Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири — инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қила олиш имкониятидир. Бу имконият фақат судлар мавжудлиги ёки қонунларда ҳуқуқлар ёзиб қўйилгани билан чекланмайди. Инсон ўз ҳуқуқини амалда ҳимоя қила олиши учун унинг ёнида малакали, мустақил ва процессуал жиҳатдан етарли ваколатларга эга адвокат бўлиши зарур.
Адвокатура шу маънода оддий юридик хизмат кўрсатувчи касбий тузилма эмас, балки инсон ва давлат ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни таъминлайдиган, суд-тергов жараёнларида адолат тарозисини тенг ушлашга хизмат қиладиган муҳим конституциявий институтдир. Қаерда адвокат кучли бўлса, ўша ерда фуқаро ўзини ҳимоясиз ҳис қилмайди. Қаерда адвокат мустақил бўлса, ўша ерда суд жараёнига бўлган ишонч ортади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда адвокатурани ривожлантириш, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, адвокатлик фаолиятини рақамлаштириш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, адвокатуранинг конституциявий мақомини тўлиқ рўёбга чиқариш учун қонунчиликда ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар мавжуд.
Энг аввало, жиноят процессида ҳимоя томонининг мақомини кучайтириш зарур. Амалда жиноят иши судга асосан айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан кириб келади. Судья дастлаб терговчи ва прокурор томонидан шакллантирилган материаллар билан танишади. Ҳимоячининг позицияси эса кўпинча тарқоқ ҳолда илтимосномалар, эътирозлар ёки баённомаларда қолиб кетади. Бундай ҳолат суд муҳокамаси бошлангунга қадар иш бўйича бир томонлама тасаввур шаклланиши хавфини юзага келтириши мумкин.
Шу боис “Ҳимоя фикри” институтини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу институт орқали ҳимоячи иш материаллари билан танишиб чиққач, айбловга нисбатан ўзининг тизимли, ҳуқуқий асосланган позициясини тақдим этиши мумкин бўлади. “Ҳимоя фикри”да айбловнинг қайси қисми асоссиз экани, квалификация бўйича эътирозлар, терговда йўл қўйилган процессуал бузилишлар, судда текширилиши лозим бўлган ҳолатлар, гувоҳлар ва мутахассисларни чақириш зарурати каби масалалар акс этиши мумкин.
Бу ташаббус судга иш фақат айблов позицияси билан эмас, балки ҳимоя позицияси билан ҳам кириб боришини таъминлайди. Натижада судья суд муҳокамаси бошланишидан аввал ҳар икки томоннинг асосий нуқтаи назарини кўриш имкониятига эга бўлади. Бу тортишувчанлик тамойилини амалда кучайтиради, процессуал тенгликни таъминлайди ва суд қарорларининг холислигига ижобий таъсир кўрсатади.
Иккинчи муҳим масала — адвокатлик фаолиятига оид мавҳум нормаларни аниқлаштиришдир. Амалдаги қонунчиликда “адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш” каби тушунчалар мавжуд. Албатта, адвокатлик касби юқори ахлоқий мезонлар, профессионал масъулият ва жамоат ишончини талаб қилади. Аммо бундай тушунчалар аниқ мезонларсиз қолса, улар амалиётда турлича талқин қилиниши, айрим ҳолларда субъектив ёндашувларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун қонунчиликда адвокатура обрўсига путур етказадиган қилмишларнинг аниқ мезонларини белгилаш мақсадга мувофиқ. Бунда қилмишнинг касбий фаолият билан боғлиқлиги, қасддан ёки эҳтиётсизлик орқали содир этилгани, ишонч билдирувчи шахс ҳуқуқларига етказилган зарар, адвокатлик сирига муносабат, касб этикаси талаблари бузилгани каби ҳолатлар ҳисобга олиниши лозим. Бу интизомий амалиётда ҳуқуқий аниқликни таъминлайди ва адвокатларни асоссиз босимлардан ҳимоя қилади.
Учинчи йўналиш — адвокатларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларини таъминлашдир. Адвокатнинг мустақиллиги фақат қонунлардаги кафолатлар билан эмас, унинг иқтисодий барқарорлиги билан ҳам боғлиқ. Моддий жиҳатдан барқарор адвокат ўз касбий позициясида қатъийроқ туради, босимларга нисбатан чидамлироқ бўлади ва ҳимояни мустақил амалга ошира олади.
Шу боис адвокат мустақиллигига таъсир қилмайдиган, давлат хизмати билан боғлиқ бўлмаган ва манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармайдиган айрим ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Бунда асосий мезон битта бўлиши керак: бундай фаолият адвокатнинг мустақиллигига, касбий обрўсига ва ишонч билдирувчи шахс манфаатларига зарар етказмаслиги лозим.
Тўртинчи масала — адвокат сўровининг таъсирчанлигини ошириш ва адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришдир. Адвокат сўрови оддий хат эмас, балки фуқаронинг ҳимоя ҳуқуқини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий воситадир. Агар адвокат зарур маълумот ва ҳужжатларни ўз вақтида ололмаса, у далил тўплай олмайди; адвокат далил тўплай олмаса, фуқаронинг ҳуқуқини тўлиқ ҳимоя қилиш имконияти чекланади.
Шу боис давлат органлари ва бошқа ташкилотлар адвокат сўровига белгиланган муддатда, тўлиқ ва асосли жавоб бериши шартлиги қонунчиликда янада аниқ мустаҳкамланиши лозим. Адвокатнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган ахборот ва ҳужжатлар белгиланган муддатда, асоссиз тўловларсиз тақдим этилиши керак.
Шу билан бирга, адвокат сўровига жавоб бермаган, муддатни бузган, чала ёки нотўғри маълумот тақдим этган, шунингдек адвокатни тергов ҳаракатига қўймаслик, иш материаллари билан танишишини кечиктириш, ишонч билдирувчи шахс билан учрашувига асоссиз тўсқинлик қилиш каби ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарур. Чунки бундай ҳаракатлар фақат адвокатнинг эмас, балки фуқаронинг ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.
Адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш учун белгиланган жавобгарлик таъсирчан бўлиши лозим. Жарима миқдорлари шундай даражада белгиланиши керакки, мансабдор шахс учун адвокат сўровини бажармаслик ёки адвокат фаолиятига тўсқинлик қилиш арзон ва оқибатсиз ҳаракат бўлиб қолмасин. Ана шунда адвокат сўрови қоғоздаги ҳуқуқ эмас, амалда ишлайдиган ҳимоя воситасига айланади.
Хулоса қилиб айтганда, адвокатурани кучайтириш — адвокатларга имтиёз бериш эмас. Бу фуқарога самарали ҳимоя бериш, суд жараёнида томонлар тенглигини таъминлаш, терговни қонун доирасида ишлашга ундаш, давлат органларини очиқлик ва ҳисобдорликка чақириш ҳамда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашдир.
Зуҳриддин Мавлонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
