Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёти янги босқичга қадам қўймоқда. Энди ислоҳотларнинг самараси қабул қилинган қарорлар ёки расмий ҳисоботлардаги рақамлар билан эмас, аввало, инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан баҳоланади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ана шу ҳақиқатни яна бир бор очиқ ва қатъий намоён этди.
Йиғилишда мамлакат иқтисодиётининг жорий йил биринчи ярим йиллигида 8,5 фоизга ўсгани қайд этилди. Саноат, қурилиш, хизматлар соҳаси, инвестициялар ва экспортда ижобий натижаларга эришилди. Халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини яхшилади. Бу, албатта, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарасидир.
Бироқ Президент эришилган натижалар билан чекланиб қолмади. Аксинча, 40 миллионлик аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш учун 8,5 фоиз эмас, 9–10 фоизлик барқарор иқтисодий ўсиш зарурлигини қатъий таъкидлади. Бу оддий рақам эмас. Бу ҳар бир вазирлик, ҳар бир ҳокимлик ва ҳар бир тармоқ раҳбари олдига қўйилган юксак талабдир.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари барча раҳбарларга жуда аниқ мезонни белгилаб берди: агар амалга оширилган ишлар одамлар ҳаётида сезилмаса, тадбиркорнинг оғирини енгил қилмаса, маҳаллада муаммолар ҳал этилмаса, ҳар қандай иқтисодий кўрсаткич оддий рақам бўлиб қолаверади.
Бу фикр бугунги давлат бошқарувидаги энг муҳим тамойилга айланмоқда. Энди раҳбар фаолияти қоғоздаги ҳисобот билан эмас, ҳудуддаги натижа билан баҳоланади. Янги йўл қурилдими? Янги иш ўринлари яратилдими? Аҳолининг даромади ошдими? Тадбиркорнинг муаммоси ҳал бўлдими? Ана шу саволларга амалий жавоб беролмаган раҳбар учун баланд рақамларнинг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди.
Шу маънода йиғилишда раҳбарлар фаолиятининг танқидий таҳлил қилиниши ҳам мутлақо табиий бўлди. Ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат, инвестиция ва экспорт режаларини бажара олмаган ҳудудлар кескин танқид қилинди. Бу эса Янги Ўзбекистонда масъулият шахсий тус олаётганини англатади. Энди режа бажарилмаса, буни ташқи омиллар билан эмас, аниқ ижрочиларнинг масъулияти билан баҳолаш даври бошланмоқда.
Йиғилишда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. “Долзарб 40 кунлик” дастури доирасида энг оғир маҳаллаларда электр, газ, ичимлик суви, йўл, бандлик ва даромад масалаларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги ёндашув жорий этилмоқда. Бу маҳалла нафақат муаммони қайд этадиган, балки уни ҳал этадиган тизимга айланиши кераклигини англатади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича билдирилган фикрлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича катта ишлар қилинган бўлса-да, Президент бир муҳим масалага эътибор қаратди: давлат идоралари тадбиркорга аввало жазо эмас, имконият бериши керак. Бу ёндашув иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган хусусий секторни янада рағбатлантиришга хизмат қилади.
Экспорт масаласига билдирилган муносабат ҳам муҳим сигнал бўлди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда миллиардлаб долларлик янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Аммо уларнинг маълум қисми ташқи бозорга чиқмаган. Демак, энди асосий вазифа корхона қуриш эмас, унинг рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариши ва экспорт қилувчи субъектга айланишини таъминлашдир. Бу эса ишлаб чиқаришдан тортиб логистика, сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқишгача бўлган бутун занжирни такомиллаштиришни талаб этади.
Йиғилишда стратегик корхоналар фаолияти, энергетикадаги йўқотишлар, логистика, давлат активларини хусусийлаштириш, инвестиция лойиҳалари ижроси, инфляцияни жиловлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Бу соҳаларнинг барчасини бирлаштириб турган ягона ғоя эса битта — ҳар бир ресурсдан самарали фойдаланиш ва ҳар бир қарорнинг аниқ иқтисодий натижага хизмат қилиши.
Президент йиғилиш якунида яна бир муҳим вазифани белгилаб берди. 2027 йил учун иқтисодий дастурлар одатдагидек эмас, балки “сафарбарлик сценарийси” асосида ишлаб чиқилади. Бу эса глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар кучайиб бораётган шароитда мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган стратегик ёндашувдир. Энди ҳар бир тармоқ, ҳар бир ҳудуд ўз ички имкониятларини тўлиқ ишга солиши, ташқи хатарларга тайёр бўлиши ва ҳар бир лойиҳани аниқ иқтисодий самара нуқтаи назаридан баҳолаши талаб этилади.
Бугунги видеоселектор йиғилиши яна бир ҳақиқатни яққол кўрсатди: Янги Ўзбекистонда талаб ҳам, масъулият ҳам янги босқичга чиқмоқда. Энди иқтисодий ўсиш фақат статистикада эмас, инсон ҳаётида, маҳаллада, тадбиркор фаолиятида, иш ўринларида ва аҳоли даромадида ўз аксини топиши шарт. Акс ҳолда, энг баланд рақамлар ҳам ўз қадрини йўқотади.
Зеро, мамлакат тараққиётининг ҳақиқий мезони ҳисоботлардаги фоизлар эмас, балки инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлардир. Ана шундагина иқтисодий ўсиш рақам эмас, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган амалий натижага айланади.
Зуҳриддин АМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
«Ёшлар парламенти» аъзоси
