Ота-оналар диққатига!
Кўпчилик ота-оналар ўқув машғулотлари давомида деярли бир хил савол билан мурожаат қилишади: “Фарзандим репетиторга боряпти, сўз ёдлаяпти, лекин нега ҳалигача гапира олмаяпти ёки тилни тушунишга қийналяпти?” Фаолиятимдаги кузатишларим асносида айта оламанки, бунда асосий муаммо – тилнинг “қуруқ” ва табиийликдан йироқ ҳолда ўргатилишидир.
Умуман олганда, бола тил ўрганишда қийналишининг бир неча сабаблари бор. Айтайлик, фақат қоида ва луғат ёдлаш бола миясини тезда чарчатди. Ёки бўлмаса тилни фақат кўз билан (китобдан) ўқиш ҳам муаммони чуқурлаштиради, яъни унинг жонли оҳангини ҳис қилишга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, сўзларни нотўғри талаффуз қилишдан қўрқиш ҳам болада “тил тўсиғи”ни (language barrier)ни шакллантириб қўяди.
Бу муаммоларни бартараф этиш учун мен ўз дарсларимда ҳар бир бўлим (Unit) доирасида қўшиқ ва шеърлардан фойдаланишни жорий қилганман. Боиси бу метод шунчаки вақт ўтказиш эмас, балки тилни табиий ўзлаштиришнинг энг самарали йўли ҳисобланади.
Мисол учун, бола қўшиқ куйлаганда, сўзларни алоҳида эмас, балки мантиқий занжирда, мусиқий оҳанг билан талаффуз қилади. Бу эса инглиз тилига хос бўлган интонацияни ўз-ўзидан шакллантиради. Иккинчидан, мусиқа матнини кузатиб бориш орқали боланинг қулоғи чет тилидаги товушларни ажратишга мослашади. Энг муҳими, қофияли шеър ва оҳангли қўшиқ ичидаги сўзлар хотирада узоқ вақт сақланиб қолади.
Дарсликдаги ҳар бир бўлимни (Unit) қўшиқ ва шеърий матнлар билан бойитиш тизимли ёндашувни талаб этади. Бу жараён қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
– тайёргарлик босқичи – дарс режасидаги бўлим мавзусига мос келадиган, лексик жиҳатдан бой ва оҳангдор мусиқий материаллар танлаб олинади. Бундан кўзланган асосий мақсад — ўқувчиларда янги мавзуга нисбатан кучли қизиқиш ва ижобий ўқув мотивациясини уйғотишдир;
– амалий жараён босқичи – бевосита қўшиқ эшитиш давомида матндаги сўз ва ибораларни биргаликда қайтариш машқлари бажарилади. Бу жараён ўқувчиларнинг нутқий аппаратини инглиз тилининг табиий товушларига мослаштиради ва уларнинг талаффуз маҳоратини сезиларли даражада яхшилайди;
– мустаҳкамлаш босқичи –қўшиқ ёки шеър матни ичидан янги грамматик қоидалар ва конструкциялар ажратиб олинади. Бу усул назарий билимларни қуруқ ёдлашдан қочишга ва уларни реал нутқий вазиятларда (амалиётда) мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, агар фарзандингиз инглиз тилида қийналаётган бўлса, уни китоб билан “жазоламанг”. Аксинча инглиз тилидаги шеърлар ва қўшиқларга мурожаат қилинг. Унутмайликки, тил – бу мусиқа. Қачонки бола тилни эшитиб, унинг оҳангидан завқ олса, ўзлаштиришдаги қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқолади.
Миробид ТОПИЛОВ,
инглиз тили ўқуитувчиси
