Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият тараққиётини мустақил ҳамда самарали суд тизимисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, адолатли суд нафақат бузилган ҳуқуқни тиклайдиган институт, балки фуқароларнинг давлатга, қонун устуворлигига ва жамиятдаги адолат тамойилларига бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган муҳим кафолатдир.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «“Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлиб, соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий қадамдир.
Стратегияда белгиланган 57 та устувор вазифа, 2026–2028 йилларга мўлжалланган 160 та аниқ чора-тадбир ҳамда 2030 йилга қадар эришилиши кўзда тутилган 33 та мақсадли кўрсаткичнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак, ислоҳотлар марказида суд идораларининг ўзи эмас, аввало, инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турганини кўрамиз.
Бу мақсад ва вазифалар Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқини ишончли кафолатлашга қаратилган дастурий ғоялари билан тўлиқ ҳамоҳангдир.
Айниқса, фуқаронинг нотўғри судга мурожаат қилгани учун сарсон бўлмаслиги, мурожаатнинг суд томонидан тааллуқлилиги бўйича ваколатли судга йўналтирилиши, аризадаги жузъий камчиликларни бартараф этишда фуқарога амалий кўмак берилиши судни халққа яқинлаштиришнинг муҳим ифодасидир.
Бу шунчаки ташкилий ёки процессуал ўзгариш эмас. Бу — «фуқаро суд учун эмас, суд фуқаро учун хизмат қилиши керак», деган халқчил тамойилнинг амалдаги ифодасидир.
Ҳудудлараро судларни ташкил этиш, фуқаролик судларини туман ва шаҳарлардаги аҳолига янада яқинлаштириш ҳам одил судловдан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Хусусан, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш учун узоқ масофага қатнаши билан боғлиқ вақт ва харажатларнинг камайиши суд ҳимоясининг барча учун тенг ва амалда қулай бўлишини таъминлайди.
Стратегияда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам ғоят муҳим. Чунки иқтисодий фаоллик учун қонунларнинг мавжудлиги билан бирга, тадбиркорнинг ўз ҳуқуқлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишига қатъий ишончи ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
«Иқтисодий ишларни проактив бошқариш» стандартининг жорий этилиши суд жараёнларида ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ишларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш ва тадбиркорлик муҳитида ҳуқуқий кафолатларни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Жиноят ишларида «асосли гумон» стандартининг жорий этилиши эса инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан принципиал аҳамият касб этади. Шахснинг эркинлиги, дахлсизлиги ва тақдири билан боғлиқ ҳар қандай процессуал қарор аниқ далиллар ҳамда етарли ҳуқуқий асосларга таяниши шарт. Бу — қонун устуворлиги, айбсизлик презумпцияси ва инсон қадрини таъминлашнинг энг муҳим талабларидан биридир.
Очиқ «Прецедентлар реестри»нинг юритилиши суд амалиётида ягона ёндашув ва ҳуқуқни қўллашнинг барқарор мезонларини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, қонун олдида тенглик фақат ҳуқуқий ҳужжатлар матнида эмас, балки уларнинг мамлакатнинг барча ҳудудларида ва барча судлар томонидан бир хил мезонлар асосида қўлланилишида ҳам намоён бўлиши лозим.
«Рақамли суд» тизимининг тўлиқ ишга туширилиши суд жараёнларининг тезкорлиги, шаффофлиги ва фуқаролар учун қулайлигини оширади. Электрон мурожаатлар улушининг кўпайиши, суд мажлисларининг аудио қайд этилиши ва замонавий рақамли имкониятларнинг кенг жорий қилиниши одил судловда очиқлик, холислик ҳамда масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади.
Стратегиянинг энг муҳим жиҳати шундаки, у суд тизимини фақат институционал жиҳатдан такомиллаштиришни эмас, балки фуқаронинг судга бўлган муносабати ва ишончини тубдан ўзгартиришни назарда тутади.
Ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси қабул қилинган ҳужжатлар ёки жорий этилган тартиблар сони билан эмас, балки оддий инсоннинг кундалик ҳаётида сезилган ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Фуқаро судга мурожаат қилганида ортиқча оворагарчиликка дуч келмаса, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун сунъий тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келмаса, суд қарорининг холис, қонуний ва асосли эканига ишонса — ана шунда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг амалий самараси намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, «Одил судлов — 2030» стратегияси суд тизимини ислоҳ қилиш дастуригина эмас. У қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий адолат ва давлатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт йўлидир.
Адолат қарор топган жойда ишонч бўлади. Ишонч устувор бўлган жамиятда эса барқарор тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
Шу боис суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичидаги бош мезон битта: инсон судга кирганида ўз ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганини, суддан чиққанидан сўнг эса адолат қарор топганини ҳис қилиши керак.
Тоҳир Палванов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси
