Наманган вилоятининг Норин туманида қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлган интенсив усулда форель етиштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Йилига 8,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш ва 150 га яқин янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган мазкур лойиҳа ҳудуд иқтисодиётининг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Наманган вилоятидаги ўрганишлари доирасида Норин туманида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар билан танишилди.
Бугун қишлоқ тараққиёти нафақат ердан унумли фойдаланиш, балки илм-фан, инновация ва тадбиркорликни ўзаро уйғунлаштириш билан ҳам белгиланмоқда. Илгари етарлича фойдаланилмаган табиий ресурслар замонавий технологиялар асосида янги иқтисодий имкониятларга айланмоқда.
Бундай лойиҳалар аҳоли учун муносиб иш ўринлари, оилалар учун барқарор даромад манбаи яратиш билан бирга, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ишчи гуруҳ дастлаб Норин туманидаги «Учтепа» маҳалласида тадбиркор Собиржон Имомов хонадонида йўлга қўйилган интенсив усулда форель етиштириш жараёнини кўздан кечирди.
Ёш тадбиркор Юсуфжон Имомов бошқараётган ушбу лойиҳа доирасида қисқа вақт ичида 3 минг дона форель чавоғи парваришга қўйилган.
Хонадонда паррандачилик ва лимон етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Бу бир томорқанинг ўзида бир нечта даромад манбаини шакллантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мумкинлигини амалда намоён этмоқда.
Ўрганиш доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган «Янги Наманган» маҳалласида аҳоли учун яратилган замонавий инфратузилма, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматлар билан ҳам танишилди. Шунингдек, 106 мингдан ортиқ китоб фондига эга ахборот-кутубхона марказининг аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг «Fishville Norin» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган йирик интенсив форельчилик лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Мелиоратив тик қудуқлардан чиқариладиган совуқ сувдан самарали фойдаланишга асосланган мазкур ташаббус Норин туманини мамлакатимизда совуқ сув балиқчилигининг истиқболли марказларидан бирига айлантирмоқда.
Лойиҳа доирасида йилига 8,5 минг тонна форель балиғи етиштириш ва 150 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Кейинги босқичларда лосось ва осётр сингари қимматли балиқ турларини парваришлаш ҳам кўзда тутилган.
Қўлланилаётган интенсив технологиялар сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, сувни қайта айланмага киритиш ҳамда юқори маҳсулдорликка эришиш имконини бермоқда.
Айни пайтда Норин туманида 200 га яқин интенсив балиқ етиштириш ҳавзаси ташкил этилган бўлиб, соҳага 40 миллиард сўм инвестиция жалб қилинган. Бу кўрсаткичлар ортида янги иш ўринлари, юзлаб оилаларнинг барқарор даромади ва ҳудуд иқтисодиёти учун янги ўсиш нуқталари мужассам.
Партия вакиллари мазкур лойиҳаларнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамияти ҳам юқори эканини таъкидладилар. Зеро, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш халқ фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим шартларидир.
Норин туманида амалга оширилаётган ташаббуслар яна бир муҳим ҳақиқатни тасдиқламоқда: давлат кўмаги, хусусий ташаббус ва инновацион ёндашув уйғунлашган жойда иқтисодий тараққиёт ҳамда инсон манфаатларини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратилади. Ана шундай лойиҳалар Янги Ўзбекистон қишлоқларининг замонавий қиёфасини шакллантириб, халқ фаровонлиги ва ҳудудлар тараққиётига хизмат қилади.
