Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилаётган бугунги кунда маҳалла ушбу сиёсатнинг энг муҳим ва таъсирчан бўғинига айланмоқда. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорликка жалб этилиши, спорт билан шуғулланиши, энг муҳими, жамиятда муносиб ўрин топиши маҳаллада йўлга қўйилган тизимли ишларнинг самараси билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Наманган вилоятидаги ўрганишлари доирасида Уйчи туманидаги илғор ҳудудлардан бири — «Деҳқон» маҳалласи фаолияти билан танишилди.
Бу жараён маҳаллада ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижаларини яқиндан ўрганиш имконини берди.
Тадбир давомида маҳалла «еттилиги»нинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш амалиёти, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида тўпланган тажриба атрофлича ўрганилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла «еттилиги» фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш, депутатлар ва маҳалла институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани мазкур маҳалла мисолида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизими ҳақида ёшлар етакчиси, спорт устаси Маъруфжон Юсуфжонов батафсил маълумот берди. Қайд этилганидек, «Деҳқон» маҳалласида айни пайтда 668 нафар ёш истиқомат қилади. Уларнинг 118 нафари олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда, 17 нафари тадбиркорлик билан шуғулланмоқда, 189 нафари эса умумтаълим мактаблари ўқувчиларидир. Бу кўрсаткичлар маҳаллада ёшларни таълим, касб-ҳунар ва бандликка йўналтириш бўйича манзилли ишлар олиб борилаётганини кўрсатади.
Айниқса, маҳаллада 300 нафар бола ва ёшнинг мунтазам равишда спорт тўгаракларига жалб этилгани эътиборга молик. Бунинг самараси ўлароқ, маҳаллада 38 нафар Ўзбекистон чемпиони ҳамда 16 нафар халқаро мусобақалар ғолиби етишиб чиққан.
Мазкур натижалар маҳаллада спорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган мақсадли ишлар самарасидир.
Маъруфжон Юсуфжоновнинг қайд этишича, чемпион ёшлар ота-оналарининг аксарияти Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси аъзоларидир. Бу эса фарзандлар тарбиясида оила, маҳалла ва партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Ёшлар эришаётган ютуқларда улар учун яратилган имкониятлар, доимий эътибор ва маънавий қўллаб-қувватлашнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди.
Озода Парпибоева маҳаллада камол топган чемпион ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Уларнинг спортдаги муваффақиятлари, келгуси мақсад ва режалари билан қизиқди.
Ҳар бир ёшнинг ютуғи мамлакатимиз келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевор эканини таъкидлаган Озода Парпибоева спортчи ёшларга янги марраларни забт этиш йўлида куч-ғайрат ва муваффақият тилади.
Учрашувда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, турли зарарли иллатлардан асраш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида маҳаллада йўлга қўйилган тизимли ишлар юксак баҳоланди.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг маҳалла «еттилиги» билан ҳамкорликда хонадонларга кириб бориши, аҳолининг дарду ташвишини эшитиши, мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимига амалий кўмаклашиши муҳим экани таъкидланди. Шу билан бирга, аҳолига давлат томонидан яратилган имконият ва имтиёзларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари ҳам самарали йўлга қўйилгани қайд этилди.
Маҳалла раиси Маҳмуджон Эгамбердиевнинг ташаббускорлиги ва аҳоли билан доимий мулоқоти ҳудуддаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Профилактика инспектори Абдуфоҳид Жабборов томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Бу маҳалла «еттилиги»нинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасига юксак масъулият билан ёндашаётганидан далолат беради.
Ўрганиш якунида «Деҳқон» маҳалласи тажрибаси муҳим бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлаётгани таъкидланди: ёшларга оид давлат сиёсати, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳаллада аҳиллик, тизимли ёндашув қарор топса, ёшларнинг ютуқлари, оилалар фаровонлиги ва жамият тараққиёти учун мустаҳкам замин яратилади.
Бугун «Деҳқон» маҳалласида шаклланган ҳамкорлик муҳити — маҳалла, партия, депутатлар, давлат идоралари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги амалий натижалар бераётганининг ёрқин намунасидир.
