Суд фаолиятида адолатни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори яратилмоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда қонун устуворлиги ва инсон қадрини улуғлаш борасидаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги, юксак босқичга олиб чиқади.
Фармонда “халқчил суд” тамойили алоҳида белгиланяпти ва бу ҳаммамиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Негаки, биз судни фақатгина қарор чиқарувчи идора эмас, балки инсон ўз топталган ҳуқуқини тиклаш учун ишонч билан мурожаат қиладиган, дарди эшитиладиган ва қонуний ҳимоя топадиган адолат маскани сифатида тушунамиз.
Судлар фаолиятининг очиқлиги, ахборот олиш имкониятларининг кенгайиши, “ягона дарча” тамойили ҳамда фуқароларга процессуал кўмак бериш тизими одил судловни аҳоли учун янада манфаатли ва қулай қилади.
Айниқса, чекка ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг босқичма-босқич ташкил этилиши одил судловни халққа географик жиҳатдан ҳам яқинлаштиради.
Албатта, судья қарор қабул қилишда ҳар қандай ташқи таъсир ва босимлардан холи бўлиб, фақат Конституция ва қонунга таяниши шарт.
Шу боис, судьяларни одил судловга алоқаси бўлмаган вазифалардан озод этиш, суд маъмурчилиги институтини жорий қилиш ҳамда моддий-техник таъминотни алоҳида тизимга ўтказиш уларнинг диққатини фақат холис одил судловга қаратишига сабаб бўлади.
Бу эса фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим институционал кафолати, дегани.
Стратегияда суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислигини ошириш учун ҳудудлараро судларни ташкил этиш, ягона суд амалиётини шакллантириш ва Олий суд Раёсати қарорларининг “Прецедентлар” реестрини очиқ эълон қилиш ташаббуслари белгилангани бугунги замон талабларига мос.
Жиноят процессида суд назоратининг кучайтирилиши, хусусан, шахсни ушлаб туриш, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш асосларининг етарлилигини суд орқали текшириш ваколатининг берилиши — шахс дахлсизлигининг мустаҳкам мезони.
Бу амалда “айбсизлик презумпцияси”ни таъминлайди.
Замонавий технологиялар асрида my.sud.uz порталини такомиллаштириш, унинг мобил иловасини ишга тушириш, интерактив мурожаат намуналари ва электрон излаш тизимини жорий этиш фуқароларнинг вақти ва маблағини тежайди.
Энг муҳими, рақамлаштириш одил судловни инсондан узоқлаштирмайди, аксинча, уни халққа янада яқин қилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон билан партиямизнинг Сайловолди дастурида адолатли ва мустақил суд тизимини яратиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида илгари сурилган тегишли таклифлари тўлақонли амалга ошмоқда.
Ва бу ушбу ташаббусларимизнинг нақадар ҳаётий ва зарур эканини яна бир бор исботлайди.
Мухтасар айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, янги мақсад ва вазифалар шунчаки қоғозда қолмай, ҳар бир фуқаро ҳаётида сезиларли натижа беришига ишонамиз.
Биз учун суд ислоҳотларининг энг муҳим мезони — қанча янги институт ташкил этилганида эмас, балки оддий фуқаро судга мурожаат қилганда ўзини қанчалик ҳимояланган ва адолат қарор топганини ҳис қилишидадир.
Мансуржон ҲАМИДОВ,
Навоий вилояти кенгаши раиси
