Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш тўғрисидаги тарихий қарор икки давлат ҳамкорлигида янги даврни бошлаб беради.
Президентимизнинг Ўмон Султонлигига амалга ошираётган ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича қабул қилинган тарихий қарор мамлакатимиз ташқи сиёсатининг изчиллиги, очиқлиги ва прагматик ёндашуви самарасининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Мазкур келишувни фақат дипломатик муносабатларнинг янги босқичи сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, миллий иқтисодиётга инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва мамлакатимизнинг минтақавий ҳамда халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий-иқтисодий воқеа сифатида баҳолаш лозим.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорлик бугун фақат анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч тамойилларига эмас, балки аниқ иқтисодий манфаатлар, истиқболли инвестиция лойиҳалари ва узоқ муддатли стратегик мақсадларга таянмоқда.
Давлат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм, шаҳарсозлик ҳамда рақамлаштириш каби муҳим йўналишлар устувор вазифалар сифатида белгилангани бунинг яққол тасдиғидир.
Айниқса, Ўзбекистон — Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани катта аҳамиятга эга. Бу нафақат инвестиция ҳажмини кенгайтириш, балки мамлакатимизда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, замонавий технологияларни жалб этиш, тадбиркорлик субъектларининг имкониятларини ошириш учун ҳам муҳим молиявий замин бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, жорий йил июль ойидан Тошкент ва Масқат шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, ишбилармонлик ва сайёҳлик алоқаларини янада жонлантиришга хизмат қилмоқда. Зеро, давлатлар ўртасидаги яқинлик нафақат сиёсий мулоқот, балки одамлар, сармоялар, ғоялар ва имкониятлар алмашинуви орқали ҳам мустаҳкамланади.
Мазкур ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати — ҳамкорликнинг инсон капитали, илм-фан ва маданий-гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олаётганидир. Маданият ва санъат ҳафталиклари, ёшлар форумлари, тарихий қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда тадқиқ этиш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатишга қаратилган таклифлар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Айниқса, ёшлар форумини ташкил этиш ташаббусини алоҳида эътироф этиш керак. Чунки бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг халқаро тажриба алмашиши, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштириши, турли халқларнинг маданияти ва қадриятларини ўрганиши келажакдаги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши мамлакатимизнинг ташқи сиёсатдаги муҳим тамойили — ўзаро манфаатдорлик, тенглик, ишонч ва конструктив мулоқотга содиқлигини ҳам намоён этади. Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишилгани эса икки давлатнинг минтақавий ва глобал масалалардаги ҳамкорлиги учун ҳам янги имкониятлар очади.
Албатта, ҳар қандай тарихий келишувнинг ҳақиқий қиймати унинг амалиётдаги натижалари билан белгиланади. Шу маънода, ташриф якунлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга келишилгани муҳим аҳамият касб этади. Бу белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш, лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
«Адолат» социал-демократик партияси нуқтаи назаридан қараганда, бундай халқаро ҳамкорлик ташаббусларининг энг муҳим мезони — уларнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва фуқаролар ҳаётидаги амалий натижалар билан намоён бўлишидир. Янги инвестициялар — янги иш ўринлари, замонавий технологиялар — юқори меҳнат унумдорлиги, халқаро ҳамкорлик эса ёшлар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар демакдир.
Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши икки халқ манфаатларига хизмат қилиб, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини юксалтириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотларга кенг имкониятлар яратади.
Орифжон Ўлмасов,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
