Жаҳон иқтисодиёти туб бурилишлар ва глобал капитал геосиёсий ўзгаришлар гирдобида қолган бугунги мураккаб даврда, ҳар бир давлат ўз барқарорлиги ва жозибадорлигини сақлаб қолиш учун янги имкониятлар изламоқда. Шундай шароитда Тошкент халқаро инвестиция форуми глобал миқёсдаги йирик иқтисодий платформага айланиб улгурди. Дунёнинг 100 та давлатидан 4 мингга яқин нуфузли меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро молия институтлари ва етакчи бизнес вакилларининг Тошкентда жам бўлиши — Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга берилган энг холис ва олий баҳодир Халқ вакили сифатида ушбу анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган устувор йўналтирувчи ғояларни соҳавий ва ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ўрганар эканман, мамлакатимизнинг яқин келажакдаги иқтисодий ва ижтимоий қиёфаси нечоғлик юксалишини аниқ тасаввур этаман.
Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида жуда муҳим бир тарихий вазиятни ёдга олдилар: бундан тўрт йил муқаддам, илк форум бўлиб ўтган кезларда 2026 йил якунига бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш марра қилинган эди. Бугун эса марраларимиз мутлақо йирик миқёсда — иқтисодиётимиз жорий йилда 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бу — ортда қолган йиллардаги кеча-ю кундуз қилинган тинимсиз меҳнат, қонунчиликдаги инқилобий ислоҳотлар ва халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга бўлган чексиз ишончи мевасидир.
Ўтган йили ЯИМнинг 7,7 фоизга ўсиши, иқтисодиётимизга 43 миллиард доллар инвестиция киритилгани ҳамда халқаро захираларимиз 70 миллиард доллардан ошгани Ўзбекистоннинг ташқи хавф-хатарларга қарши иқтисодий иммунитети қанчалик бақувват эканлигини кўрсатади. Мамлакатимизнинг “Иқтисодий эркинлик индекси”да бирданига 14 поғона юқорилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторига кириши эса хорижий инвесторлар учун яшил чироқ ва хавфсизлик кафолатидир.
Парламент аъзоси сифатида мени энг кўп тўлқинлантирган ва тўғридан-тўғри масъулиятимизга дахлдор бўлган йўналиш — бу Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши ва унда Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-таомилларнинг жорий қилинишидир. Биз — тез орада ушбу марказнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи Конституциявий қонун устида иш бошлаймиз. Лойиҳада назарда тутилаётган фойда, ҚҚС, мол-мулк солиқлари ва божхона божларининг 0 фоиз этиб белгиланиши, илк босқичда бу имтиёзларнинг 50 йил муддатга кафолатланиши, капиталнинг мутлақо эркин ҳаракати ва мустақил Тошкент халқаро тижорат судининг ташкил этилиши ташаббуслари келгусида Ўзбекистонни минтақанинг энг йирик молиявий хабига айлантиради.
Ўзбекистоннинг БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш мақсади эса низоларни халқаро тан олинган тинч йўл билан ҳал этиш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Бу инвестор учун — тинчлик, барқарорлик ва кафолат демакдир. Давлатимиз томонидан капитал бозорини ривожлантириш ва суверен ислом облигациялари дастурининг йўлга қўйилиши иқтисодиётимизга қўшимча 10 миллиард доллар ликвидлик олиб келиши кутилмоқда.
Шунингдек, юртимизнинг 3 триллион доллардан зиёд баҳоланаётган стратегик хомашё ва нодир металлар захирасини «қазиб олишдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида қайта ишлаш учун Тошкент ва Самарқандда “Келажак металлари” технопаркларининг ташкил этилиши миллий саноатни хомашё қарамлигидан юқори технологияли ишлаб чиқаришга ўтказади.
Бугун замон шиддати ахборот технологиялари ва яшил технологиялар билан ўлчанмоқда. Президентимиз томонидан таклиф этилган тўртинчи йўналтирувчи ғоя — Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилиши том маънода келажакка ташланган дадил қадамдир. Мутахассислар ушбу соҳада келгуси беш йилда 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини башорат қилишмоқда. Саноат инқилоби 4.0 даврида Қорақалпоғистонда инвесторларга 2040 йилгача солиқ имтиёзлари берилиши, арзонлаштирилган энергия тарифлари (1 кВт-соат учун 5 цент) таъминланиши ушбу ҳудудни юқори технологиялар марказига айлантиради.
Бундан ташқари, Хитой ва Қирғизистон билан темир йўл қурилиши, Трансафғон ва Ўрта коридор лойиҳалари Ўзбекистонни геолокацион жиҳатдан берк давлатдан глобал логистика чорраҳасига айлантирмоқда. Саудия Арабистони билан ҳамкорликда барпо этилаётган, йилига 20 миллион йўловчига хизмат қилувчи янги Тошкент халқаро аэропорти эса ушбу улуғвор мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Айтиш керакки, ҳар қандай инвестициянинг энг олий мақсади ва самараси — янги иш ўринлари яратилиши ва халқимиз турмуш даражасининг юксалишидир. Мамлакатимиз аҳолиси 40 миллионга яқинлашиб бораётган бир даврда, 2040 йилгача урбанизация даражасини 51 фоиздан 65 фоизга етказиш, уй-жой қурилишини 2 баробарга ошириш режаси улкан ижтимоий аҳамиятга эга.
«Янги Тошкент» мегалойиҳаси, Андижон, Наманган ва Самарқандни миллионли шаҳарларга айлантириш стратегияси қурилиш ва инфратузилма соҳасида камида 10 миллиард долларлик доимий ва кафолатланган бозорни юзага келтиради. Давлат-хусусий шериклик асосидаги 27 миллиард долларлик лойиҳалар эса бюджет юкини камайтириб, ижтимоий соҳаларни — мактаб, шифохона ва йўлларни замонавий қиёфага келтиришга хизмат қилади.
Форумда 14 та ҳудуд раҳбарлари — ҳокимларнинг шахсан иштирок этиши ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилгани ислоҳотларнинг энг қуйи бўғингача етиб борганидан далолат беради. Эндиликда инвестор фақат пойтахт билан чекланмай, чекка-чекка вилоят ва туманларга кириб боради, у ердаги аҳоли учун муносиб меҳнат шароити яратади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инвестиция — юртимизга кириб келаётган илғор инновация, дунё стандартларидаги билим ва тажриба демакдир. Келгусида ушбу форумда келишилган шартномалар ва белгиланган устувор йўналишлар яқин йиллар ичида мамлакатимизда миллий даромаднинг каррасига ўсишига, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларнинг сезиларли юксалишига ва Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам жой олишига хизмат қилади.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидганларидек, Янги Ўзбекистоннинг эшиклари дунё учун, эзгу ниятли инвесторлар учун ҳамиша очиқ ва бу жараёнда парламент ҳамда ҳукумат барча сармоядорларга елкадош бўлишга тайёр. Тошкентдан бошланган бу янги иқтисодий уйғониш даври миллий юксалишимизнинг бош омили бўлгуси.
