай, унинг олдини олишга ҳам қаратилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, электрон тиббий ҳужжатлар, электрон рецепт, электрон йўлланма, тиббий маълумотларни интеграциялаш ва тез тиббий ёрдамни автоматлаштириш – буларнинг барчаси тизимдаги жараёнларни соддалаштириш ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган.
Рақамлаштиришнинг асосий вазифаси – шифокорнинг қоғозбозликка сарфлайдиган вақтини камайтириш, тиббий маълумотлар билан ишлашни енгиллаштириш ва мутахассиснинг беморга кўпроқ вақт ажратиши учун имконият яратишдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида бирламчи тиббий ёрдамни трансформация қилиш, тиббиётни молиялаштириш тизимини ислоҳ этиш ва рақамли соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришни қайд этган.
2021 йилда Сирдарё вилоятида пилот лойиҳа сифатида амалиётга киритилган рақамлаштириш жараёнини ислоҳотлар самараси дейишимиз мумкин. Демак, рақамлаштириш – бу тиббиёт тизимида қарор қабул қилишни аниқ маълумотларга асослаш, хизматларни бошқаришни енгиллаштириш ва аҳоли учун қулайлик яратишнинг муҳим воситасидир.
Мухтасар айтганда, олис ҳудудда яшаётган инсон зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида олиш, она ўз саломатлиги ва фарзанди учун зарур хизматдан фойдаланиш, тез тиббий ёрдам чақирув жойига вақтида етиб бориш, шифокор беморга кўпроқ вақт ажратиш имкониятига эга бўлмоқда – ислоҳотнинг асл моҳияти ана шунда намоён бўлаяпти.
Абдулазиз НОСИРОВ,
Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутати,Тошкент Давлат тиббиёт университети декани
