Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз сўзлаган нутқ мамлакатимиз босиб ўтган шарафли йўлнинг сарҳисоби бўлибгина қолмай, Янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичини белгилаб берган кенг қамровли сиёсий дастур бўлди.
Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий давлатчилигимизни тиклаш, тилимиз, динимиз ва қадриятларимизни асраш имконини берди. Бугун аждодларимизнинг озод ва обод Ватан ҳақидаги орзулари инсон қадри улуғланган, қонун устуворлиги таъминланаётган, давлат идоралари халққа хизмат қиладиган янги жамият қиёфасида рўёбга чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари нутқида ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг инсон ҳаётидаги натижалари аниқ рақамлар билан кўрсатиб берилди. Камбағаллик даражасининг 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга тушгани, 650 мингдан зиёд оила замонавий уй-жойга эга бўлгани, олий таълимда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етгани, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар саккиз баробардан зиёд оширилгани — «Инсон қадри учун!» ғоясининг ҳаётий ифодасидир.
Энг муҳими, бу кўрсаткичлар ортида турмуши яхшиланган миллионлаб инсонлар, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланган оилалар тақдири турибди.
Давлатимиз раҳбари келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб белгилаб, инсон қадрини янада улуғлашга қаратилган еттита миллий дастурни илгари сурди.
Билим ва малакани асосий капиталга айлантириш, халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш, сув ҳамда табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини кучайтириш, маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар давлат сифатидаги нуфузини юксалтириш — бу вазифалар халқчил давлатнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Уларнинг орасида таълим қамровини кенгайтириш, ёшларни замонавий касблар, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларига жалб этиш, хотин-қизларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади.
Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, яшил ҳудудларни дахлсиз бойлик сифатида муҳофаза қилиш эса иқтисодий тараққиёт экологик масъулият билан уйғун бўлиши шартлигини кўрсатади. Бу — келажак авлод олдидаги умумий бурчимиз.
«Адолат» социал-демократик партияси учун ижтимоий тенглик, сифатли таълим ва тиббиётдан барча учун бирдек фойдаланиш имконияти, муносиб меҳнат ва даромад, суд мустақиллиги ҳамда қонун олдида тенглик масалалари принципиал аҳамиятга эга. Шу маънода, давлатимиз раҳбари нутқида илгари сурилган «Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади» деган ғоя бизнинг сиёсий қарашларимиз ўзагини ташкил этади. Қонун устуворлиги фақат ҳуқуқий талаб эмас, балки жамиятда ишонч, барқарорлик ва тенг имкониятларни таъминлайдиган асосий мезондир.
Шу боис суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил давом эттириш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, яширин иқтисодиёт ва жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлашга доир вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ва барча ҳудудий тузилмалари орқали миллий дастурларнинг рўёбга чиқишига муносиб ҳисса қўшади. Қабул қилинаётган қарорларнинг ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқлигини таъминлаш, аҳоли эҳтиёжларини қонунлар ва давлат дастурларида акс эттириш, ижро устидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришни устувор вазифамиз деб биламиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашса, забт этиб бўлмайдиган марра йўқ. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги бизни нафақат эришилган ютуқлардан фахрланишга, балки Ватан келажаги учун масъулиятни янада теран ҳис этишга даъват этади. «Адолат» социал-демократик партияси ягона Ватан ва ягона халқ манфаати йўлида — адолатли, фаровон ва қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.
ОзодаПарпибоева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
