Ўзбекистон Республикаси Президентининг «“Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди.
Фармонда суд тизимини «халқчил суд», «адолат қўрғони», «кафолатланган адолат», «адолат посбонлари», «рақамли одил судлов» ва «халқаро эътироф» устувор йўналишлари асосида ривожлантириш белгиланди. Бу, энг аввало, суд фаолиятининг марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари туриши лозимлигини англатади.
2027 йилдан ҳудудлараро судларни ташкил этиш, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш жараёнида холисликни кучайтириш, чекка ҳудудларда фуқаролик судларини босқичма-босқич ташкил қилиш каби чора-тадбирлар одил судловни аҳолига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Жиноят процессида суд назоратини кучайтиришга қаратилган нормалар инсон ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Тергов судьяларининг шахсни ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилигини текшириш борасидаги ваколатлари кенгайтирилиши «шахс ҳуқуқлари — ҳар қандай ҳуқуқий жараённинг марказида» деган конституциявий тамойилни амалдаги кафолатлар билан мустаҳкамлайди.
Суд амалиётининг очиқлигини таъминлаш, «Прецедентлар» реестрини жорий этиш, ягона суд амалиётини шакллантириш жараёнига жамоатчилик ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқий аниқликни кучайтиради, суд қарорларининг асослилиги ва барқарорлигини оширади. Бу эса фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини юксалтиришда муҳим омил бўлади.
«Ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш, my.sud.uz порталининг имкониятларини кенгайтириш, судга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда «проактив case management» механизмларини татбиқ этиш фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчиликларини камайтиради. Зеро, рақамлаштиришнинг энг муҳим натижаси технологиянинг ўзида эмас, балки инсоннинг вақти, маблағи ва кучи тежалишида намоён бўлади.
Судьяларни одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этиш, суд маъмурчилиги институтини жорий қилиш ҳам суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Судья маъмурий юмушлар билан эмас, ишларни ҳар томонлама, холис ва қонуний кўриб чиқиш ҳамда адолатли қарор қабул қилиш билан шуғулланиши лозим.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси мазкур Фармонни инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг давлат институтларига ишончини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий қадам сифатида қўллаб-қувватлайди.
Энг муҳими, стратегиянинг амалий самараси қоғозда белгиланган вазифалар ёки статистик кўрсаткичлар билан эмас, балки оддий фуқаронинг «менинг ҳуқуқим ҳимоя қилинди, адолат қарор топди», деган қатъий ишончи билан баҳоланади.
Ишонаманки, «Одил судлов — 2030» стратегиясининг изчил ва тўлақонли амалга оширилиши суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларнинг ишончли ҳимоячисига, адолат ҳамда қонун устуворлигининг мустаҳкам қўрғонига айлантиради.
Орифжон ЎЛМАСОВ,
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси
Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари
