Сирдарё туманида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Уч авлод учрашуви” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя остида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Жамол Комилов, вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, нуронийлар, ёшлар ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.
Учрашувда катта авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаси, бугунги бунёдкорлик жараёнлари ҳамда ёшларнинг келажакка доир мақсад ва ташаббуслари муштараклик касб этди.
Самимий мулоқотлар давомида миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва дахлдорлик ҳиссини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Нуронийлар ҳаёт синовларида орттирган тажрибаси, юрт тараққиёти йўлидаги меҳнат фаолияти ва ибратли хотиралари билан ўртоқлашди. Ёшлар эса ўз мақсад ва ташаббусларини баён этди.
“Уч авлод учрашуви” ўтмиш тажрибаси, бугунги тараққиёт ва келажак мақсадларини бирлаштирувчи мустаҳкам маънавий кўприк бўлди. Тадбир ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, юрт равнақига дахлдорлик ва масъулият, катта авлод вакилларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги манзили Сирдарё туманидаги ҳарбий қисм бўлди. Бу ерда ҳаётнинг паст-баландини кўрган нуронийлар ҳамда Ватан ҳимоясини шарафли бурч деб билган навқирон ҳарбий хизматчилар ўртасида самимий мулоқот ташкил этилди.
“Мустақил Ўзбекистоним — ғурурим, фахрим!” шиори остида ўтган учрашув шунчаки расмий тадбир эмас, балки қалбларни яқинлаштирган очиқ мулоқот ва ватанпарварликнинг жонли дарсига айланди.
Сўзга чиққанлар Ватанни севиш фақат шиор эмас, балки кундалик ҳаётдаги интизом, юрт тақдирига масъулият ҳамда она заминнинг ҳар бир қаричини кўз қорачиғидек асрашда намоён бўлишини таъкидладилар.
Нуронийлар бугунги тинчлик ва мустақилликнинг қадр-қиммати ҳақида ҳаётий мисоллар асосида сўз юритди. Шунингдек, ҳарбий хизматнинг кечаги ва бугунги шароитлари, миллий армиямиз қудрати, ҳарбий хизматчилар учун яратилган имкониятлар хусусида фикр алмашилди.
Мустақиллик фақат тарихий воқелик эмас, балки ҳар куни қадрланиши, асраб-авайлатиши ва келгуси авлодларга безавол етказилиши лозим бўлган энг олий неъмат экани қайд этилди. Мулоқот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Тадбирлар дастури Гулистон туманидаги маҳбусларни вақтинча сақлаш муассасасида давом этди. Бу ерда “Мустақиллик — эркин ва фаровон ҳаёт кафолати” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил қилинди.
Мулоқотда “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппарати ходимлари, партиянинг вилоят Кенгаши ва депутатлик корпуси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Учрашувда юртимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, озодлик ва тинчликнинг бебаҳо неъмат экани, Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор аҳамият касб этаётгани ҳақида сўз юритилди.
Инсоннинг адашиши унинг ҳаёти тугади, дегани эмас. Хатоларни англаш ва тузатиш, ҳаётни янгидан бошлаш ҳамда жамиятнинг муносиб ва фаол аъзосига айланиш учун ҳар бир инсонда имконият мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Иккинчи имкон” лойиҳасининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёшларни ижтимоий ҳаётга самарали мослаштириш, уларнинг замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллашига кўмаклашишга қаратилган ўқув курслари ҳақида маълумот берилди.
Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов мазкур лойиҳа фуқароларга янги ҳаёт бошлаш имкониятини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамиятда ижтимоий адолат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Иштирокчилар лойиҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, масъуллардан атрофлича тушунтиришлар олдилар. Шунингдек, партия вакиллари ҳамда депутатлар томонидан қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир доирасида муассасадаги шароитлар, хусусан, шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш, меҳнат фаолияти ва тадбиркорликка тайёрлаш учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилди.
