Ёшлик – умр баҳори. Инсон умрининг айни шу фаслида энг улуғ мақсадлар сари қадам ташлайди, унда бунёдкорлик ва янгиликка интилиш кучи жўш уради. Бугунги шиддатли даврда дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар сиёсатига стратегик вазифа сифатида ёндашган, инсон капиталига энг кўп инвестиция киритган давлатлар глобал майдонда етакчиликни қўлга киритмоқда.
Жанубий Корея, Сингапур ва Финляндия каби мамлакатларнинг иқтисодий мўъжизалари замирида, аввало, ёш авлоднинг билими, технология ва инновацияларга бўлган интилишини тўғри йўналтириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими ётади. Ёшларни сифатли таълим ва замонавий касблар билан таъминлаган давлатлар ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсишига, юқори технологиялар соҳасида рақобатбардошликка ва жамиятнинг ижтимоий юксалишига эришмоқда.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида гап кетганда, ушбу соҳа шунчаки режалар эмас, балки давлат бошқарувининг энг устувор ва тизимли йўналишига айланганини таъкидлаш лозим. Сўнгги йилларда маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолиятининг йўлга қўйилиши, “Ёшлар дафтари” орқали 1,5 миллион нафар йигит-қизнинг муаммолари ҳал этилгани, тадбиркорлик ва хорижий тилларни ўрганиш учун яратилган кенг имкониятлар тизимли ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги вазифалар мамлакатимизда “билимлар иқтисодиёти” ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Шу нуқтаи назардан, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган учрашув ва унда эълон қилинган янги ташаббуслар юртимиз ёшларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан эътиборли бўлди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган лойиҳалар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий илм-фан ва юқори технологияларга ўқитишга қаратилган яхлит тизимни ташкил этади. Хусусан, “Келажак билимлари экотизими” доирасида ҳар йили 500 минг нафар йигит-қизни замонавий касбларга ўқитиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бепул “касб ваучерлари” тақдим этилиши аҳолининг ижтимоий фаровонлигини оширади, ёшларнинг мамлакат равнақига дахлдорлигини юксалтиради.
“Рақамли ҳукумат” марказида суперкомпьютер кластерининг ишга туширилиши, 20 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши ҳамда янги АТ парклар ҳисобидан 20 мингдан зиёд юқори даромадли иш ўринлари яратилиши эса рақамли ривожланишни кафолатлайди. Олий таълим даргоҳлари битирувчиларини ишга олган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзларининг жорий этилиши ҳамда “Ёшлар мини-франшизаси” дастури орқали 300 миллион сўмгача фоизсиз ссудалар ажратилиши тадбиркорлик фаолиятини ёшлар қатлами бўйича сезиларли даражада кенгайишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни давлат бошқаруви органларига ва халқаро ташкилотларга стажировкага юбориш тизими давлат бошқаруви аппаратини замонавий фикрлайдиган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш имконини беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги дунёда давлатлар ҳудуди ёки табиий бойликлари билан эмас, балки билими, технологияси ва инсон капитали билан рақобатга киришмоқда. Янги ташаббуслар Ўзбекистон ёшларини ана шу глобал рақобатда юқори марраларни эгаллаши учун мустаҳкам таянч бўлади, деб ишонамиз.
Мазкур тарихий учрашув мамлакатимизда ёш авлодга кўрсатилаётган юксак ишонч ва эътиборнинг яққол далили, албатта. Яратилган кенг имкониятлар ва имтиёзлар эса юртимиз йигит-қизларининг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, илм-фан ва замонавий технологияларни пухта эгаллаб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун янги уфқларни очади.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
