Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришганидан буён ўтган 35 йиллик даврда давлатчилигимизнинг ҳуқуқий ва сиёсий асослари мустаҳкамланди, миллий иқтисодиёт шаклланди, жамият ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар амалга оширилди.
Мустақилликнинг тарихий аҳамиятини англаш учун, аввало, унинг илдизлари халқимизнинг кўп минг йиллик давлатчилик ва цивилизация тарихига бориб тақалишини эслаш лозим. Буюк аждодларимиз — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари алломалар нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният илм-фани ва тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса марказлашган давлатчилик, адолат ва бунёдкорликнинг юксак намунаси сифатида тарихимизда ўчмас из қолдирган.
ХХ аср бошларида миллий озодлик ва маърифатпарварлик ҳаракатининг пешқадамлари бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби жадидлар халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, замонавий илм-маърифатга эга бўлиши ҳақида орзу қилган эдилар. Бугун биз бу орзу-мақсадларнинг амалий ифодасини кўриб турибмиз.
Мустақиллик туфайли она тилимиз, миллий қадриятларимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Энг муҳими, халқимиз ўз тарихи, миллий ғурури ва буюк аждодлари билан фахрланиш, ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Шу боис истиқлол байрами — ўтмишга ҳурмат, бугунга шукр ва келажакка юксак ишонч тимсолидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси — инсон манфаати ва қадрини давлат сиёсатининг марказига олиб чиқиш бўлди. Аҳоли йиллар давомида дуч келган қатор муаммоларга барҳам берилди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши тизимли кураш олиб борилиб, бу иллатларга чек қўйилди. Валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши, солиқ ва божхона соҳаларидаги ислоҳотлар, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилган эски маъмурий механизмларнинг бекор қилиниши одамларнинг давлатга бўлган муносабатини ҳам ўзгартирди.
Энг муҳими, жамиятда одамларнинг давлатдан қўрқиши эмас, балки давлатга ишониши ва ўз келажагига ишонч билан қараши учун янги муҳит шаклланди. Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очилиши ҳам муҳим тарихий натижалардан бири бўлди. Қўшни давлатлар билан чегара ва муносабатларга оид муаммолар ҳал этилди, Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳити мустаҳкамланди.
Иқтисодий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш кўлами кескин ошди. Илгари йилига бир неча миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич ўнлаб миллиард долларга етмоқда. Бу рақамлар ортида янги корхоналар, янги иш ўринлари, замонавий технологиялар, янги касблар ва инсонлар учун янги имкониятлар мужассам.
Албатта, ҳар қандай статистик кўрсаткичнинг ортида инсон тақдири туради. Шунинг учун бу натижаларни фақат рақам сифатида эмас, балки ўз хонадонида барака, иш ва даромад пайдо бўлган, фарзандини ўқитиш учун имкониятга эга бўлган миллионлаб инсонларнинг ҳаётидаги ўзгариш сифатида баҳолаш керак. Замонавий уй-жой билан таъминланган 650 мингдан зиёд оила ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ҳам ижтимоий давлат тамойилининг амалий ифодасидир.
Келгуси тараққиётимиз тақдири, шубҳасиз, инсон капиталига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Мактабгача таълим қамровининг кенгайиши, янги мактаблар ва ўқув ўринларининг яратилиши, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши фарзандларимизга сифатли таълим олиш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Олий таълимда ҳам қамров кескин ошди. Талабалар сонининг 1 миллион 600 минг нафарга етгани ёш авлоднинг билим олишга бўлган интилишини яққол кўрсатади. Айниқса, талабалар орасида хотин-қизлар салмоғининг юқорилиги алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, билимли қиз — билимли оила, билимли оила эса билимли ва маърифатли жамият демакдир.
Эндиликда олдимизда янада катта вазифалар турибди. Олти ёшли болаларни тайёрлов гуруҳларига 100 фоиз қамраб олиш, мактабларни халқаро баҳолаш дастурларига тўлиқ интеграция қилиш, техникумларда замонавий касбларга ўқитишни кенгайтириш, камида 10 та миллий университетимизни жаҳоннинг ТОП-1000 талигига киритиш — буларнинг барчаси инсон капиталини янги босқичга кўтаришга қаратилган.
Шунингдек, инсон қадрини юксалтириш ҳақида гап кетганда, аҳоли саломатлиги масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада оширилди. Янги тиббиёт муассасалари барпо этилди, хусусий сектор учун кенг имкониятлар яратилди, юқори малакали тиббий кадрлар тайёрлашга эътибор кучайтирилди.
Энг муҳими, илгари хорижда амалга оширилган мураккаб диагностика ва даволаш усулларининг мамлакатимизда ҳам йўлга қўйилиши тиббиёт соҳасининг салоҳияти ошиб бораётганини кўрсатади. Келгуси даврда эса профилактикага асосланган тиббий хизмат моделини жорий этиш, давлат тиббий суғуртасини барча хонадонларга татбиқ қилиш, замонавий тиббиёт ва фармацевтикани янада ривожлантириш устувор вазифалардан бўлади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан белгиланаётган энг муҳим вазифа — эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, мамлакатимизни тараққиётнинг янада юқори босқичига олиб чиқишдир.
Шу маънода, келгуси ўн йилликнинг миллий юксалиш даври сифатида белгиланиши улкан стратегик мақсадларни ўз ичига олади. Бу жараёнда 7 та миллий дастур алоҳида аҳамият касб этади.
Биринчи дастур — билим ва малакани миллий тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Бу орқали мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган тизим сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилади.
Иккинчи дастур — халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади. Профилактикага асосланган тиббиёт, тиббий суғурта ва замонавий тиббий технологияларни кенг жорий этиш инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг янги моделини шакллантиради.
Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишни кўзда тутади. Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноатда юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш каби вазифалар иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар очади.
Тўртинчи дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш ва шаҳар ҳамда туманларда яшил ҳудудларни кенгайтириш экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Бешинчи миллий дастур — суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш. Адолат қарор топмаган жойда барқарор тараққиёт бўлиши қийин. Шу боис фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, кибержиноятчилик, одам савдоси, уюшган жиноятчилик ва “яширин иқтисодиёт”га қарши курашни кучайтириш муҳим вазифадир.
Олтинчи дастур маҳалланинг жамият тараққиётидаги ролини янада кучайтиришга қаратилган. Маҳалланинг ўзида аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш, давлат ва инвестиция дастурларини реал эҳтиёжлар асосида шакллантириш — халқчил бошқарувнинг муҳим шартидир.
Еттинчи миллий дастур эса Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, очиқ ва бағрикенг давлат сифатидаги халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўли — бу халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий ўзлигини англаш ва муносиб ҳаёт барпо этиш йўлидир. Бугун эришилган натижалар бизга катта ишонч бағишлаётган бўлса, олдимизда турган 7 та миллий дастур келгуси ўн йилликни том маънода миллий юксалиш даврига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Муҳаррам Дадахўжаева,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси
