Жаҳон иқтисодиётида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда ҳар бир давлат ўз иқтисодий барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаш учун инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Инвестиция нафақат янги корхоналар, иш ўринлари ва технологиялар демакдир, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи, иқтисодий салоҳияти ва келажак тараққиётининг муҳим мезони ҳам ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
18 июнь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти, етакчи халқаро компаниялар ва молия институтлари раҳбарлари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мазкур анжуман нафақат инвестиция масалалари муҳокамаси учун майдон, балки Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодиёт қуриш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий сиёсий иродасининг яна бир амалий ифодаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жойизки, сўнгги йилларда Хорижий инвесторлар кенгаши оддий маслаҳат тузилмасидан амалиётга йўналтирилган таъсирчан институтга айланди. Президент ўз нутқида таъкидлаганидек, кенгаш бугунги кунда Янги Ўзбекистон билан жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажармоқда.
Кенгашнинг мустақил ассоциация мақомини олгани ва унда иштирок этаётган компаниялар сонининг 54 тадан 85 тагача кўпайгани ушбу мулоқот платформасига бўлган ишонч ортиб бораётганидан далолат беради. Эътиборлиси, мазкур компаниялар мамлакат иқтисодиётининг 23 та муҳим тармоғини қамраб олган ҳолда ислоҳотлар жараёнида бевосита иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг Кенгаш Ижроия қўмитаси таркибида фаолият юритаётгани ҳам мазкур тузилманинг халқаро нуфузини янада оширмоқда.
Йиғилишда алоҳида қайд этилган муҳим жиҳатлардан бири – инвесторлар томонидан билдирилаётган таклифларнинг давлат сиёсатида амалий акс этаётганидир. Хусусан, ўтган йили кенгаш йиғилишида илгари сурилган 21 та ташаббус бўйича аниқ ечимлар қабул қилинди. Натижада Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай ўзгартишлар киритилди, компаниялар ўртасидаги ички қарз битимларини назорат қилиш тартиблари соддалаштирилди, асосий воситаларни тезлаштирилган амортизация қилиш имконияти яратилди.
Шунингдек, халқаро молиявий ҳисобот стандартлари асосида ишлайдиган хорижий компаниялар учун бир қатор ортиқча бюрократик талаблар бекор қилинди. Бу эса бизнес муҳитини яхшилаш, сармоядорлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, айнан давлат ва бизнес ўртасидаги бундай очиқ мулоқот мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Мажлисда миллий қонунчиликни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш дастури тайёрлангани ва техник регламентларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Яна бир муҳим янгилик – Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг халқаро инвестициялар бўйича декларациясига қўшилиш жараёнини бошлаганидир. Бу мамлакатимизда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ва халқаро иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, яқин истиқболда Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ташаббус Ўзбекистонни минтақавий молиявий марказлардан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Жорий йилда ҳам мажлисга тайёргарлик жараёнида хорижий ҳамкорлардан 120 та янги таклиф ва ташаббус келиб тушди. Уларнинг барчаси таҳлил қилиниб, еттита устувор йўналиш бўйича тизимлаштирилди. Булар инвестиция муҳитини такомиллаштириш, солиқ тизими, кадастр соҳаси, энергетика, банк-молия тизими, корпоратив бошқарув ҳамда сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт каби долзарб соҳаларни қамраб олади.
Айниқса, валюта операцияларини янада эркинлаштириш, исломий суғурта механизмларини жорий этиш, “яшил” кредитлашни ривожлантириш, банкларнинг муаммоли активлари бозорини шакллантириш бўйича таклифлар катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини ўз ичига олган ESG стандартларини кенг жорий этиш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Бугунги кунда халқаро инвесторлар айнан шу мезонларга катта аҳамият қаратаётгани ҳисобга олинса, бу ташаббусларнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.
Йиғилиш якунида барча таклифлар асосида ягона “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши, унинг ижроси доимий назоратга олиниши белгиланди. Бу эса қабул қилинаётган қарорлар қоғозда қолиб кетмасдан, амалиётда ўз самарасини беришини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур мулоқот яна бир бор Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорлар учун очиқ, ишончли ва истиқболли ҳамкор эканини намоён этди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулай инвестиция муҳити ва очиқ мулоқот сиёсати иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳаррам Дадахўжаева,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси
