Ҳар қандай давлатнинг энг катта бойлиги – соғлом авлод, миллатнинг бузилмас генофондидир. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини гиёҳвандлик балосидан ҳимоя қилиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан кўриб чиқилган масалалар – бу нафақат ҳуқуқий ислоҳот, балки миллатимиз келажагини асраш йўлидаги стратегик қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» номли янги бобнинг киритилиши алоҳида эътиборга молик. Бу – қонунчилигимизда тамомила янгича ёндашув. Эндиликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи шунчаки тартибга қарши қилмиш эмас, балки бутун бир миллатнинг соғлиғи ва келажагига қаратилган таҳдид сифатида баҳоланади. Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотиклар муомаласига раҳнамолик қилиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши, ўндан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чораларининг оғирлаштирилиши – жиноятчиликнинг замонавий кўринишларига мутаносиб жавобдир.
Бугунги нарковазиятнинг ўзгариши барчамизни ҳушёрликка чорлайди. Анъанавий гиёҳвандлик воситалари ўрнини синтетик наркотиклар эгаллаб, уларнинг тарқатилиши интернет орқали контактсиз шаклда амалга оширилаётгани – хавфнинг айнан ёшларимиз кўпроқ вақтини ўтказаётган рақамли маконга кўчганидан далолат беради. Шу маънода, «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та устувор йўналиши белгиланаётгани, хусусан, аҳолида, аввало, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни шакллантириш вазифаси қўйилаётгани чуқур ижтимоий аҳамиятга эга. Халқ тили билан айтганда, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш минг карра афзалдир.
Лойиҳада 14 та давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши, қонуний муомаладаги моддалар олиб кирилишидан реализациясигача бўлган жараёнларнинг узлуксиз электрон назоратга олиниши ҳам муҳим янгилик. Бу – идоралараро масъулиятнинг аниқ тақсимланиши ва рақамли шаффофлик тамойилининг амалдаги ифодасидир. «Адолат» СДП айнан шундай ёндашувни – ҳар бир идора ўз масъулиятини аниқ билиши ва жараёнлар жамоатчилик назоратига очиқ бўлишини изчил ёқлаб келади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳам айни шу масаланинг мантиқий давомидир. Айрим ота-оналар томонидан вояга етмаган фарзандларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани оқибатида йўлларда ёш умрлар хазон бўлаётгани – масъулиятсизликнинг аччиқ мевасидир. Инсон ҳаёти ҳар қандай қулайлик ва эркинликдан устун туради. Шу боис жавобгарликни кучайтириш – чеклов эмас, аксинча, ҳаётни асраш чорасидир.
Ижтимоий адолат тамойили, аввало, ҳар бир инсоннинг соғлом ва хавфсиз яшаш ҳуқуқини кафолатлашдан бошланади. Партиямиз ушбу қонунлар ижросида фаол иштирок этади: парламентдаги депутатларимиз қонунчилик ташаббусларини изчил илгари суради, ҳудудий кенгашларимиз маҳаллаларда, таълим муассасаларида ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва профилактика ишларини кучайтиради, хотин-қизлар билан ишлашда «гиёҳвандликка қарши иммунитет» ғоясини амалий лойиҳалар орқали ҳаётга татбиқ этади.
Сўзимизнинг амалий исботи сифатида партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатлари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ҳамда ҳудудлардаги мулоқотлар давомида кўтарилган муаммолар асосида ишлаб чиқилган қонунчилик ташаббусини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хусусан, «Йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси партия фракцияси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилди.
Мазкур лойиҳада маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг такроран маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини уч йилдан беш йилгача узайтириш, мастлик ёки гиёҳвандлик моддалари таъсирида инсон ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасини содир этганлик учун етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини белгилаш назарда тутилмоқда.
Илғор хорижий тажриба ҳамда 1968 йилги Вена конвенцияси талабларига уйғун ушбу ташаббус йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини кучайтириш билан бирга, энг олий қадрият — инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашга хизмат қилади.
«Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегияси доирасида олиб бораётган ишларимиз ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади: бўш вақтини мазмунли ўтказадиган, спорт ва билим билан банд бўлган ёшгина ҳар қандай иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлади.
Шубҳасиз, давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган ушбу чора-тадбирлар жамиятимизни гиёҳвандлик хатаридан ҳимоя қилиш, йўлларимизда инсон ҳаёти дахлсизлигини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлади.
