Инсоният тараққиёти тарихида оила ҳамиша жамиятнинг энг муҳим ижтимоий институти сифатида эътироф этилиб келинган. У нафақат инсон тарбияси шаклланадиган муҳит, балки миллий қадриятлар, маънавий мерос ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи муқаддас маскандир. Шу боис ҳам жаҳон ҳамжамияти оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги 47/237-сонли резолюциясига мувофиқ, 1994 йилдан буён ҳар йили 15 май санаси бутун дунёда «Халқаро оила куни» сифатида нишонланиб келинмоқда. Мазкур сана оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда аҳоли эътиборини оила билан боғлиқ долзарб масалаларга қаратиш мақсадида жорий этилган.
Юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг бош йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-3808-сон қарори бу борадаги тизимли ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш ҳамда оилавий муносабатларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV бобида оила, болалар ва ёшлар институтига алоҳида эътибор қаратилган. Унда оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини сифатида эътироф этилиб, давлат уни ҳар томонлама муҳофаза қилиши белгилаб қўйилган. Бу қоида оиланинг нафақат ижтимоий, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам беқиёс аҳамият касб этишини яққол кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув бир оиладек истиқомат қилмоқда. Турли миллатларнинг маданияти, тили, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш мақсадида 157 та миллий маданий марказ ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу — мамлакатимиз кўпмиллатли катта оиласининг ёрқин кўриниши.
«Адолат» Социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан жорий этилган «Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик» республика акцияси жамиятда соғлом оила муҳитини шакллантириш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида ўзининг амалий самарасини намоён этмоқда.
Акция доирасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, маҳаллалардаги муаммоли ва низоли оилаларни аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳалла еттилиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган профилактик суҳбатлар орқали оилалардаги ижтимоий муаммоларни барвақт бартараф этиш, низоларнинг олдини олиш ҳамда тинч ва барқарор муҳитни таъминлашга эришилмоқда.
Шунингдек, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги ҳақида аҳоли ўртасида кенг тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва онгини юксалтириб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантирмоқда. Яраштирув комиссияларининг муаммоли оилалар билан яқиндан ишлаши, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиши эса жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда оила институти олдида янги ижтимоий ҳамда маънавий чақириқлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, рақамли муҳитнинг кенгайиши, виртуал мулоқотнинг ортиши ва оммавий маданият таъсири айрим ҳолатларда оилавий муносабатларга салбий таъсир ўтказмоқда. Шу нуқтаи назардан, оилада соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фарзанд тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларга таяниш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Оила — инсоннинг биринчи тарбия мактаби. Фарзанднинг дунёқараши, маънавий қиёфаси, Ватанга муҳаббати ва жамият олдидаги масъулият туйғуси аввало оила муҳитида шаклланади. Бугунги ёш авлод эса эртанги мустаҳкам оилаларнинг таянчи, миллатнинг келажак умидидир. Шу боис «Ёш адолатчилар» ҳаракати фаоллари сифатида биз — ёшлар оила қадрини улуғлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда тенгдошларимиз орасида оилавий қадриятларни мустаҳкамлашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Оила — жамият таянчи, маънавий барқарорлик ва тараққиёт омилидир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳамда давлат сиёсатида оила институтига берилган юксак эътибор инсон қадрини улуғлаш, баркамол авлодни тарбиялаш ва барқарор жамият барпо этиш йўлида муҳим ҳуқуқий ва маънавий асос бўлиб хизмат қилмоқда. «Адолат» Социал-демократик партиясининг «Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик» республика акцияси эса ушбу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида ўзига хос ўрин эгалламоқда.
Зеро, оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор, жамият барқарор бўлса — мамлакат тараққиёти бардавомдир.
Мирсултон МИРЗАРАХМАТОВ,
«Ёш адолатчилар» ҳаракати
республика Кенгаши фаоли,
Миллатлараро муносабатлар қўмитасининг
Стратегик режалаштириш ва ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси
