Инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши. Айнан шу тамойил доирасида мамлакатимизда қон донорлиги фаолияти давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хўш, бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган фуқаролар учун қонунчилигимизда қандай ҳуқуқ, кафолат ва имтиёзлар белгиланган?
Донорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги 2002 йил 30 августдаги 402-II-сонли Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сонли қарори ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳаёти, унинг соғлиғи ва саломатлигини муҳофаза қилиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, донорликни қўллаб-қувватлаш — айнан ушбу конституциявий тамойилларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
Амалдаги қонунчилик донорларга бир қатор ҳуқуқ ва ижтимоий кафолатларни кафолатлайди.
Жумладан, Қонуннинг 17-моддасига кўра, донор қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш жараёнида соғлиғи тиббиёт ходимлари томонидан муҳофаза қилиниши, агар соғлиғига зарар етса, у қопланиши, шунингдек, бепул овқат билан таъминланиш ҳуқуқига эга.
Қонуннинг 20-моддасида донорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кафолатлари назарда тутилган. Унга мувофиқ, қон топширадиган ва тиббий кўрикдан ўтадиган кунларда донорлар ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда иш фаолиятидан озод этилади.
Таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари — машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса хизмат вазифаларининг айрим турларидан (наряд ва хизматни ўташнинг бошқа шаклларидан) озод қилинади.
Қонунчиликда донорларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш механизмлари ҳам аниқ белгиланган. Қонуннинг 21-моддасига асосан, қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам ҳамда беғараз топшириб келаётган фуқаролар «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Бундан ташқари, ушбу кўкрак нишони соҳиблари қуйидаги қўшимча имтиёзлардан фойдаланади:
— ҳар йилги меҳнат таътилини ўзи учун қулай вақтда олиш;
— шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
— санаторий-курорт муассасаларига йўлланмаларни навбатсиз олиш.
Мазкур имтиёз ва преференциялар донорлик фаолиятининг ижтимоий аҳамиятини эътироф этиш, фуқароларни беғараз хайрия ишларига кенг жалб этиш ҳамда мамлакатда қон донорлиги маданиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Зеро, донорлик — бу фақат тиббий эҳтиёжни қондириш воситаси эмас, балки юксак инсонпарварлик ва фуқаролик масъулиятининг ёрқин намунасидир.
Биргина ташаббус билан бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин — бу эса ҳар қандай мукофотдан-да юксакроқ қадриятдир.
Айни шу маънода, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан 10 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акциялари аҳолида меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга, айниқса, ёш авлодни эзгу қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мирзарахматов Мирсултон,
“Ёш адолатчилар” ҳаракати республика Кенгаши фаоли,
Миллатлараро муносабатлар қўмитасининг Стратегик режалаштириш ва ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси,
3-даражали юрист.
