Халқ билан мулоқотнинг энг мустаҳкам риштаси, аввало, мурожаатлар билан ишлашдан бошланади. Фуқаро ўзи яшаётган давлатга ва унинг масъул органларига ишонади, зарур пайтда уларга суянади. Бу ишонч кўприги эса айнан мурожаатларнинг адолатли ечими пойдеворига қурилади.
Бугун Ўзбекистон янги бир даврга — одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш давлат сиёсатининг олий мақсадига айланган паллага кирди. Муҳтарам Президентимиз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янги босқичга кўтариш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди.
Таъкидлаш жоизки, 38 миллионлик халқимиз бугун юксак мурожаат қилиш маданиятига эга ва ўз ҳуқуқларини таъминлаш тартибини яхши билади. Бу — фуқаролик жамиятининг ҳар томонлама уйғонганидан далолатдир. Охирги йилларда вазир ва ҳокимларнинг маҳаллабай ишлаш тизимига ўтгани ҳам бежиз эмас.
Бундан тўққиз йил илгари Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши замирида давлат идораларини халққа яқинлаштириш каби улуғвор мақсад мужассам эди. Ушбу тизим ўтган даврда ўз самарасини берди, бироқ бугунги тараққиёт суръати биздан янада тезкорлик, шаффофлик ва аниқ натижаларни талаб этмоқда. Энди муаммонинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқарган сабаб билан курашадиган вақт келди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Халқ қабулхоналари энди шунчаки ариза йиғувчи идора эмас, балки ҳудудлардаги тизимли муаммоларни диагностика қиладиган марказга айланади.
Бундан буён фақат аризадаги масалани ёпиш билан чекланилмайди, балки муаммонинг илдизи ўрганилиб, уни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Йиғилишда йиллар давомида тўпланиб қолган оғриқли нуқталар ва қонуний ечим кутаётган масалалар очиқ айтилди. Хусусан, алимент тўловлари борасидаги муаммолар тилга олинди. Даромади бўлмагани учун алимент тўлай олмаётган 30 фоиз мурожаат эгаларининг тақдири диққат марказида бўлди.
Эндиликда чет элда юқори даромадли ишларда ишлаш истагидаги алимент мажбурияти бор фуқаролар учун мавжуд бюрократик тўсиқлар — 5 йиллик тўловни олдиндан тўлаш ёки ёзма розилик каби талаблар қайта кўриб чиқилиб, содда ва адолатли ечимлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олишдаги сарсонгарчиликларга чек қўйилади. Адлия вазирлигига бу жараённи максимал даражада соддалаштириш вазифаси топширилди.
Ҳуқуқ-тартибот соҳаси вакилларининг мурожаатлар билан ишлаш ва муомала маданияти борасида ҳам муҳим ўзгаришлар кутилмоқда. Профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг касбий одоби алоҳида назоратга олинади. Зеро, халқ давлатдан аввало адолат ва ҳурмат кутади.
Янги тизимга кўра, мурожаатлар билан ишлашда «маҳалла еттилиги»нинг масъулияти кескин оширилади. Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилиб, унга маҳалла раиси ва ёшлар етакчиси масъул этиб белгиланади. Бу — муаммоларнинг юқори идораларга чиқмасдан, маҳалланинг ўзида ечим топишини англатади.
«Рақамли маҳалла» тизими Виртуал қабулхона билан тўлиқ интеграция қилинади.
Мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга қайтариб юборадиган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ва қонунбузарлик учун жазо кучайтирилиши алоҳида қайд этилди.
Президент Администрацияси ва Ҳукуматда тузилаётган Тезкор штаблар, шунингдек, давлат идораларининг рейтинги биз — депутатлар учун муҳим назорат воситаси бўлиб хизмат қилади. Энди қайси вазирлик ёки ҳокимлик халқ билан тиллаша олмаяпти, қайси ҳудудда ижро оқсаяпти — барчаси рақамлар ва таҳлиллар асосида шаффоф кўриниб туради.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу янги тартиб нафақат ижро ҳокимиятига, балки оддий фуқародан тортиб, халқ вакиллари бўлган депутатларгача бирдек дахлдордир.
Бугун одамларимизнинг дунёқараши ўзгариб, фақат шахсий манфаат эмас, балки маҳалладошларининг турмуш шароитини яхшилаш учун таклиф бераётгани — бизнинг энг катта ютуғимиздир. Ҳар бир фуқаро жамиятдаги камчиликларга бефарқ бўлмас экан, «муаммолар диагностикаси» тезроқ ва аниқроқ амалга ошади.
Халқ розилиги — ислоҳотларимизнинг энг олий баҳосидир. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг давлатга бўлган ишончи ётибди. Шу ишончни оқлаш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир!
Манзура САЛИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси
