Давлатимиз раҳбари судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишга оид тақдимот билан танишди. Унда илгари сурилган таклифлар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги мазмун ва янги босқичга кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Эътиборли жиҳати, мазкур тақдимотдан сўнг Президентимиз томонидан “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланиши ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлади. Бу ҳужжат суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, уларни баҳолаш ва бартараф этишни алоҳида тадбир эмас, балки доимий ишлайдиган институционал тизимга айлантиришга хизмат қилади.
Зотан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, одил судловнинг очиқлиги ва қонунийликка қатъий риоя этилиши ҳар қандай демократик жамиятнинг таянч устунларидир. Шу маънода, судлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва хизмат интизомини кучайтиришга қаратилган ташаббуслар адолатли давлат ва жамият қуриш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Фармонда судларга жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш, суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантириш асосий мақсадлардан бири сифатида белгилангани алоҳида эътиборга молик. Бу, аввало, суд тизимида ҳалоллик стандартини кучайтириш, очиқлик ва ҳисобдорликни амалиётга чуқур сингдириш, ҳар бир фуқарода “суд — адолат маскани” деган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бугун фуқаро суд идорасига мурожаат қилганда, аввало, қонун устуворлигига, холисликка ва инсон қадри ҳимоя қилинишига ишониши керак. Бу ишонч фақат судьянинг билими ёки тажрибаси билан эмас, балки бутун суд аппаратининг ҳалол, масъулиятли ва шаффоф фаолияти билан таъминланади.
Шу боис, қарийб 4,8 минг нафар суд аппарати ходими фаолиятида комплаенс назоратини жорий этиш, уларнинг касбий ва ахлоқий масъулиятини оширишга қаратилган ёндашув алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, одил судлов сифати суд залида қабул қилинадиган қарордан анча олдин — ҳужжат айланиши, мурожаатларни қабул қилиш, ишларни рўйхатдан ўтказиш, ахборот алмашинуви ва фуқаролар билан мулоқот маданиятидан бошланади.
Олий суд таркибида тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунувчи Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш таклифи суд тизимида профилактик назоратни институционал даражага олиб чиқади. Фармонда Олий суд аппаратида Комплаенс назорат хизмати ташкил этилиши, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Ҳарбий судларда комплаенс назорати бўйича инспектор лавозимлари жорий этилиши белгилангани бу механизмнинг фақат марказда эмас, ҳудудларда ҳам тизимли ишлашини таъминлайди.
Энг муҳими, бу хизматнинг вазифаси фақат қоидабузарликни аниқлаш билан чекланмаслиги, балки коррупцияга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, хавфли жараёнларни таҳлил қилиш, қонунчилик ва касб одоби талабларига риоя этилишини доимий мониторинг қилишдан иборат бўлиши лозим. Демак, у жазоловчи эмас, олдини олувчи ва тизимни соғломлаштирувчи механизм сифатида қаралиши керак.
Фармонда Комплаенс назорат хизматига суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, касб этикасига риоя этилишини мониторинг қилиш, ишга қабул жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш, номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш, манфаатлар тўқнашуви ҳамда даромад ва мол-мулк декларацияси тизимларини юритиш каби вазифалар юклатилган. Бу эса профилактика, кадрлар сиёсати, ахлоқий назорат ва рақамли таҳлилни ягона тизимда бирлаштиради.
Суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини такомиллаштириш, юқори хавфли лавозимлар рўйхатини белгилаш, хавф даражаси юқори жараёнларни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш каби чоралар назарда тутилаётгани айниқса аҳамиятли. Чунки адолатли судловнинг энг муҳим кафолатларидан бири — ишларни тақсимлашда шаффофлик, тасодифийлик ва ташқи таъсирлардан холи механизмнинг мавжудлигидир.
Бу орқали ишларни тақсимлаш жараёнида субъектив ёндашувларга, ташқи таъсирларга ёки нохолис аралашувларга ҳуқуқий ва технологик тўсиқ қўйилади.
Рақамлаштириш бу борада коррупцияга қарши курашнинг самарали воситасига айланади. Бироқ ҳар қандай электрон тизимнинг самараси унинг очиқ мезонлар, аниқ масъуллар ва доимий аудит билан таъминланишига боғлиқ. Шу сабабли автоматлаштирилган дастурлар жамоатчилик ишончига хизмат қиладиган даражада тушунарли ва ҳисобдор бўлиши зарур.
Манфаатлар тўқнашуви, даромад ҳамда мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини ишга тушириш эса судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Айниқса, судьялар ва суд аппарати ходимлари бўйича бундай маълумотларни автоматлаштирилган тарзда тақдим этиш, текшириш ва таҳлил қилиш тизимининг жорий этилиши коррупциявий хавфларни инсон омилига боғлиқ бўлмаган ҳолда аниқлаш имконини кенгайтиради.
