Давлатимиз раҳбарининг онкологик ва гематологик тиббий ёрдам, паллиатив ҳамда хоспис хизматларини такомиллаштириш, шунингдек, давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишуви мамлакатимизда инсон қадри, ҳаёт дахлсизлиги ва ижтимоий адолат тамойиллари давлат сиёсатининг устувор мақсади эканини яна бир бор тасдиқлади.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, онкологик, гематологик ва онкогематологик касалликлар нафақат тиббий, балки чуқур ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Бундай хасталикка чалинган инсон фақат даволаниш эмас, руҳий мададга, оилавий қўллаб-қувватлашга, малакали маслаҳатга ва давлатнинг тизимли ғамхўрлигига ҳам муҳтож бўлади.
Шу маънода, тақдимотда белгиланган чора-тадбирлар фақат касалликка қарши курашга эмас, балки инсон қадрини, унинг ҳаёти ва саломатлигини олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилгани билан ғоят муҳимдир. Зеро, ижтимоий адолат ғоясининг замирида инсонни энг оғир синов дамларида ёлғиз қолдирмаслик, унинг қадрини ҳимоя қилиш мақсади туради.
Маълумки, янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинган. Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар айни шу конституциявий норманинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
Партиямиз учун тиббиётда тенгликни таъминлаш, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, оғир касалликка чалинган беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор дастурий йўналишлардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар қамровини камида 60 фоизга етказиш, саратонга чалинган беморларнинг беш йиллик умр давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш юзасидан белгиланган мақсадлар тизимли ва натижадор ёндашув намунасидир.
Айниқса, 2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган саратонга қарши курашиш бўйича Миллий дастурнинг ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши соҳага илмий асосланган, халқаро стандартларга мос ва ягона ёндашувни олиб киради.
Дастурнинг муҳим жиҳатларидан яна бири – бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг онкологик ҳушёрлигини оширишдир. Чунки, саратонга қарши курашдаги муваффақият, аввало, хасталикни эрта аниқлашга боғлиқ.
Шу билан бирга, мультидисциплинар жамоавий ёндашувнинг жорий этилиши беморга тўғри ташхис қўйиш, мақбул даволаш тактикасини белгилаш ва вақтни тежаш имконини беради. Онколог, гематолог, хирург, радиолог, психолог ва бошқа мутахассисларнинг биргаликда қарор қабул қилиши тиббиётда сифат ва масъулиятни янги босқичга олиб чиқади.
Нур терапияси хизматини модернизация қилиш, эскирган кобальт қурилмаларини замонавий чизиқли тезлаткичларга алмаштириш, юқори дозали брахитерапия имкониятларини кенгайтириш ҳам фуқароларнинг замонавий даволаш технологияларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади. Бундай имкониятларнинг пойтахт билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларда ҳам босқичма-босқич кенгайиб бориши ижтимоий адолат тантанасининг амалий ифодасидир.
Тақдимотда паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани ниҳоятда муҳим. Даволаб бўлмайдиган оғир касалликка чалинган инсоннинг оғриғини камайтириш, унга муносиб парвариш кўрсатиш, оиласига психологик ва ижтимоий кўмак бериш – жамиятнинг маънавий етуклигини кўрсатадиган мезон ҳисобланади.
2030 йилга қадар беморларга ёрдам қамровини камида 80 фоизга етказиш режаси эса соҳадаги улкан гуманистик қадамдир.
2026 йил 1 сентябрдан паллиатив ва хоспис ёрдамининг ягона тизимини тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ташкил этиш, мобил паллиатив бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, беморларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш фуқароларимизга яқин, қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиш механизмини яратади.
Айниқса, уй шароитида парваришга муҳтож беморларни ваучер тизими асосида функционал кроват ва махсус матраслар билан таъминлаш, оила аъзолари учун «Оилани қўллаб-қувватлаш» хизматини йўлга қўйиш муҳим ҳаётий ташаббусдир.
Гематологик ва онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш улушини 60 фоизга етказиш, трансплантациягача бўлган муддатни олти ойдан уч ойга қисқартириш, ҳудудларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётларини жорий этиш эса оғир хасталикка чалинган беморлар, айниқса, болалар ва ёшлар учун ҳаётбахш имконият ҳисобланади.
Шу ўринда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ҳам ижтимоий ёндашув сифатида баҳоланиши лозим. Камида 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг контракт тўловини қисман қоплаш, ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўлашга кўмаклашиш шифокор ва ҳамшираларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
«Адолат» социал-демократик партияси мазкур ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Зеро, кучли ижтимоий давлат – аввало, касаллик, муҳтожлик ва оғир ҳаётий синов қаршисида инсонни ёлғиз қолдирмайдиган давлатдир!
