Бугун давлатимиз раҳбарига соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот қилинди. Илгари сурилган таклифлар аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Партиямиз соғлиқни сақлаш соҳасини инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоя тизимининг таянч устунларидан бири деб ҳисоблайди. Соҳа ходимлари электоратимизнинг салмоқли ва энг фаол қисмини ташкил этади. Шу боис, соҳадаги ҳар бир ислоҳот ва ҳуқуқий кафолат биз учун алоҳида қимматга эга.
Сўнгги ўн йилликда юртимизда хусусий клиникалар сони 3,2 мингдан 8,7 мингтага, тиббиёт йўналишлари 39 тадан 116 тага, койка ўринлари 16 мингдан 57 мингтага етди. Хусусий секторнинг умумий койка фондидаги улуши 12 фоиздан 31 фоизгача ошиши прогноз қилинаётгани фуқароларимизнинг танлов имкониятлари кенгайишидан далолат беради.
Ҳар бир янги клиника — ўнлаб шифокор, ҳамшира ва ёрдамчи ходим учун иш ўрни, замонавий ускуналар билан ишлаш ҳамда халқаро тажрибани ўзлаштириш имкониятидир.
Шу билан бирга, хусусий тиббиётнинг ўсиши бемор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиббий ёрдам сифатини таъминлаш масъулияти билан уйғун бориши шарт. Тиббий фаолиятни лицензиялашга оид ваколатларнинг Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказига ўтказилиши соҳадаги тарқоқликка барҳам бериб, аҳолига хавфсиз ва сифатли тиббий хизматни таъминлайди. Жорий йилнинг 1 июлидан 48 турдаги лицензия талабларидан 14 таси қайта кўриб чиқилиши ҳам тизимда жиддий ислоҳотлар олиб борилаётганидан далолат беради.
Энди хатога йўл қўйган кўп тармоқли клиникалар фаолиятини тўлиқ тўхтатиш амалиётидан воз кечилиб, фақат қоидабузарлик аниқланган йўналиш бўйича чеклов қўлланиш амалияти жорий этилиши ҳам бир йўналишдаги камчилик туфайли юзлаб бемор ва ўнлаб шифокорларнинг ортиқча овора бўлишини олдини олади.
Электрон ахборот тизимида масофавий баҳолаш орқали назорат йўлга қўйилиши эса инсон омили билан боғлиқ нохолисликка ўрин қолдирмай, шаффоф ва объектив сифат назоратини шакллантиради.
Нодавлат тиббиёт ташкилотларига бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилиши давлат ва хусусий секторни тенг ҳуқуқли иштирокчисига айлантиради.
Аккредитациядан ўтган хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти учун имконият тақдим этилиши юқори технологияли тиббий ёрдамни сезиларли оширади. 2028 йилдан Суғурта жамғармасининг фақат аккредитациядан ўтган муассасалардан хизмат харид қилиши қатъий сифат стандартини жорий этишнинг самарали механизми бўлади.
Давлат тиббиёт муассасаларининг 2030 йил якунигача босқичма-босқич мажбурий лицензияланиши — 55 та республика муассасаси 2027 йил 1 апрелгача, 413 та ҳудудий муассаса 2028 йил якунига қадар, 3 мингдан ортиқ туман даражасидаги муассасалар 2030 йилгача — давлат сектори учун ҳам ягона сифат стандартини таъминлайди.
Олис ҳудудларда янги клиникалар очиш учун 200 миллион АҚШ долларлик имтиёзли кредит ресурси ажратилиши, ҳар бир лойиҳа учун 10 йилгача муддатга 10 миллион АҚШ долларгача кредит бериш ҳамда асосий ставканинг 50 фоизи учун компенсация механизмидир. Бу ислоҳотлар чекка ҳудудларда яшайдиган фуқароларга ҳам пойтахтдаги каби сифатли тиббий ёрдам олиш имконини яратади.
Хорижий мутахассисларга ижтимоий солиқни 1 фоиз этиб белгилаш ва тиббий ускуна ҳамда бутловчи қисмларга божхона имтиёзлари тақдим этилиши етакчи халқаро тиббий мутахассисларни мамлакатимизга жалб қилиш ҳамда маҳаллий шифокорларнинг тажриба алмашиши учун имкониятдир.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш, «Health Invest» акциядорлик жамиятини тузиш ҳамда «ягона дарча» тамойили асосида инвесторларга консалтинг хизматлари кўрсатиш — соҳага сармоя оқимини жадаллаштиришга хизмат қилади. Соҳага инвесторларни жалб этишнинг стратегик аҳамияти, биринчи навбатда, мамлакат тиббиётига ривожланган давлатлар тажрибаси, замонавий технологиялар ва халқаро сифат стандартлари кириб келишини таъминлайди ҳамда мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг мавқеи ва мақомини янада оширишга хизмат қилади.
Партиямиз ушбу ўзгаришларнинг амалий натижаларини жамоатчилик билан биргаликда мониторинг қилиш, тиббиёт ходимлари ва фуқароларнинг тиббий хизматлар сифатига оид мурожаатларини ўрганиш орқали жараёнга фаол ҳисса қўшишда давом этади. Зеро, ҳар бир инсон — яшаш жойи ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар — замонавий, хавфсиз ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқни рўёбга чиқариш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
