26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни инсон саломатлиги, жамият хавфсизлиги ва ёшлар келажагига жиддий таҳдид солаётган бу иллатга қарши умумбашарий курашнинг нақадар муҳимлигини яна бир бор эслатади. Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланди.
Шу нуқтаи назардан, яқинда давлатимиз раҳбари имзолаган «Наркотикларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги қонун айни давр учун долзарб ва ҳаётий аҳамиятга эга муҳим қадам бўлди.
Зеро, гиёҳвандлик — бу фақат бир шахснинг саломатлигига таҳдид эмас. У жамиятнинг асоси бўлган оилани издан чиқаради, ёш авлоднинг келажагига соя солади, жиноятчилик, маънавий таназзул ва ижтимоий беқарорлик хавфини кучайтиради. Айниқса, синтетик наркотиклар, интернет орқали контактсиз тарқатиш усуллари, яширин нарколабораториялар каби янги таҳдидлар бу иллатга қарши курашни мутлақо янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда.
Шу маънода, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган мазкур қонун мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилиш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Энг аввало, Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» номли янги боб киритилаётгани алоҳида эътиборга молик. Бу орқали гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки жамиятнинг энг катта бойлиги — инсон саломатлиги, ёшлар келажаги ва миллат генофондига қарши қаратилган хавфли қилмишлар сифатида баҳоланмоқда. Мазкур ёндашувнинг аҳамияти шундаки, давлат наркожиноятчиликка қарши курашни биринчи даражали вазифалар қаторига кўтармоқда. Амалдаги 16 та модда ва 3 та ўта оғир жиноятга оид янги моддаларнинг ушбу боб доирасида алоҳида мақом касб этиши жиноят-ҳуқуқий сиёсатда профилактика, қатъий жазо ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги мувозанатни кучайтиради.
Қонунда наркожиноятларнинг замонавий шаклларига нисбатан аниқ ва қатъий жавобгарлик белгиланаётгани ҳам эътиборлидир. Хусусан, нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Бу — бежиз эмас. Бугунги кунда синтетик наркотикларнинг катта қисми айнан яширин лабораторияларда тайёрланаётгани, сўнгги 4 ойнинг ўзида 14 та нарколаборатория аниқлангани мазкур хавфнинг нечоғлик жиддийлигини кўрсатади.
Шунингдек, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик ёки раҳнамолик қилиш, бундай жиноятлар фош этилишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш каби қилмишлар учун ҳам 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланаётгани адолат ва қонун устуворлиги нуқтаи назаридан ўта аҳамиятлидир. Зотан, гиёҳвандликка қарши курашдаги энг хавфли ҳолатлардан бири — жиноятнинг мансабдор шахслар ҳомийлигида яширин тус олишидир.
Бундай иллатга нисбатан муросасиз муносабат жамиятда қонунга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Қонунда жамоат жойларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланаётгани ҳам тарбиявий ва профилактик аҳамиятга эга. Жамоат жойида наркотик моддани истеъмол қилиш фақат шахсий хатти-ҳаракат эмас, балки ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатадиган, ғайриижтимоий қилмишни билвосита тарғиб этадиган хавфли ҳолатдир.
Яна бир эътиборли жиҳат — қонунда жиноятларнинг қайта содир этилишининг олдини олишга қаратилган чоралар кучайтирилаётганидир. Айрим ўта оғир наркожиноятлар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланаётгани бу борадаги қатъий ёндашувни ифода этади. Чунки наркожиноят учун жазо ўтаган шахсларнинг қисқа муддатда озодликка чиқиб, яна шу жиноятга қўл уриши жамият хавфсизлигига катта таҳдид солади. Сўнгги 4 йилда ушбу тоифадаги жиноятларни такроран содир этган шахслар сони 125 фоизга ошгани бу масалада қатъий чоралар зарурлигини тасдиқлайди.
Айниқса, вояга етмаганлар ва талабаларни наркожиноятлардан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар «Адолат» социал-демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга. Вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддани истеъмол қилишга жалб этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланаётгани ёшлар келажагини ҳимоялашга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолатдир.
Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ва уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланаётгани таълим-тарбия муҳитини ҳимоя қилишга, мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларини ёшлар учун хавфсиз маконга айлантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш катта аҳамиятга эга.
Шу мақсадда, масала фақат жазо билан чекланмаяпти. Аксинча, профилактика, даволаш, реабилитация, электрон назорат, идоралараро ҳамкорлик ва давлат органларининг аниқ масъулиятини белгилаш орқали муаммога комплекс ёндашилмоқда. Наркотиклар айланмаси ҳамда қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назоратининг кучайтирилиши, уларни олиб киришдан тортиб реализация қилишгача бўлган жараёнларни узлуксиз электрон назорат қилиш коррупциявий хавфларни камайтириш ва ноқонуний айланмаларнинг олдини олишда муҳим омил бўлади.
«Адолат» социал-демократик партияси инсон ҳаёти, саломатлиги, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойилларини ўз дастурий мақсадлари марказига қўйган сиёсий куч сифатида ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз учун ҳар бир инсоннинг ҳаёти қадрли, ҳар бир ёшнинг келажаги қимматли, ҳар бир оиланинг тинчлиги ва хавфсизлиги устувордир.
Гиёҳвандликка қарши кураш — фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас. Бу — ота-она, маҳалла, таълим муассасаси, тиббиёт тизими, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партияларнинг ҳам умумий масъулиятидир. Жамиятда гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабат шаклланмас экан, фақат жазо чоралари билан кутилган натижага эришиш қийин.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар «инсон қадри учун» деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси сифатида ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.
Биз ишонамизки, гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашда қатъий қонун, самарали профилактика, кучли жамоатчилик назорати ва соғлом маънавий муҳитнинг уйғунлиги мамлакатимизда барқарор, хавфсиз ва адолатли жамиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Озода ПАРПИБАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари
