Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ижросини ўрганиш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказмоқда.
Шундай мулоқотлар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Наримон Умаров ва Бахтиёр Ортиқов Тошкент вилоятининг Бўка туманида бўлди. Депутатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, давлат ташкилотлари масъуллари, маҳалла фаоллари ва ёшлар билан учрашди.
Мулоқотларда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Бўка туманида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ва кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳудуддаги натижалари таҳлил этилди.
Учрашувларда «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда жорий йилги Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноатни диверсификациялаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Президентнинг маҳалла бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган фармони мазмун-моҳияти ҳам иштирокчиларга атрофлича тушунтирилди. Хусусан, маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, унинг фаолиятини рақамлаштириш ҳамда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг масъулиятини ошириш бўйича белгиланган янги вазифалар хусусида маълумот берилди.
Депутатлар Бўка туманидаги «Дўстлик» ва «Наврўз» маҳаллаларида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади. Учрашувлар давомида бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар тарбияси йўналишларида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
«Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Турсуной опа хонадонида ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан ҳам танишилди. Муассасада болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, унинг фаолиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳаллий ижро ҳокимияти ва маҳалла масъуллари билан биргаликда таълим ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
«Наврўз» маҳалласидаги бир қатор хонадонларда ўтказилган ўрганишлар давомида ҳудудни ободонлаштириш, томорқалардан самарали фойдаланиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган масалаларга эътибор қаратилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъуллар билан биргаликда зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўрганиш доирасида депутатлар туман марказидаги «Laboratory of Languages» ўқув марказининг иккинчи филиали очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Улар ёшларга хорижий тилларни сифатли ўргатиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун яратилган таълим муҳити билан танишди.
Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқотда таълим сифати ҳамда ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини янада ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Учрашувларда парламент томонидан қабул қилинган янги қонунлар, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти сайловчиларга етказилди.
Депутатлар аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган парламент ҳамда депутатлик назорати изчил давом эттирилишини таъкидлади.
