Ҳар қандай давлатнинг демократик тараққиёти, аввало, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг қай даражада таъминлангани билан белгиланади. Қонун инсон манфаатига хизмат қилса, фуқаро ўз ҳуқуқи ва эркинликларини давлат томонидан ишончли ҳимоя қилинаётганини ҳис этса, жамиятда адолат ва барқарорлик муҳити мустаҳкамланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг суд тизими раҳбарлари билан ўтказган навбатдаги учрашувида ҳам ана шу жараённинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва олдинда турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Мулоқотда судлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдим этилди.
Ушбу стратегия мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги сифат босқичига олиб чиқиш, судни халққа янада яқинлаштириш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Энг муҳими, янги ёндашувда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижаси фақат янги қонунлар, ташкилий ўзгаришлар ёки рақамли платформалар билан эмас, балки инсон ҳаётидаги амалий ўзгаришлар билан баҳоланиши лозимлигига урғу берилмоқда. Яъни фуқаро судга мурожаат қилганда ортиқча овора бўлмаслиги, бузилган ҳуқуқи ўз вақтида тикланиши, суд қарори қонуний, асосли ва адолатли эканига ишонч ҳосил қилиши керак.
Шу боис “Одил судлов – 2030” стратегиясида судларни халққа яқинлаштириш, мурожаат қилиш жараёнини соддалаштириш ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.
Стратегия аҳолининг таклифлари, олимлар, амалиётчи юристлар ва адвокатлар билан мулоқотлар, суд амалиёти таҳлили ҳамда илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган. Унда 57 та вазифа, 2026–2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та аниқ чора-тадбир ва 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад белгилаб қўйилган. Уларнинг барчасини бирлаштириб турган асосий ғоя эса — инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ва судга бўлган ишончни мустаҳкамлашдир.
Стратегияда суд тизимини ислоҳ қилишнинг “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби устувор йўналишлари белгилангани ҳам бежиз эмас. Бу тушунчалар замирида бир-бири билан узвий боғлиқ мақсад мужассам: суд инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, адолат қарор топадиган, ҳар қандай ташқи таъсирдан холи ва замонавий технологияларга асосланган тизим бўлиши керак.
Шу билан бирга, суд ҳимояси ҳар бир инсон учун бирдек очиқ ва қулай бўлиши керак. Айниқса, чекка ҳудудларда яшаётган фуқаролар учун бу масала алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсадда 2027–2030 йилларда аҳоли сони, судга келиб тушаётган ишлар ҳажми, судьяларнинг иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Бу ташаббуснинг ижтимоий аҳамияти жуда катта. Чунки фуқаролик судларида кўриладиган ишлар одамларнинг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Оилавий низолар, мулкий масалалар, мерос, уй-жой, меҳнат муносабатлари ва бошқа кўплаб ҳаётий масалалар айнан шу судлар ваколатига тааллуқли. Демак, фуқаролик судларининг аҳолига яқинлашиши — адолатнинг ҳам инсонга яқинлашишидир.
Яна бир муҳим янгилик — судларда “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини босқичма-босқич йўлга қўйишдир. Бунда фуқаро зарур ахборотни бир жойнинг ўзида олади, процессуал мурожаатларини топширишда ташкилий ёрдамга эга бўлади, рақамли суд хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Эътиборлиси, судга берилган ариза бошқа суднинг судловига тегишли бўлса, уни фуқарога қайтариш амалиётидан воз кечилиб, аризани суднинг ўзи тегишли судга юбориши белгиланмоқда. Аризада жузъий, яъни формал камчилик мавжуд бўлса ҳам, фуқаронинг мурожаатини қайтариб юбориш ўрнига, уни бартараф этишда суднинг ўзи фаол кўмаклашади. Бу ёндашув суднинг вазифаси фақат низони ҳал қилиш эмас, балки фуқаронинг одил судловга эришишини таъминлашдан иборат эканини яна бир бор намоён этади.
Адолатли судловнинг муҳим шартларидан яна бири бу — суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигидир. Шу мақсадда 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Жами 319 та бошқарув ходими штат бирлигидан иборат ушбу судларнинг юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб олади. Янги тартибга кўра, вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланади, тафтиш инстанциясининг ваколатлари эса ҳудудлараро судларга берилади. Бунинг натижасида бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқиши билан боғлиқ амалиётга чек қўйилади.
Шунингдек, Стратегияда жиноят процесси судга қадар бўлган босқичда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2027 йил 1 июлдан “асосли гумон” — Prima Facie халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясининг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Бунга кўра, тергов судьяси процессуал мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текширади. Зарур ҳолларда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имкониятига эга бўлади. Бу механизм инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг яна бир муҳим кафолати бўлади. Зеро, шахснинг эркинлигини чеклаш — ниҳоятда жиддий масала. Шунинг учун бундай қарорлар етарли ҳуқуқий асосларга таяниши, суд назоратидан ўтиши ва асоссиз чекловларга йўл қўйилмаслиги керак.
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб бораётган бир шароитда суд тизими ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. “Одил судлов – 2030” стратегиясида “рақамли одил судлов” алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилангани ана шу эҳтиёжнинг мантиқий натижасидир. Олий суднинг интерактив хизматлар портали — my.sud.uz такомиллаштирилади. Порталнинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади, “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизмати ривожлантирилади. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судга мурожаат қилишни янада осонлаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегияси мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мазмунан янги босқичга олиб чиқиб, судни инсонга янада яқинлаштириш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, суд қарорларининг холислиги ва қонунийлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимида очиқлик ва рақамлаштиришни кучайтиришга хизмат қилади.
Зеро, ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси янги институтлар ёки қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинаётганини ҳис этиши, судга мурожаат қилишда ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга дуч келмаслиги, энг муҳими, адолат қарор топишига қатъий ишонч ҳосил қилиши билан белгиланади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси
