Бугун Президентимиз иштирокида Янги Тошкентда бунёд этилган иншоотларни фойдаланишга топшириш ва янги лойиҳалар қурилишини бошлаш маросимида, шунингдек, инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда қатнашдик. Ушбу тадбирлар мамлакатимиз тарихидаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳасининг кўлами билан бирга, унинг замиридаги муҳим мақсад — инсон учун муносиб яшаш муҳитини яратишга қаратилган ёндашувни яққол намоён этди.
Дарҳақиқат, уч йил давомида Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилди. Бугун умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект фойдаланишга топширилиб, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда 2,5 миллиард долларлик ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди.
Биз учун бу лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти айниқса муҳим. Икки минг ўринли умумтаълим мактаби, 120 ўринли марказий шифохона, 10 километрлик «Соҳил боғи», 2 минг гектар яшил майдон, 100 минг хонадонни иситиш ва совитишга хизмат қиладиган тригенерация станцияси — буларнинг барчаси инсоннинг кундалик эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ. Фарзандлар таълими, аҳоли саломатлиги, тоза ҳаво ва қулай турмуш шароити шаҳарсозликнинг устувор мезонига айланаётгани эътиборга молик.
Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадон фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳити яратилади, деганидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, уй-жойлар билан бир вақтда таълим, тиббиёт, савдо, спорт ва дам олиш инфратузилмаси ҳам тайёр бўлиши шарт.
«Метрополис» бизнес-сити ва «Deep Tech park» каби лойиҳаларда яратиладиган иш ўринлари ҳам аҳоли фаровонлиги учун муҳим. Ёшларимизни ана шу иш ўринларига мос билим ва касбий кўникмалар билан тайёрлаш масаласи доимий эътиборимизда бўлади.
Очиқ мулоқотда мавжуд муаммоларга ҳам танқидий баҳо берилди. Хусусий секторни жалб этиш суръати ҳали имкониятларга мос эмас. Тадбиркорларга атиги 94 гектар ер ажратилган, 28 та лотда эса фаол қурилиш бошланмаган. Таъкидланганидек, инвесторларда маблағ ва қизиқиш бўла туриб, эскича талаблар, рухсатнома олиш жараёнларининг чўзилиши, айрим идораларнинг ҳамкорлик ўрнига назоратга устуворлик бериши ишларга тўсқинлик қилмоқда.
Чунки кечиккан ҳар бир лойиҳа — очилиши ортга сурилган иш ўрни, аҳоли кутаётган хизмат ёки зарур инфратузилмадир. Шу маънода, тадбиркор учун тушунарли ва адолатли ишлаш шароитини яратиш фуқаролар манфаатига ҳам хизмат қилади.
Мулоқотда белгиланган енгилликлар бу борада муҳим аҳамиятга эга. Инфратузилма тўловлари савдо ва сервис объектлари учун уч баробар, меҳмонхоналар учун беш баробар, маданият ва кўнгилочар масканлар учун ўн баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун эса тўлов 1 фоиз этиб белгиланди.
Партиямиз учун ушбу енгилликлар натижасида аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп таълим ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайиши муҳим. Бу — дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг вазифа. Ер ажратишда «Swiss challenge» тамойилини қўллаш жараёнида ҳам очиқ рақобат ва шаффофлик асосий мезон бўлиши лозим.
Пойтахтнинг ҳар бир туманига ва республикамизнинг қолган 13 та ҳудудига Янги Тошкентдан 100 гектардан майдон бириктирилиши, дастлабки аукционларда айнан тегишли ҳудуд тадбиркорларининг иштирок этиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ишбилармонларга мазкур йирик лойиҳада қатнашиш имконини беради, уларнинг тажрибаси ва ташаббусларини умумий тараққиётга йўналтиради.
Самарқанддаги «Ширин» массивига ҳам худди шундай имтиёзлар татбиқ этилиши ушбу ёндашувнинг изчиллигини кўрсатади. Президентимизнинг «Капиталнинг, илғор ғоянинг ва ҳалол меҳнатнинг миллати йўқ!» деган сўзларида ҳам ташаббусни қадрлаш, ҳамкорликка очиқлик ва адолатли шароит яратиш ғояси мужассам. Бу — хорижлик бўладими ёки маҳаллий, юртимиз тараққиётига сармоя киритаётган ҳар бир инвестор учун тенг имкониятлар яратилади, мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшаётган сармоядорнинг бегонаси бўлмайди, деганидир.
Мулоқотда сиёсий партиялар фаолиятига бевосита дахлдор яна бир муҳим масала кўтарилди: ҳар бир янги режа ва ислоҳот аҳоли фикрини ўрганиш, фуқаролар билан маслаҳатлашиш асосида амалга оширилиши зарур. Давлатимиз раҳбари йиғилишларга сиёсий партиялар вакиллари бежиз таклиф этилмаётганини таъкидлади. Зеро, партиялар одамларнинг муаммо ва таклифларини давлат идораларига етказиш, уларни қонунчиликда акс эттириш орқали аҳоли билан давлат ўртасидаги мулоқотнинг таъсирчанлигини таъминлаши керак.
Шу нуқтаи назардан, сиёсий партиялар, депутатлар олдига иккита аниқ вазифа қўйилди. Биринчиси — аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг таклифлари асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ташаббуслар кўрсатиш. Иккинчиси — ислоҳотлар ҳамда яратилаётган имкониятларнинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш. Билдирилган ишончни аниқ амалий натижалар билан оқлашимиз зарур.
«Адолат» СДП ўз фаолиятини ушбу вазифалардан келиб чиқиб ташкил этади. Фракциямиз аъзолари, ҳудудий Кенгашларимиз ва партия фаоллари иштирокида Янги Тошкент лойиҳалари, жумладан, ҳудудларга бириктириладиган майдонлар юзасидан аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказамиз. Ер ажратиш, рухсатнома олиш ва инфратузилма хизматларидан фойдаланишда учраётган муаммоларни ўрганиб, таклифларни тизимлаштирамиз. Улар асосида қонунчиликни такомиллаштиришга доир ташаббусларни илгари сурамиз, тегишли масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборамиз.
Шу билан бирга, янги имтиёз ва имкониятларнинг моҳиятини маҳаллаларда, ҳудуд тадбиркорлари орасида кенг тушунтириб борамиз. Бунинг учун сайёр қабуллар, жамоатчилик эшитувлари ва «Мунозара клуби» каби мулоқот майдонларидан фойдаланамиз. Зеро, ислоҳотнинг ҳақиқий эгаси — фуқаро. Фуқаро ислоҳотни англаб, ундан фойдаланиб, ўз ҳаётида ижобий ўзгаришни ҳис этгандагина унинг самараси тўла намоён бўлади.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
