Водий дурдонаси, Янги Ўзбекистоннинг жадал ислоҳотлар ва салмоқли ютуқлари кўзгусига айланаётган Фарғона бугун янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг бу заминга ташрифи меҳнаткаш ва забардаст фарғоналиклар оламшумул марраларга қандай эришаётганини, юракларида қандай юксак орзулар билан яшаётганини яна бир бор ёрқин намоён этди.
Хусусан, сўнгги ўн йилликда Фарғона вилояти иқтисодиётига жами 8 миллиард 200 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб этилиб, 8 мингта замонавий ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Бу рақамлар ортида минглаб янги иш ўринлари ва миллионлаб инсонларнинг тақдири мужассам. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 триллион сўмлик улкан ресурс йўналтирилгани, тижорат майдонларининг 10 миллион квадрат метрга кенгайгани ҳудудда бизнес муҳити нечоғлик ривожланганидан далолат беради.
Кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони икки баробарга ортиб, 13,5 мингтага етгани вилоятни ҳақли равишда «тадбиркорлар юрти»га айлантирди. Бунинг натижасида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар соҳаси эса 3 баробарга ўсди. 2026 йил учун белгиланган мақсадлар янада салмоқли: иқтисодиётни 9,1 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этиш ва экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.
Президентимиз таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг бош мезони — инсон қадрини улуғлашдир. Фарғонада сўнгги тўрт йилда ишсизлик даражаси 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик кўрсаткичи эса 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушгани ижтимоий сиёсатнинг юксак самарасидир. Урбанизация жараёнлари ҳам янги босқичга кўтарилди: Марғилоннинг Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли замонавий кўп қаватли уйлар қад ростлади. «Наврўз» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивига эса жорий йили 6,5 минг оила кўчиб киради.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилган узоқ йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда 74 минг ўринли мактаблар ва 145 минг ўринли боғчалар барпо этилди. 167 та хусусий мактабнинг ташкил этилиши ҳамда таълим сифатининг ошиши Фарғона ёшларини олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи бўйича республикада учинчи ўринга олиб чиқди.
Фарғона бугун рақамлаштириш бобида ҳам пешқадамлар сафидан ўрин олганини алоҳида таъкидлаш жоиз. «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» дастури доирасида сертификат олган ёшларнинг энг кўп улуши айнан Фарғона вилоятига тўғри келаётгани ҳам бу юксалишнинг ёрқин ифодасидир. Вилоятда IT хизматлари 4 баробарга ўсиб, уларнинг экспорти 23 миллион доллардан ошди. Фарғона шаҳрида IT-Парк университети ва Марғилонда ИНҲА университети филиалининг очилиши йилига 1 минг нафар юқори малакали мутахассис тайёрлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Ёзёвон тумани иқтисодий салоҳияти сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинганда, А-373 магистрали атрофида логистика ва сервис йўналишлари орқали иқтисодий айланмани 1 триллион сўмга ошириш мумкинлиги аниқланди. Электрон тижоратни ривожлантириш мақсадида вилоятда 100 минг квадрат метрлик йирик омборхоналар бунёд этилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида «Қува Агростар» тажрибаси асосида 50 минг гектар ерда супер интенсив боғлар барпо этиш дастури амалга оширилади. Жорий йили мева-сабзавот экспортини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Саноат зоналарининг ҳар бир гектаридан камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот олиш талаби эса ердан унумли фойдаланишни янги даражага кўтаради. Бешариқдаги «Андархон» эркин савдо зонаси ва Қўқондаги 70 миллион долларлик савдо мажмуаси келгусида минтақавий савдо марказларига айланади.
Транспорт соҳасида 324 километрлик Водий темир йўл ҳалқасининг ишга туширилиши ва чипта нархининг 15 000 сўм этиб белгиланиши аҳоли учун мислсиз қулайлик яратди. 2030 йилгача 500 километр янги темир йўл қурилиши ҳамда тезюрар поездлар сонининг кўпайтирилиши орқали Фарғона глобал транспорт оқимларининг чорраҳасига айланади. Янги ишга туширилган электропоезднинг илк сафарида Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари жамоатчилик вакиллари билан бирга Қўқондан Марғилонгача йўл олиб, бир пиёла чой устида самимий суҳбат қурганлари эса бу хайрли ишларнинг чин дилдан амалга оширилаётганидан далолат беради.
Фарғона туризм соҳасида ҳам сезиларли натижаларга эришди. 2025 йилда хорижий туристлар сонининг 500 мингдан ошгани ва туризм экспорти 185 миллион долларга етгани бунинг ёрқин исботидир. Келаси йил якунига қадар 300 миллион доллар миқдоридаги 50 та янги лойиҳа, жумладан, «Шоҳимардон – Ёрдон» курорт зонаси ҳамда «Водил» малина-агротуризм кластери ишга туширилади. Қўқондаги 64 та маданий мерос объекти бўйлаб пиёда маршрутлар яратилиши ва тарихий обидаларнинг замонавий маданият масканларига айлантирилиши қадимий шаҳарга янгича руҳ бағишлайди.
Мамлакатимиз етакчисининг ташрифи давомида водий аҳли маънавий ҳаётида юз берган муҳим воқеалар — Марғилонда «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуасининг очилиши ва Халқаро китобхонлик фестивалининг ўтказилиши бўлди. Шунингдек, Марғилонда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати марказининг ташкил этилиши миллий санъатимизни асраб-авайлаш йўлидаги улкан қадам сифатида баҳоланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши Фарғонадаги ислоҳотлар самарасини ҳар бир хонадонга етказмоқда. Маҳаллабай ишлаш тизими орқали тадбиркорликка йўналтирилаётган 140 триллион сўмлик маблағлар вилоятнинг ҳар бир гўшасида фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги ўзгаришлардан кўриниб турибдики, жонажон Фарғонамиз нафақат тарих дурдонаси, балки келажак инновациялари, шиддатли саноат ва юксак маданият уйғунлашган Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий маёғига айланиб улгурди. Водийда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, ҳар бир бунёдкорлик иши меҳнаткаш халқимизнинг бахтли ҳаёти ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончида ўз аксини топмоқда.
Манзура Салимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
