Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Ўзбекистон Поло федерацияси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизда поло спорт турини ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда спорт соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари Сарвар Мамаюсупов, Ўзбекистон Поло Федерацияси раиси Азиз Рустамбаев, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева ушбу меморандум уч ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, мамлакатимизда спортини қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанпарварлик, жасорат, интизом ва юксак маънавият руҳида тарбиялаш йўлидаги умумий мақсадларни бирлаштиришини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ҳамда ёшларни оммавий спортга жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу маънода, имзоланган меморандум ушбу устувор вазифаларнинг амалий ижросига хизмат қилади.
Ҳужжатга мувофиқ, томонлар поло спорт турини аҳоли, айниқса, ёш қизлар, аёл ҳарбий хизматчилар ва ходималар ўртасида оммалаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширади.
Иқтидорли хотин-қизларни танлаш, саралаш ва профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, малакали мураббийлар ҳамда ҳакамларни тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳам ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан этиб белгиланди.
Шунингдек, ҳудудлардаги спорт объектларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш самарадорлигини жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати асосида ўрганиш, моддий-техник база ва инфратузилмани мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Томонлар таниқли спортчилар ва партия фаоллари иштирокида таълим муассасаларида маҳорат дарслари, мотивацион учрашувлар ва кенг қамровли тарғибот акцияларини ташкил этади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи видеороликлар, медиа-контентлар ва кўргазмали материалларни биргаликда тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Меморандум доирасида спортчилар ва мураббийларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, юқори натижаларга эришаётган соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, спорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда илғор халқаро тажрибани миллий қонунчиликка татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.