Социал-демократик қадриятлар нуқтаи назаридан биз учун айниқса қимматли жиҳат — коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини яратиш масаласига алоҳида урғу берилганидир. Ҳалол фуқарони ҳимоя қилиш, жамоатчилик назоратига кенг йўл очиш — очиқ ва демократик жамият қурилишининг асосий шартларидан биридир.
Фармонда халқаро стандартлар асосида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш тизими ҳамда фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш назарда тутилгани ушбу йўналишдаги ишларга амалий мазмун беради. Айниқса, хабар берувчи шахснинг хавфсизлиги, мурожаатнинг махфийлиги ва натижаси бўйича жавобгарлик аниқ белгиланса, бу тизим қоғозда эмас, амалда ишлайди.
Суд аппаратига ишга қабул қилиш тизимини очиқ танлов, шаффоф тартиб-таомиллар ва меритократия тамойиллари асосида янгилаш ҳам ислоҳотларнинг узвий қисмидир. Суд тизимига келаётган ҳар бир ходимнинг касбий билими билан бирга маънавий-ахлоқий барқарорлиги, ҳалоллик мезонларига содиқлиги ҳам баҳоланиши зарур.
Фармонда суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишда очиқ танлов, шахсий ва касбий фазилатларни ҳаққоний баҳолаш, маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини инобатга олиш, шунингдек, “vacancy.sud.uz” портали ва “SudHR” электрон платформасини ишга тушириш вазифалари белгилангани кадрлар сиёсатида замонавий, рақамли ва адолатли ёндашувни таъминлайди. Бу меритократия тамойилини амалда қарор топтириш, тасодифий ёки манфаатдорлик асосида кадр танлаш амалиётининг олдини олишда муҳим восита бўлади.
Шу билан бирга, суд аппарати лавозимларига қабул қилишда коррупцияга оид жиноят содир этган, ножўя хатти-ҳаракатлар сабабли лавозимдан озод этилган шахсларга нисбатан чекловлар белгиланиши, тадбиркорлик, манфаатлар тўқнашуви ва хорижда мол-мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ чекловлар назарда тутилиши суд тизими ходими мақомига нисбатан масъулият ва талабни оширади.
Тақдимотдаги ихтисослашган хизмат кийими бўйича таклиф ҳам, аввало, ташқи рамз эмас, балки хизмат интизоми, масъулият ва институционал маданиятни кучайтириш воситаси сифатида баҳоланиши лозим. Чунки суд аппарати ходими нафақат ҳужжат юритувчи ёки ташкилий вазифани бажарувчи шахс, балки фуқаронинг суд тизими ҳақидаги дастлабки тасаввурини шакллантирувчи давлат хизматчисидир.
Фармонда судьялар корпусида коррупцияга муросасизликни шакллантириш, Одил судлов академиясида “реал кейслар”га асосланган ўқув-амалий модулларни жорий этиш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини ошириш вазифалари белгилангани ҳам муҳим. Бу ёндашув коррупцияга қарши курашни фақат назорат ёки жазо билан эмас, балки билим, кўникма, касбий иммунитет ва ҳуқуқий маданият орқали мустаҳкамлашга қаратилган.
Айниқса, Одил судлов академиясини ISO 37001 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказиш чоралари белгилангани суд тизимидаги ислоҳотларни халқаро мезонлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади. Бу эса суд соҳасидаги коррупцияга қарши сиёсатни миллий даражадагина эмас, халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини беради.
Судларда комплаенс назоратини кучайтириш ташаббуси айнан шу мақсадга хизмат қилади. У фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширади, давлат органларида ҳалоллик стандартини мустаҳкамлайди ва жамиятда “қонун барча учун баробар” деган тамойилнинг амалий ифодасини таъминлайди.
Эндиликда асосий вазифа — мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирларни пухта ҳуқуқий механизмлар, малакали кадрлар, очиқ ҳисобдорлик, рақамли мониторинг ва жамоатчилик назорати билан мустаҳкамлашдан иборат. Айниқса, комплаенс хизмати фаолиятида холислик, мустақил таҳлил ва натижадорлик бош мезон бўлиши зарур.
Биз ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларнинг самарали амалга оширилиши мамлакатимизда адолатли, очиқ ва коррупциядан холи суд тизимини шакллантиришга хизмат қилишига ишонамиз. Президент Фармони билан белгиланган вазифалар эса бу борадаги ислоҳотларни изчил, тизимли ва амалий натижага йўналтирилган босқичга олиб чиқади.
