Бугунги Ўзбекистоннинг демографик манзарасида ёшлар алоҳида ўрин тутади. 14–30 ёш оралиғидаги 9,5 миллионга яқин фуқаро мамлакат аҳолисининг қарийб тўртдан бирини ташкил этади. Бу — шунчаки статистик кўрсаткич эмас, балки давлатимизнинг энг қимматли стратегик ресурси, миллий тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Айнан шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелда имзолаган «Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–66-сон фармони ҳамда «Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–148-сон қарори давлат ёшлар сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий ҳужжатлардир.
Мазкур ҳужжатларнинг концептуал аҳамияти шундаки, уларда ёшлар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этилмоқда. Бу ёндашув ижтимоий адолат, тенг имкониятлар яратиш ва инсон капиталига сармоя киритиш каби устувор қадриятларнинг амалий ифодасидир.
Стратегияда белгиланган мақсадлар, аввало, ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. 2030 йилга қадар ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражасини 8 фоизгача пасайтириш, 18–30 ёшли аҳолининг ўртача ойлик расмий даромадини 2026 йилга нисбатан уч баравар ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган 600 минг нафар ёшнинг бандлигини самарали таъминлашга қаратилган ягона тизимнинг яратилиши энг муҳим институционал ечимлардан биридир.
“Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида 20 минг нафар ёшни тадбиркорликка ўргатиш, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача имтиёзли фоиз ставкаларида ссуда ажратиш ёшларни иқтисодиётнинг фақат истеъмолчиси эмас, балки фаол ишлаб чиқарувчисига айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Янги ташкил этилган фермер хўжаликларига икки йил давомида бухгалтерия хизматларининг бепул кўрсатилиши эса қишлоқ ёшларининг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун амалий шарт-шароит яратади.
“Келажак касблари” дастури орқали ҳар йили 20 минг нафар ёшни замонавий касбларга ўқитиш режалаштирилган. Ҳар бир туман ва шаҳарда касб-ҳунар устахона-лабораторияларини ташкил этиш, ташаббускорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 200 бараваригача фоизсиз ссуда ажратиш касбий таълим тизимини меҳнат бозори талабларига мослаштиришда муҳим амалий механизм бўлиб хизмат қилади. Бу қадам глобал рақамли иқтисодиёт шароитида мамлакатимиз ёшларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Хорижий тилларни ўргатиш борасида белгиланган мақсадлар ҳам эътиборга молик. 2030 йилга қадар 450 минг нафар ёшни камида В2 даражасига етказиш режалаштирилган. С1 даражасидаги сертификатга эга ёшларга тадбиркорлик хизматлари тўловларини 50 фоизга, В2 даражасидаги ёшларга эса хорижга чиқиш биометрик паспорти учун тўловни 50 фоизга камайтириш билимни аниқ иқтисодий рағбат билан боғловчи самарали ёндашувдир. Бундай амалиёт инсон капиталини рағбатлантиришнинг замонавий усули сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Нодавлат қўшимча таълим хизматлари соҳасини рағбатлантиришга қаратилган имтиёзлар тизими ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. 2026 йил 1 майдан 2031 йил 1 январгача олис ва чекка ҳудудлардаги қўшимча таълим марказлари учун ижтимоий солиқ ставкасининг 1 фоизгача камайтирилиши, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 730 бараваригача фоизсиз ссуда ажратилиши ҳудудий таълим тенгсизлигини бартараф этишга хизмат қиладиган таъсирчан чоралардан ҳисобланади.
2026 йил 1 сентябрдан жорий этиладиган ўзини ўзи тартибга солиш тизими эса бозор иштирокчиларининг бевосита иштирокини таъминлайдиган замонавий бошқарув механизми сифатида аҳамиятлидир. Кутилаётган натижа — 2030 йилга қадар нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектлар сонини икки бараварга оширишни назарда тутади. Бу хорижий тиллар, IT ва бошқа замонавий йўналишларда сифатли таълимга бўлган талабни қамраб олиш учун муҳим кафолатдир.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳам ижтимоий адолат тамойилининг амалий ифодаси, дейиш мумкин. Ҳар йили камида 10 минг ёш оиланинг уй-жой шароитини яхшилаш, 2027 йил 1 январдан ёш оилаларга ипотека кредитларини янгича тартибда ажратиш ва 2030 йилгача жами 40 минг ёш оилани имтиёзли ипотека асосида уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Бу чоралар нафақат уй-жой муаммосини ҳал этишга, балки ёш оилаларнинг узоқ муддатли ҳаётий режаларини амалга оширишига ҳам хизмат қилади.
Ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар куни” этиб белгилаш ва барча давлат органлари раҳбарлари учун ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказишнинг жорий этилиши давлат бошқаруви маданиятини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ташаббусдир. “Ёшларни эшитамиз” платформасида профессионал мулоқотлар сонини 500 тага етказиш, маҳалла даражасидаги ижтимоий лойиҳаларни 2030 йилга қадар 2 мингтага етказиш ёшларни ислоҳотларнинг шунчаки манзили эмас, балки сиёсий ва ижтимоий жараёнларнинг ҳақиқий ҳамкори сифатида тан олишга хизмат қилади.
Албатта, ҳар қандай стратегик ҳужжатнинг самараси унинг ижроси билан белгиланади. Рақамли мониторинг платформаси, “Ijro.gov.uz” тизими орқали ҳар чоракда ҳисобот бериш тартиби ҳамда KPI асосидаги баҳолаш механизми ҳар бир вазифанинг бажарилишини шаффоф кузатиш имконини беради. Шу маънода, барча даражадаги масъуллар, депутатлар, жумладан, “Адолат” социал-демократик партияси вакилларидан ҳам фаол ташаббускорлик, конструктив танқидий ёндашув ва амалий назорат талаб этилади. Парламент назоратини кучайтириш, тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ўз вақтида ишлаб чиқиш ва парламент эшитувларини самарали ташкил этиш ушбу жараённинг натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ёшларни тараққиётнинг фаол иштирокчиси, ислоҳотларнинг ташаббускори ва мамлакат келажагини белгиловчи асосий куч сифатида эътироф этган муҳим ҳужжатдир. 2030 йилга қадар Ўзбекистоннинг Глобал ёшлар ривожланиш индексида дунёнинг энг илғор 70 та мамлакати қаторидан жой олиши миллий ғурур, халқаро эътироф ва барқарор тараққиёт сари ташланган қатъий қадам бўлади.
Зеро, ёшларга билдирилган ишонч — бу нафақат келажакка ишонч, балки Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртасини юксалтиришга қаратилган энг муҳим сармоядир.
Робахон Махмудова,
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси
