“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтган маънавий-маърифий тадбир мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллигига ўзига хос туҳфа бўлди.
Президентнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппарати ташаббуси ҳамда Судьялар ассоциацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Фахрийлар кенгаши аъзолари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти вакиллари, судьялар, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, “Ёш адолатчилар” ҳаракати фаоллари қатнашдилар.
Иштирокчилар давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг яратилиш тарихи, уларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақоми ҳамда суверенитетимизни мустаҳкамлашдаги ўрни хусусида атрофлича фикр алмашдилар. Янги Ўзбекистонда миллий қадриятларни тиклаш, ёшларда ватанпарварлик ва фуқаролик масъулиятини юксалтириш, энг муҳими, муқаддас тимсолларимизга нисбатан юксак ҳурмат маданиятини шакллантириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси экани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирга махсус видеоролик ўзгача руҳ бағишлади. Унда давлат белгиларининг яратилиш жараёни, мустақиллик йилларида эришилган тарихий ютуқлар ва Янги Ўзбекистоннинг бугунги шиддатли тараққиёти жонли лавҳаларда акс эттирилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказган интерактив викторина ташкил этилди. Давлат рамзлари, Бош қомусимиз ва Ватанимиз тарихига оид савол-жавобларда фаоллик кўрсатган билимдон ёшларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Ҳақиқатан, давлат рамзлари — халқимиз бирлиги, миллий ғуруримиз ва порлоқ истиқболимиз кафолати. Уларни кўз қорачиғидек асраш, улуғлаш ва Янги Ўзбекистон равнақи йўлида бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилиш ҳар бир фуқаро учун энг шарафли бурчдир.
