Бугун мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, муносиб меҳнат қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, ўз иқтидорини намоён этиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ижтимоий имкониятлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, дастурлар замирида, аввало, инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир ёшнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган самарали тизимни шакллантириш мақсади мужассам.
Мазкур вазифаларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш, аҳоли, айниқса, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиш ҳамда мавжуд муаммолар ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари Гулнорахон Абдувоҳидова ва Зиёдбек Юнусов ҳамда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши масъуллари Бўстонлиқ туманида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бордилар.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бош мутахассиси, Бўстонлиқ туманида фаолият олиб бораётган Республика ишчи гуруҳи аъзоси Шерзод Мақсудов ҳамроҳлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади фақат мавжуд ҳолат билан танишишдан иборат бўлмади. Асосий эътибор ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини бевосита жойларда баҳолаш, аҳолини қийнаётган масалаларни эшитиш, уларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар шакллантириш ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари Бўстонлиқ туманидаги “Геолог” болалар оромгоҳида бўлиб, бу ерда болалар ва ўсмирларнинг мазмунли дам олиши учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Оромгоҳ ҳудудида ташкил этилган ўқув ва ижодий тўгараклар, спорт майдончалари, кутубхона, маданий тадбирлар учун мўлжалланган саҳналар ҳамда дам олиш инфратузилмаси меҳмонларда ижобий таассурот қолдирди.
Шунингдек, болалар учун хавфсиз муҳит яратилгани, санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган яшаш хоналари, тиббий хизмат кўрсатиш тизими ва сифатли овқатлантириш ишлари атрофлича ўрганилди. Мутахассислар билан мулоқот чоғида оромгоҳ фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни бойитиш ҳамда ёш авлоднинг интеллектуал ва жисмоний ривожланишига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, таълим-тарбия жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш, китобхонликни оммалаштириш, болаларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ туманнинг “Маърифат” ва “Марказий” маҳаллаларида бўлиб, ҳудудларда ёшлар билан ишлаш тизими, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ҳамда ижтимоий лойиҳалар ижроси билан яқиндан танишди.
Маҳаллаларда ташкил этилган учрашувлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ёшларга оид давлат сиёсати вазифаларининг жойлардаги амалий натижаларини ўрганиш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ва мавжуд масалаларга ечим топиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди. Мулоқотларда маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, тадбиркорлар ҳамда фуқаролар иштирок этиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувлар давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириш ва янги даромад манбаларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бугун ёшлар учун фақат иш ўрни яратишнинг ўзи етарли эмас. Муҳими, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мустақил ташаббус кўрсатиши ва ўз меҳнати орқали барқарор даромадга эга бўлиши учун зарур муҳитни шакллантиришдир.
Шунингдек, ёшларнинг рақамли технологиялар, замонавий касблар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаларига қизиқишини ошириш, ҳудуднинг мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, Бўстонлиқ туманининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ресурслар асосида истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни бу жараёнларга кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларда “Ёшлар дафтари” доирасида кўрсатилаётган ёрдамлар, касб-ҳунарга йўналтириш ишлари, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан манзилли ишлаш тизими хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқотлар давомида аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар ҳам эътибор марказида бўлди. Фуқаролар бандлик, таълим сифати, кичик бизнесни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, коммунал хизматлар самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли учун янада қулай шароитлар яратишга оид фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Партия раҳбарияти ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан ҳар бир масала диққат билан ўрганилди. Билдирилган мурожаатларнинг ҳуқуқий ечимини таъминлаш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўриш, зарур ҳолларда эса уларни қонунчилик ташаббусларида акс эттириш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Маҳаллалардаги ўрганишлар шуни кўрсатдики, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги, аввало, яратилган имкониятларнинг ҳар бир ёшга етиб бориши, уларнинг ташаббуслари эшитилиши ва амалий ёрдам билан таъминланишига бевосита боғлиқ.
Бўстонлиқ туманида ўтказилган мазкур мулоқотлар давлат органлари, маҳалла институти, фуқаролик жамияти ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, учрашувлар давомида аҳолини қийнаётган масалалар юзасидан аниқ таклифлар шакллантирилиб, уларнинг ечими бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
