Инсон умрида шундай бир фасл борки, у орзуларга қанот, қалбга жасорат, ҳаётга мазмун бағишлайди. Бу — ёшлик фаслидир. Ёшлик инсоннинг энг навқирон, энг шижоатли, эзгу ниятлар билан катта мақсадлар сари дадил қадам ташлайдиган беқиёс давридир.
Бежиз эмас, кўпчилик инсонга тақдир томонидан фақат битта орзусини амалга ошириш имконияти берилса, “ёшлигимга қайтсам эди”, деган истакни тилга олади. Чунки ёшлик — фақат йиллар эмас, бу — куч-ғайрат, изланиш, янгиликка интилиш, орзу ва масъулият уйғунлашган ҳаёт мактабидир.
Бугун мамлакатимиз ёшлари ана шундай улуғ имкониятлар, юксак ишонч ва кенг шароитлар бағрида камол топмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда ёшлар сиёсати мамлакат тараққиётининг муҳим устувор йўналишига айланди. Энг муҳими, бугун ёшлар ислоҳотларнинг фақат иштирокчиси эмас, балки уларнинг фаол ташаббускори, янги ғоялар муаллифи ва келажак бунёдкори сифатида майдонга чиқмоқда.
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан юртимизда ҳар йили ёш авлодга кўрсатилаётган юксак эътибор, уларнинг илм-фан, таълим, тадбиркорлик, спорт, маданият, давлат ва жамият бошқарувидаги фаоллиги алоҳида эътироф этилади. Бу сана замирида улкан маъно бор: ёшларга ишонч билдириш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва муносиб келажак учун масъулиятни биргаликда ҳис этиш.
Айниқса, Ёшлар куни муносабати билан эълон қилинган Президент Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ташаббускор ёшларнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани барчамизга катта қувонч бағишлади. Қувонарлиси, улар сафида партиямизнинг икки нафар фаол ва илғор вакили — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси, фаол партиядошимиз Лайло Аслонова ҳамда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти Мис бойитиш фабрикаси янчиш ва флотациялаш цехи флотатори Озодахон Юнусова ҳам юксак “Келажак бунёдкори” медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Лайло Аслонова ва Озодахон Юнусовани ушбу юксак эътироф билан самимий муборакбод этади. Уларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва жамоатчилик ҳаётидаги муносиб иштироки минглаб ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Ишонамизки, улар келгусида ҳам юрт тараққиёти, адолатли жамият барпо этиш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида янада катта натижаларга эришади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Олий таълим муассасалари сони ортиб, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси кескин ошди. Нуфузли халқаро рейтинглардан ўрин олаётган олийгоҳларимиз кўпаймоқда. Хотин-қизларнинг таълим олиши, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни хорижда ўқитиш ва Ватанга қайтиб, ўз соҳасида муносиб фаолият юритиши учун тизимли шароитлар яратилмоқда.
Шу билан бирга, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, IT, муҳандислик, STEM фанлари, креатив иқтисодиёт ва инновацион соҳаларга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз келажагини юксак интеллектуал салоҳиятга эга авлод билан боғлаётганини кўрсатади.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда билимли, мустақил фикрлайдиган, технологик саводхон, ҳуқуқий маданияти юксак ёшлар ҳар қандай жамиятнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Зеро, тинчлик, тараққиёт, ўзаро ҳамжиҳатлик ва адолатли жамият барпо этишда ёш авлоднинг ўрни беқиёсдир.
“Адолат” социал-демократик партияси ёшлар масаласини ўз фаолиятида устувор йўналишларидан бири деб билади. Партиямиз ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб эгаллаши, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ва ўз иқтидорини тўла намоён қилиши учун доимо ташаббус кўрсатиб келмоқда.
Ўтган даврда “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Ёшлар саломатлиги — партия эътиборида”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” каби лойиҳалар доирасида минглаб тадбирлар ўтказилиб, юз минглаб ёшлар қамраб олинди. “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш партиямиз фаолиятида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Партиянинг “Ёш адолатчилар” ҳаракати ташаббуси билан ҳудудларда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бугун партиямиз сафида ёшларнинг улуши ошиб бораётгани, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда ёш депутатлар фаолияти кучаяётгани бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Зеро, бугун ҳар бир ёшнинг фикри, ташаббуси ва меҳнати мамлакатимиз келажаги учун муҳим. Ёшлар фаол бўлса, жамият янгиланади. Ёшлар билимли бўлса, миллат юксалади. Ёшлар адолатга ишонса, давлат ва жамиятнинг келажаги мустаҳкам бўлади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши барча ёшларни 30 июнь — Ёшлар куни билан самимий муборакбод этади. Сизларга мустаҳкам соғлик, эзгу мақсадлар, бардавом илҳом, изланиш ва интилишда қатъият тилаймиз.
Илм йўлидаги қадамларингиз дадил, ташаббусларингиз самарали, орзуларингиз рўёбли бўлсин. Қайси соҳада фаолият юритманг, қалбингизда Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, адолатга ишонч ва келажакка масъулият туйғуси ҳамиша барқарор бўлсин.
Ёшлик шижоати, билим ва ташаббусингиз Янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилсин!
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши
